Ўзбекистон БМТнинг Россия борасидаги резолюциясида яна бетараф қолди
26 апрель куни БМТ Бош Ассамблеяси 122 та овоз ва 5 та қарши овоз билан БМТ ва Европа Кенгаши ўртасидаги ҳамкорликка оид резолюцияни қабул қилди.
Мазкур резолюцияга қарши овоз берган Россия ва унинг 4 та «дўст» давлатлари – Беларус, Никарагуа, Сурия ва Шимолий Корея вакиллари ҳужжатдан Украинага қарши тажовузкорликка доир эслатмани чиқариб ташлашга эриша олмади.
«122 та қўллаб-қувватлаган овоз ва 5 та қарши овоз билан БМТ ва Европа Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги резолюция қабул қилинди. Россия Федерациясининг Украинага қарши тажовуз ҳақидаги эслатмани олиб ташлашга уриниши Бош Ассамблеяда муваффақиятсизликка учради», – деб ёзади Украинанинг БМТдаги доимий вакили Сергей Кислитса ўзининг Twitter саҳифасида.
У, шунингдек, овоз бериш натижаларини кўрсатувчи таблодан суратни ҳам эълон қилган. Ундаги маълумотларга кўра, бир қатор давлатлар, жумладан, Ангола, Ботсвана, МАР, Куба, Эритрея, Эфиопия, Гондурас, Эрон, Ироқ, Қирғизистон, Маврикий, Науру, Сенегал, ЖАР, Судан, Тожикистон, Того ва Ўзбекистон бетараф қолган.
Резолюция Россиянинг иттифоқчилари сифатида қараб келинган БРИКС аъзолари – Хитой, Ҳиндистон ва Бразилия, МДҲ мамлакатларидан – Қозоғистон ва Арманистон, шунингдек, Венгрия ва Туркия ҳамда қатор араб давлатлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланган.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида қабул қилинган БМТ Бош Aссамблеясининг «Украинада кенг қамровли, адолатли ва барқарор тинчлик ўрнатиш тамойиллари» тўғрисидаги резолюциясида ҳам Ўзбекистон ўз бетарафлигини билдирган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter