Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Отнинг ўлими — итнинг байрами»: «Ковид йили»да соғлиқни сақлаш соҳасида 50 нафар янги миллиардер пайдо бўлди

«Отнинг ўлими — итнинг байрами»: «Ковид йили»да соғлиқни сақлаш соҳасида 50 нафар янги миллиардер пайдо бўлди

Фото: DW

Жаҳонда коронавирус пандемияси ҳукм сурган 2020 йилда соғлиқни сақлаш соҳасида 50 нафар янги миллиардер пайдо бўлгани ҳақида «Forbes» ёзмоқда.

«Вакциналар тайёрловчи ёки тиббиёт ускуналари етказиб берувчи компанияларнинг акциялари қимматлашуви бу инсонларни янада бойитди», — дейилади мақолада.

Нашр аниқлик киритишича, тилга олинган миллиардерларнинг аксариятида Хитойда — коронавирус инфекцияси биринчи бўлиб қайд этилган мамлакатда яшашади.

Стефан Бансел, Сержио Стеванато ва Угур Шаҳин (чапдан ўнгга). Фото: BERTRAND GUAY/AFP/GETTY IMAGES; STEVANATO GROUP; ANDREAS ARNOLD/GETTY IMAGES 

«Forbes» тилга олган «ковид-миллиардерлар»нинг айримлари:

Угур Шаҳин — Германиянинг «BioNTech» биотехнология компанияси бош директори. Компания АҚШнинг «Pfizer» компанияси билан ишлаб чиққан коронавирусга қарши вакцина самарадорлиги 95 фоизга баҳоланган. Немис компанияси акциялари қиймати йил бошидан бери 160 фоизга ўсди. Бунинг ортидан «BioNTech»нинг 17 фоиз акцияларига эгалик қилувчи Шаҳиннинг бойлиги 4,2 миллиард долларга етди, ёзади нашр.

Стефан Бансел — Американинг «Moderna» компанияси раҳбари. Компания ишлаб чиққан вакцинага ҳам, худди «Pfizer»ники каби, АҚШда рухсат беришди. «Forbes» Банселнинг бойлигини $4,1 млрд.га баҳолади. Март ойида у компаниядаги улушини 9 фоиздан 6 фоизга камайтирганди. «Moderna» акциялари қиймати эса йил бошига нисбатан 550 фоизга ўсди.

Юань Липин — «Shenzhen Kangtai Biological» бошқаруви раиси Ду Вэйминнинг собиқ хотини. Ажрашишганидан сўнг аёл Хитойдаги энг етакчи фармацевтика компанияларидан бирининг 24 фоиз акцияларини қўлга киритди. «AstraZeneca» вакциналарини Хитойда ишлаб чиқарувчи ягона компания ҳам шу. Йил бошидан бери «Shenzhen Kangtai Biological» акциялари қиймати ўсиши 90 фоизни ташкил этиб, Юаннинг бойлиги $4,1 млрд.га етган.

Ху Кун — тиббиёт ускуналари, хусусан, небулайзерлар, стетоскоплар ва тонометрлар ишлаб чиқарувчи «Contec Medical Systems» (Хитой) компанияси раҳбари. Август ойида у компанияни биржага олиб чиқди. Ху — «Contec Medical Systems» акцияларининг ярмига эгалик қилади. IPOдан сўнг компания акциялари қиймати қарийб 150 фоизга ўсди. Ху эса ҳозир $3,9 млрд. эгаси.

Карл Хансен — Канаданинг «AbCellera» компанияси раҳбари. Компания сунъий интеллект ва машина ўқитиш технологиялари ёрдамида, антиначалардан фойдаланган ҳолда касалликларни даволашнинг энг истиқболли йўналишларини қидириш билан шуғулланади. Нашр Хансеннинг бойлигини $2,9 млрд. дея баҳолади.

Тимоти Спрингер — «Moderna» асосчиларидан бири ($2 млрд). Унинг компаниядаги улуши 3,5 фоиз ($1,6 млрд. атрофида). Спрингер пулларини бошқа биотехнология компанияларига ҳам фаол тикиш билан шуғулланади, ёзмоқда нашр.

Сержио Стеванато — шиша флаконлар ишлаб чиқаришда дунёда иккинчи ўринда турувчи «Stevanato Group» (Италия) компанияси раҳбари. «Forbes»га кўра, 40 дан ортиқ турдаги вакциналар айнан Стеванато шишаларида қадоқланади. Сержио Стеванатонинг бойлиги $1,8 млрд.га баҳоланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг