Ўзбекистон билан миграция битими ижобий натижа бера бошлади — Катрина Клаас-Мюльхойзер

Германиянинг постсовет маконидаги асосий иқтисодий ҳамкори бўлиб келган Россия билан иқтисодий алоқалар кўрсаткичлари тушиб бораётган бир пайтда Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон билан ҳамкорлик кучаймоқда. Хусусан, Ўзбекистон билан тузилган миграцияга оид битим аллақачон ижобий натижалар бера бошлади.
DW хабарига кўра, бу ҳақда Берлин шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси (Ost-Ausschuss der Deutschen Wirtschaft) раиси Катрина Клаас-Мюльхойзер маълум қилган.
Россия Германиянинг ташқи савдо ҳамкорлари рўйхатида 45-ўринга тушди. Украина эса муҳим ҳамкорга айланди. 2024 йилда Украинага немис маҳсулотлари экспорти 17 фоизга ортди ва 8,2 млрд еврога етди.
«Шахсан мен учун Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ давлатлари билан ҳамкорликнинг ривожланиши ҳам ўта муҳим аҳамият касб этади», – деб таъкидлади Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси раиси.
Катрина Клаас-Мюльхойзерга кўра, Берлиннинг ушбу минтақалар билан иқтисодий ҳамкорлиги тўрт йўналишда ривожланмоқда. Биринчи йўналиш – энергетика. Қозоғистон ва Озарбайжон асосий ҳамкорлар саналади. Жумладан, Қозоғистон Германияга нефть етказиб берувчи учинчи асосий давлатдир. Иккинчи йўналиш – хомашё. Германия Ўзбекистон ва Қозоғистон билан хомашё борасида ҳамкорликка келишди. Эндиликда келишувларни амалга татбиқ этиш муҳим. Учинчи йўналиш – меҳнат миграцияси. Клаас-Мюльхойзер хонимнинг таъкидлашича, Ўзбекистон билан ўтган йил кузда имзоланган миграцияга оид битим илк ижобий натижаларни бермоқда. Германия иқтисодиётининг қурилиш, кексаларга ғамхўрлик каби йўналишларига малакали кадрлар етказиб берилмоқда. Тўртинчи йўналиш эса аграр сектордир.
Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик Германия канцлерининг юртимизга ташрифидан кейин янада жонланди.
Аввал хабар берганимиздек, 2024 йил 16 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия канцлери Олаф Шольц икки мамлакатнинг етакчи компания ва банклари вакиллари билан учрашув ўтказди.
Ташриф якунида бир қатор муҳим ҳужжатлар, жумладан, Миграция ва мобиллик соҳасида ҳар томонлама шериклик тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланди.
Самарқандда Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер ўзбекистонликларга миграция масаласида бир қатор енгилликлар берилишига ваъда қилди.
Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовнинг 2024 йил 14-15 октябрь кунлари Берлиндаги музокаралари якунида Германия турли соҳалар қатори касб-ҳунар таълими тизимини такомиллаштиришга грант маблағи ажратишга розилик берди.
Жорий йилдан Германияга бориб ишловчилар учун имкониятлар янада кенгайиши, Жамоат саломатлиги техникумлари негизида Германия тиббиёт академияси ташкил этилиши кутилмоқда.
2024 йил якунида Тошкентда бўлиб ўтган «Ўзбекистонда Германия иқтисодиёти куни» анжуманида ҳам малакали ишчи кучи ва логистика ечимларининг барқарор ривожланиши мавзулари иштирокчилар диққат марказида бўлгани маълум.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter