Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон фуқаролари учун йиллик ҳаж квотаси 24 минг, умра квотаси 100 минг нафаргача оширилади

Ўзбекистон фуқаролари учун йиллик ҳаж квотаси 24 минг, умра квотаси 100 минг нафаргача оширилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабия бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Мусулмон оламининг муқаддас зиёратгоҳларига сафарларни ташкил этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан фуқароларимизнинг Саудия Арабистонида бўлиши билан боғлиқ янада қулай ва шинам шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув аввалида ҳаж ва умра ишлари вазири давлатимиз раҳбарига Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳд, мамлакат Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Саудия делегациясининг ушбу ташрифи жорий йил август ойида Саудия Арабистонига амалга оширилган тарихий аҳамиятдаги давлат ташрифи давомида олий даражада эришилган келишувларнинг давоми экани алоҳида таъкидланди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон фуқаролари учун йиллик ҳаж квотасини икки баробар – 24 минг нафаргача, умра квотасини эса 100 минг нафаргача ошириш юзасидан келишувга эришилди.

Шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, рақамлаштириш соҳасида илғор тажрибани жорий қилиш, саудиялик туристларнинг юртимизда бўлиши учун визасиз тартиб жорий қилинганини ҳисобга олган ҳолда уларнинг Ўзбекистонга сафарларини кўпайтириш, икки мамлакат етакчи илмий-тадқиқот марказлари ўртасида шериклик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг