Озарбайжон гуманитар юк учун Агдам - Хонкенди йўлини таклиф этмоқда
Ўтган ҳафта якунида бир қатор давлатлардан келган ОАВ вакиллари Озарбайжонда бўлишди ва Агдам – Хонкенди йўлида ташкил этилган янги назорат ўтиш пункти билан танишдилар. Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон маданият маркази ташаббуси билан ўзбекистонлик бир қатор журналистлар ҳам ушбу сафарда иштирок этдилар.
Озарбайжон томони ушбу йўл орқали Хонкендига гуманитар ва бошқа юкларни олиб ўтишни таклиф қилмоқда. Аммо Арманистон томони ушбу таклифни қатъиян рад этиб, фақат Лочин коридори орқали юкларни олиб ўтишни талаб этмоқда.
– Бу талабда ҳеч қандай мантиқ йўқ, – дея изоҳ берди журналистлар билан суҳбатда Озарбайжон Президентининг Қорабоғ иқтисодий зонасидаги махсус вакили Араз Иманов. – Аслини олганда Лочин коридори орқали ўтган йўл юк ташиш учун Агдам йўлига нисбатан ноқулай ҳисобланади. Масалан, Агдамдан Хонкендигача масофа 20 километр бўлса, Лочиндан тоғ йўллари орқали 45 километр юриш керак бўлади. Боз устига Лочин орқали ўтган юк учун биз божхона ва бошқа тўловларни олишимиз керак. Агдам орқали келганда эса юк ҳар қандай тўловдан холи бўлади.
Мутасаддилар томонидан маълум қилинишича, Лочин коридори тинч аҳоли вакиллари учун очиқ бўлиб, у ердан Арманистонга бемалол ўтиб қайтиш мумкин. Хорижлик мутахассислар Лочинда жойлашган назорат ўтиш маскани фаолияти билан танишишди ва бу ердан тинч аҳоли бемалол ўтиб қайтаётганига гувоҳ бўлишди.
– Лочин йўли тўлиқ бизнинг назоратимиз остида бўлиб турибди. Ҳозирда Арманистон томонидан эътирозлар бўлмоқдаки, ушбу йўлдан юк олиб ўтиш тақиқлангани туфайли гуманитар муаммолар юзага келаётган экан. Ваҳоланки Қорабоғ ва Арманистон ўртасидаги алоқа буткул узиб қўйилмаган, биз юк олиб ўтиш учун Агдам йўлини таклиф қилмоқдамиз. Аммо айирмачилар бу йўлдан фойдаланишни исташмаяпти, чунки уларга Лочин йўли ҳарбий юк олиб ўтиш учун керак.
Биз бунга йўл қўймаймиз. Агарда Қорабоғдаги тинч аҳолига бирор ёрдам керак бўлса, биз бажонидил кўмак кўрсатишга тайёрмиз. Масалан, озиқ-овқат ва тиббий маҳсулотлар етказиб берилади. Аммо Лочин йўли орқали ҳарбий юк олиб ўтишларига мутлақо йўл қўйилмайди, – деди Озарбайжон Республикаси Халқаро муносабатлар таҳлили маркази ҳайъати раиси Фарид Шафиев хорижлик журналистлар билан бўлган суҳбатда.
Фарид Шафиев томонидан таъкидланишича, айни вақтда Қорабоғда 10 минг нафаргача қуролланган ҳарбийлар бор бўлиб, улар минтақа тинчлиги учун катта хавф бўлиб турибди.
– Қорабоғ ҳудуди ҳарбийлашган бўлиб, уни ҳар қандай хавфдан холи масканга айлантиришимиз керак. Озарбайжон – Арманистон муносабатларида тўлиқ тинчлик ўрната олсак, бутун Кавказ учун ижобий натижага эришган бўламиз. Бу ҳолат бутун минтақанинг ривожига сабаб бўларди. Ишонаманки, тинчлик бўлса барча чегаралар албатта очилади, – деди Фарид Шафиев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter