«Ўзбекистон 24» телеканалини танқид қилган икки журналист ишдан кетди
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Спорт» телеканали ходимлари — бош режиссёр Жамолиддин Бобожонов ва 1-тоифали муҳаррир Бобур Акмалов 22 май куни ўз аризасига кўра ишдан бўшаган, деб хабар бермоқда «Дарё».
«МТРК раҳбари Алишер Хаджаевнинг муносабати эълон қилинганидан сўнг, у ерда ҳеч қанақасига ишлашни давом эттириб бўлмасди. Муносабат эълон қилинганидан сўнг, ишдан бўшаш ҳақида қатъий қарорга келиб бўлгандим», — деди Бобур Акмалов.
Бобур Акмалов айни вақтда «Ориат Доно» радиоканалида ҳам ишларди — у радиодаги фаолиятини бундан кейин ҳам давом эттиради. Жамолиддин Бобожонов эса меҳнат фаолиятини интернет-нашрлардан бирида давом эттириши кутилмоқда. Қайд этиш жоиз, Бобожонов «Спорт» телеканалининг ташкил этилишида қатнашган тажрибали ходимлардан бири эди, — деб ёзади нашр.
Воқеа тарихи
Бобур Акмалов ва Жамолиддин Бобожонов, UzReport ва Футбол ТВ телеканаллари шарҳловчиси Хайрулло Ҳамидов билан бирга, ҳар душанба куни «Ориат Доно» радиоканалида «Футбол плюс» муаллифлик дастурини олиб борар эди. Дастурнинг 18 май сонида иштирокчилар «Ўзбекистон 24» телеканалида Сардоба фалокатининг ёритилиши ва Ўзбекистонда карантин тартиби юмшатилишининг ўзига хосликлари ҳақида қисқача фикр билдириб ўтган.
«Бизда қоғозда ва «Ўзбекистон 24» каналида ҳамма нарса зўр, лекин ҳаёт бутунлай бошқа нарсани кўрсатяпти... «Ўзбекистон 24» каналини кўриб, сардобаликлар шу сув тошганидан ҳам хурсанд экан, деб ўйлаб қолдим», — деган Жамолиддин Бобожонов. «Менда ҳам шунақа фикр туғилди», — деб Бобур Акмалов унинг фикрини маъқуллаб, уйини сув босган одамларнинг бундай хушкайфиятда кўриниши ғайритабиий эканини таъкидлаган. Айнан шу лавҳа 19—21 май кунлари ижтимоий тармоқларда кенг тарқалади.
21 май куни ушбу лавҳа юзасидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раҳбари Алишер Хаджаевнинг муносабати пайдо бўлди («Gazeta.uz»нинг ёзишича, у ўз муносабатини дастлаб Facebookдаги саҳифасида эълон қилган, сўнг ўчириб ташлаган). Хаджаев ўз чиқишида Жамолиддин Бобожонов ва Бобур Акмаловнинг таъкидларини «мутлақо асоссиз ва ноўрин танқидий фикрлар» деб атаган ва уларнинг «Спорт» телеканалида эгаллаб турган лавозимларига лойиқлигини шубҳа остига олган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter