Ўзбек тилини Қодирийдан эшитганмисиз, спортчидан эшитганмисиз?
Она тилимиз алла бўлиб қулоқларимиз орқали руҳимизга сингади, қалбимизга сизади. Биласизми, ҳеч бир чақалоқ унга айтилган алланинг сўзларини эслолмайди, аммо унинг ҳиссиёти бир умр ёдида қолади. Сиз ўзбек тилини дунё аренасида ғолиб бўлган спортчининг овозидан эшитганмисиз? Ёки Жаҳонга машҳур ёш ўзбек проффесорининг овозидан эшитганмисиз? Сиз ўзбек тилини Қодирийдан, Ғафур Ғуломдан, Усмон Носирдан, Чўлпондан эшитганмисиз?
Афсус, орамизда эшитмаганлар ёхуд эшитишни истамаганлар кам эмас. Чунки, бугун ўзбек хонадонларида болаларни рус тил мактабларида ўқитишаяпти. Бу қувонарли ҳолат аслида, чунки қанчалар кўп тил ўргансак, дунёни шунчалар теран англаймиз. Илмимиз ошади, саводимиз кучаяди. Ахир бизнинг боболаримиз Ал-Беруний, Ал-Фаробий, Ибн Сино, Ал-Хоразмийлар 70 га яқин тилни мукаммал билган. Бироқ, танганинг иккинчи тарафи ҳам бор ва бу энг оғриқли нуқтамиз. Рус тилида тили чиққан ўспиринга ўзбекча гапиринг, бошқа тилда жавоб оласиз, энг ёмони ундан русча сўзнинг ўзбекча маъносини сўранг, билмайди. У келажакда олим, балки бирор лавозимнинг эгаси бўлар, ёки раҳбар бўлиб ёрдамчиси ёзиб берган матн билан халқи олдида нутқ сўзлар, аммо ўша халқни сева олармикан? Келинг, оддий ишчи бўлиб қолди дейлик, бу унданда ёмон. Чунки олим ёки раҳбар иши юзасидан ўзбек тилини ўрганиб олар, лекин оддий ишчининг бунга эҳтиёжи кам. Рус тилида тили чиққан инсон она тили қадрини қаердан билади? Ўзи-ку билмас, фарзандларини ҳам шундай катта қилса, бу бутун бошли авлод ўз тилини тобора унитишидан дарак эмасми? Тарихда бундай ҳодисалар жуда кўп бўлган. Узоққа бормайлик. Бобом айтиб берардилар мустамлака пайти, шаҳар жойларда ўзбекча гаплашишмас, рус тилини билмаганни ишга олишмас экан. “Одамларнинг тили тугул, ўзини русдан фарқи қолмади” дейишаркан ёши улуғ оқсоқоллар. Наҳотки яна айни хатоларни қиламиз, битта фарқи бошимизда бизни ўзга тилни билишимизни шарт қилиб қўядиганлар йўқ. Аслида тилни унитаётган халқ, ўзлигини унутаётган халқдир. Бу мисли кўринмас ижтимоий фожиа ва бу фожиани яратишга бизни асло ҳаққимиз йўқ. Она тилим дея жонидан, ҳаётидан воз кечганларни унитишга, биздан кейинги авлодга ўзбекнинг ўз тилини униттиришга ҳаққимиз йўқ.
Дарвоқе яна бир шева муаммоси! Баъзи оммавий ахборот воситаларида ҳам баъзи бошловчилар томонидан шевада гапириш урф бўлди. Қонун-қоидаларга мутахассисларнинг ўзи амал қилмаяпти. Агар шу кетишда давом этсак, миллий бирлик, аҳиллик деган тушунчалар қаерга кетади? Адабий тил меъёрига тушмас эканмиз, ўртадаги тафовутларни йўқотмас эканмиз кучли миллат бўлишимиз даргумон. Ахир бизнинг она тилимиз давлат тили ҳисобланган, ўзбек адабий тили. Уни севиш, ардоқлаш саҳнада тўрт қатор шеър айтиш билан ҳам, экранда баралла халқим деб қўшиқ куйлаб, суратга олиш ишлари тугагач “Я очень устала” дейиш билан ҳам ўлчанмайди. Аввало, уни ўрганишимиз ва ўргатишимиз керак. Чунки, бу тил биз учун аждодлардан омонат. Юқорида таъкидлаганимиздек гўдакликдан бери бизга йўлдош она тилимиз, ҳаёт чироғимиз сўнаётган вақтда ҳам ёнимизда бўлади. Ҳеч замонда бир ўзбек яқинларидан рози-ризочилигини инглиз ёки рус тилида олганми! Шу боисдан ҳам тилимизни асраб-авайлашимиз ва келажак авлодга асл ҳолида етказишимиз зарур. Зеъро тил, нафақат инсон балки бутун бир миллатга ато этилган улуғ неъматдир.
Дурдона Шарафиддинова,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий
коммуникациялари университетининг
3-босқич талабаси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter