Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Озарбайжон: ҳам фожиа, ҳам қаҳрамонлик куни

Озарбайжон: ҳам фожиа, ҳам қаҳрамонлик куни

Бугун, 20 январь куни Озарбайжон халқи 33 йил аввал рўй берган фожиали ҳодисаларни ёдга олиб, мустақиллик  учун жонини фидо қилган ўғил-қизлари хотирасига ҳурмат бажо келтирмоқда, деб хабар берди мамлакат расмий ахборот агентлиги.

1990 йилнинг 20 январида Озарбайжон пойтахти Бокуга совет армияси жанговар қисмлари киритилди. Ҳарбийлар агрессияга қарши намойишга чиққан минглаб озарбайжонликларни шафқатсиз жазолаган. Тинч намойишчилар танк, пулемёт ва автоматлардан ўққа тутилган.

Маълумотларга қараганда, январь ҳодисаларида 150 нафар озарбайжонлик ҳалок бўлган, 744 нафари жароҳатланган. Қурбонлар орасида аёллар, болалар ва қариялар ҳам бўлган. 850 га яқин намойишчи ҳибсга олинган, 5 киши бедарак йўқолган. Талотўп пайти юзлаб уй ва машиналар вайрон қилинган, хусусий ва давлат мулкларига зарар етказилган.

Фожианинг эртаси куни мамлакат раҳбари Ҳайдар Алиев Москвадан айбдорларни жазолашни талаб қилган ва СССР Коммунистик партияси сафидан чиққанини эълон қилган.

«1990 йил 20 январь санаси озарбайжон халқи тарихининг энг фожиали, айни чоқда, қаҳрамонлик ва мардлик саҳифалари саналади. Ўйлайманки, биз ўша кунлардан қанча узоқлашсак, унинг озарбайжон халқи тарихидаги аҳамиятини шунча яхши англаймиз», – деган эди Ҳ.Алиев ўз даврида.

20 январь Озарбайжон мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги йўлидаги кураш куни сифатида тарихга кирган. Ўша куни жонини фидо қилган инсонлар дафн этилган масканда кейинчалик Шаҳидлар хиёбони бунёд этилган. Мазкур сана мамлакатда Умумхалқ мотам куни дея эълон қилинган. 2000 йилда Озарбайжон президенти фармони билан ҳалок бўлганларнинг барчасига «20 январь шаҳиди» фахрий унвони берилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг