Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўткир Ҳошимовнинг қувончи ва қайғулари: 24 май — адиб вафот этган кун

Ўткир Ҳошимовнинг қувончи ва қайғулари: 24 май — адиб вафот этган кун

«Бу уйда Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов яшаб, ижод қилган (1941 2013)» дея ёзилган ва устоз барельефи ўрнатилган уйнинг қўнғироғини босар эканман, бармоқларим билинар-билинмас титрар эди. Бу, эҳтимол, ёшлигимизда қўлма-қўл бўлиб кетган китоб­ларини талашиб, тунларни тонгларга улаб ўқиб, бизни гоҳ йиғлатиб, гоҳ қувонтирган асарлар муаллифининг хонадонида бўлиш бахтига шукроналик, ич-ичимдан устозга ҳурмат-эҳтиром, муҳаббат туфайлидир... 

Халқ маорифи аълочиси, I даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони, «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳибаси, кичик жуссали, очиқ чеҳрали, фариштамонанд, камсуқумгина Ўлмасхон ая Ҳошимова дарвозани очиб, устознинг ижодхонаси томон бошладилар.

Устознинг ижодхонаси мўъжазгина, китобларга тўла жавонлар, ёзув столи ва адибнинг сиймоси акс этган портрет... Худди ишга кетгану, қайтадиган вақти бўлиб қолгандай саранжом-саришта.

Ўлмасхон ая ён-атрофга ишора қилганча:

– Мана шу хона уларнинг асарлари туғилган ижодхоналари... Ўзлари каби оддий ва камтаргина... – дейдилар меҳр ва соғинчга тўла ҳорғинлик билан.

Мен соғинч ҳақида савол бермоқчи бўламан-у, юрагим бетламайди. 

Ая ёшлик йилларини эслар экан, чеҳраларида ажиб бир нур балқийди гўё.

– У киши олийгоҳнинг журналис­тика, мен эса филология факультетида таҳсил олганмиз. 3-курсда танишганмиз. Кўнгил яқинлиги туфайли бўлса керак, бир-биримизни яхши тушунар эдик. 1969 йилда тўйимиз бўлганида у киши «Тошкент оқшоми» газетасида ишлар, мен эса аспирантурада ўқир эдим. Мумтоз адабиётга ихлосим баландлиги боис илмий иш қилиш ниятида эдим.

Мени университетда ишга олиб қолишди. Талабаларга адабиёт назарияси ва чет эл адабиётидан сабоқ берардим. Қайнонам раҳматли жуда кексайиб қолганлари учун илмий ишимни тўхтатишга қарор қилганман.

– Янги оила... Унга кўникиб кетгунча муаммолар бўлгандир?

– Биз оддий ва камтарона ҳаёт кечирганмиз. Аммо меҳр-муҳаббатли... Адиб оддий ва зиёли оилада вояга етганлар. Боболари, отаси зиёли, ўқимишли одамлар бўлишган, савдо-сотиқ, деҳқончилик билан шуғулланишган. Уларнинг боболари «Абулқосим мадрасаси»ни қурдирган, ўша даврдаги шаҳар ва музофотнинг энг эьтиборли кишиси Абулқосим эшон бўлган. Отаси Атаулла Ҳошимов ишчи бўлиб, хийла тажанг, камгап, ҳақпараст инсон бўлганлар. Қайнонам Ҳакима ая меҳнаткаш, содда, камтар, халқ оғзаки ижодини яхши биладиган, лапарларни дўндириб айтадиган аёл эдилар. У киши шу қадар меҳрибон ва камтар эдилар-ки, бирон марта дилимни оғритмаганлар, десам ишонаверинг. Маҳалла-кўй у кишини «пошшо ойи» деб чақирса, қайнонам мени эркалаб «пошшо келин» деб чақирардилар. Улардан жуда миннатдорман. Менга кўп нарса ўргатганлар: муомала маданияти, уй юмушлари, бола тарбияси... Қайнонам, онам ва бувимлар мени оилада чидамли, сабр-қаноатли бўлишга, одамларга меҳрибон бўлишга ўргатишган.

Мен «Дўмбробод» қишлоғидаги шундай оилага келин бўлиб тушганимдан ҳалигача фахрланаман. Бу қишлоқнинг одамлари ҳам, мен келин бўлиб тушган хонадон кишилари ҳам жуда меҳрибон ва ажойиб инсонлар. Қиш­лоқ ҳақида кейинчалик адибнинг ўзлари: «Мен пойтахтнинг қоқ биқинидаги қишлоқда туғилдим... Қаламкашга қишлоқнинг қалби, шаҳарнинг ақли керак», деб ёзган эдилар.

– Устознинг ҳеч кимга ўхшамаган, ўзига хос хислатлари ҳақида гапирсангиз.

– Жуда адолатпарвар инсон эдилар. Ноҳақликни кўрсалар «ёниб» кетардилар. Бу хислатлари асарларида ҳам акс этган. Шу билан бирга, камсуқум, жуда хокисор инсон бўлганлар. Шу қадар камтар эдилар-ки, ҳеч қачон бирон бир жойда ўзини кўрсатишга ҳаракат қилмаганлар, таъмагирлик деган иллат уларга бегона эди. Оддий яшашни, оддийликни яхши кўрар эдилар. Ҳашаматли ҳаётга интилмаганлар ва дабдабани ёмон кўрардилар. Бу характер менда ҳам бор. Мен ҳам дабдабани ёқтирмайман ва зеб-зийнатга умуман қизиқмаганман. Бу бизнинг ўхшаш томонларимиз.

Шу билан бирга, у киши ўта самимий, қалби тоза, хушфеъл, шинаванда, одамохун инсон бўлганликлари учун бўлса керак, дўстлари, шогирдлари кўп эди. Ёш ижодкорларни қўллашга интилар, устозларини ҳурмат қилар, улар билан ака-укадек яқин муносабатда бўлар эдилар. Бу «Шумликлар»га кирган ҳангомаларда ҳам акс этган.

Жуда тиришқоқ ва меҳнаткаш эдилар. Ижод жараёнида ўзларини аямас, ўзларига нисбатан ўта шафқатсиз эдилар. Ижодхоналарига кириб, бир асарни ёза бошласалар, кечаю-кундуз бош кўтармай ишлар эдилар. Айниқса, асарни тугатганларидан кейин ҳар бир сатрни қайта кўриб чиқишга катта эътибор қаратар эдилар. Бирорта сўз так­рор ишлатилмаслиги керак эди.

Бир гал Абхазиянинг Пицунда шаҳрига бордик, Ёзувчилар ижодий уйи томонидан ажратилган хонага жойлашдик. Мен болаларни денгиз бўйига олиб бораман, у киши хонадан чиқмай ишга шўнғийдилар. Орадан 10 кунча вақт ўтди. Бир куни хонага қайтсак, ёзган 100 бетча нарсасини йиртиб ташлаяптилар. Қўлёзманинг бир қисмини қўлларидан базўр олиб қолдим. Қарасам, сарлавҳаси «Эртага куз». Ўқисам, бинойидек ёзилган. 

«Бўлмайди! Сиғмаяпти! Хом!» дедилар.

Орадан икки йил ўтгач, «Икки эшик ораси» ёзиб тугатилгач, нима хом ва нима сиғмаётганини англадим. «Икки эшик ораси»дек салмоқли, фалсафий, психологик роман аввалги услубга ҳам, қолип(композиция)га ҳам сиғиши мумкин эмас эди... Бу роман минглаб ўзбек хонадонларига етиб борди, деярли уч юз минг нусхада ўн марта нашр қилинди, бошқа тилларга таржима қилинди.

Адиб ҳаётда нимага-ки эришган бўлсалар, ҳаммасига ўз билими, иқтидори, меҳнати билан эришганлар. Ўз устиларида ишлашдан чарчамас эдилар. Ана шу меҳнаткашликлари билан ўзларига йўл очардилар. У кишининг Аллоҳ берган туғма истеъдодлари бор эди. Асарларида ҳам илоҳийлик бор. Ана шу нарса асарларини умрбоқий қилган бўлса керак. Негаки, қай бир асарини қайси замон ёки қайси вақтда ўқисангиз ҳам ҳозиргина ёзилгандай, бугунги воқеаларни ўз ичига олгандай бўлаверади.

– Устознинг ҳаётда ёқтирган ва ёқтирмаганлари...

– Ёлғонни, иккиюзламачиликни, лаганбардорликни ёмон кўрардилар. Бундай инсонлар билан сира муроса қила олмас эдилар.

Тўғрисўз, ҳақиқатгўй, инсонпарвар одамлар билан мулоқотда бўлишни яхши кўрардилар, суҳбатдошини жон қулоғи билан тинглардилар, унинг дарду-изтиробини, бахту-бахтсизлигини юракдан ҳис қила олардилар. Балки шунинг учун ҳам асарлари халқчилдир, шу боис китобхонлар қалбидан жой олгандир.

Адибда ички бир нур, зиё бор эди. Бу туйғу унинг бутун вужудию, чеҳрасида уфуриб турарди. Қўлларидан китоб тушмас, мутолаа жону-дили эди.

– Оилада қандай тартиб-интизомга риоя қилинарди?

– Оиламизда ота мавқеи ниҳоятда баланд тутилган. Бу менга раҳматли қайнонамдан ўтган. Улар қайнотамни жуда ҳурмат қилганлар. Фарзандларига отанг келаяптилар, десалар, болаларининг ҳаммаси жимлик ва тартиб-интизомни сақлаб, ота ҳурматини жойи­­га қўйишган. Нафақат фарзандларим, балки невараларим ҳам уларга ўхшашини орзу қиламан. Мен ҳам болаларимга: «Аданг ишлаяптилар», десам, шу сўзнинг ўзи кифоя эди. Ҳовлимиз шу қадар тинч ва сокин бўлиб қоларди-ки, ҳатто пашша учса эшитиларди. Болаларимиз ҳам жуда сезгир, одобли, интизомли бўлиб, отасини жуда яхши кўриб, ҳурмат қилганликлари учун уларнинг ижод жараёнларига халақит бермасликка ҳаракат қилишарди.

Адиб оилабоши сифатида жуда зукко эдилар. Ҳар куни бир бора хонадонимизга разм солиб, нима камчилик­лар борлигини англар ва рўзғор кам-кўстини шу куниёқ бутлаб қўйиш ҳаракатида бўлардилар.

– Оналарига, сизга муносабатлари ҳақида ҳам тўхталсангиз.

– У киши онасига ҳам, менга ҳам жуда меҳрибон эдилар. Умуман, барча аёлларнинг ҳурматини жойига қўярдилар. Адиб онасини шу қадар яхши кўриб эъзозлар эдилар-ки, буни «Дунё­нинг ишлари»ни ўқиган ҳар бир китобхон ҳис қилиши мумкин. Нашрдан чиққан ҳар бир китобини биринчи бўлиб, «Менинг биринчи устозимга!» деган дастхат билан оналарига берар эдилар. Қайнонам ҳам бундай эҳтиромга юз карра лойиқ аёл эдилар. Содда, меҳнаткаш, самимий, жонкуяр, хоксор....

Вақт ўтиб англадим-ки, меҳр меҳрни етаклаб келар экан. Қайнонам­нинг меҳри ўғилларига, менга ўтди, бизнинг меҳр-муҳаббатимиз эса зурриёдларимизга юқди. Шу боис хонадонимиз меҳр шуъласи билан чароғон. Қайнона-қайнотамга ҳавасим келади. Биласизми, нима учун? Менинг турмуш ўртоғимдай олижаноб фарзанд тарбиялаганлари учун!

– Инсон қанчалик мукаммал бўлмасин, оилада бир-бирини тушунмаслик ҳолатлари бўлиб туради, шундай эмасми?

– Тушунмовчилик бўлган ҳолатларда биз арқонни узун ташлаб қўярдик. У киши ташқарига, очиқ ҳавога чиқиб бир айланиб келардилар, мен эса ишимни жимгина қилиб юраверардим. Келиш­лари билан илгаригидай гаплашиб кетаверар эдилар. Иккаламиз ҳам гина ва кек сақламаганмиз.

– Болалар тарбиясида кўпроқ нималарга эътибор қаратар эдилар?

– «Оилани муқадас билмаганлар учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ», деб ёзган эдилар ўз битикларида адиб. Яна Фаррух ва Юлдуз ҳақида: «Менинг иккита энг қимматли «асарим» бор. Бири ўғлим, бири қизим», деб кўп бора так­рорлар эдилар. Ота сифатида ўзи фарзандларига ўрнак кўрсатиш орқали тарбия берардилар. Меҳрибон бўлиш билан бирга керак пайтида талабчан ҳам эдилар. Бироқ ҳеч қачон болаларни уришганини, ҳатто овозларини баланд кўтарганларини кўрмаганман ҳам, эшитмаганман ҳам. Болалар отасининг дилидаги фикрини нигоҳларидан билиб олишарди: қарашларининг ўзиёқ уларни тинчитарди. Улар бирон ножўя иш қилиб қўйишса, койиш, уришиш ўрнига ибратли бир эртак ёки ҳикоя айтиб берардилар. Керакли ўринларда болалар ўз хатоларини тўғри англашлари учун таъкид оҳанги кучлироқ бўларди. Шу йўсин улар нима яхши-ю, нима ёмонлигини, нима тўғри-ю нима нотўғрилигини англашга ўргатилар эди. Мабодо ўртоғи билан аразлашиб қолганини сезсалар, насиҳат қилардилар: «Яхшилаб ўйлаб кўр, қилган ишинг тўғри бўлса ўртоғингга тушунтир, нотўғри бўлса, кечирим сўра».

Фарзандларига оилапарвар, сабр-қаноатли, одамларга меҳрли бўлишни, уларнинг қалб изтиробларини ҳис қилишни, муҳтожга ёрдам қўлини чўзишни, ҳаромдан ҳазар қилишни уқтирардилар. Шунинг учун ҳам улар ўз билими, ҳаракат ва интилишлари билан ўқиш, ишлаш ва ҳалол яшашга ўрганди. Чунки ота: «...обрў қозонишнинг энг ҳалол йўли – меҳнат ва камтарлик», деган фикрларни уларнинг онгига сингдирган эди.

Бир гапни кўп такрорлардилар: «Ота учун бола жавобгар эмас. Аммо бола учун ота жавобгар. Ота болани дунёга келтиради ва тарбиялайди». Дарҳақиқат, оила тинчлиги, тотувлиги, аввало, катталарга боғлиқ. Ота ақлли, она оқила, саранжом-саришта, пазанда бўлса, оила мустаҳкам бўлади.

Неваралари ёнида бўлганда ўзлари ҳам болага айланиб қолар, болаларнинг беғубор қийқириғию, адибнинг самимий кулгилари ҳовлини тутар эди. Уларга эртак айтиб беришни қойиллатардилар: «Али болам, бали болам, эшигинг­­ни оч...», «...чори чамбар, бири анбар, оёғингни торт...», «...ўнг қўлимдан тортгина, чап қўлимдан торт...» каби ҳикояларини невараларимиз ҳалигача эслаб ўтиришади.

– Адибнинг ижод жараёнлари қандай кечар эди?

– Ижод мураккаб жараён. Бирор бир асар туғилишидан олдин адиб ўйчан бўлиб қолар, бу ҳолати ойлаб давом этиши мумкин эди. Чунки асар, аввало, мияда ёзиларди. Менимча, ёзувчи ёзилаётган воқеалар ичида яшар, қаҳрамон қисматига шерик бўлиб, қувонса қувонар, азият чекса сиқиларди. Асар ёзилиб бўлгач, турмуш ўртоғимнинг вужудидаги ҳорғинликни ҳис қилиб, юрагим эзиларди. Кўзларидаги мамнунлик эса ишидан қониқиш ҳисси эканлигини кўриб қувонардим. Шунда ижодкор қисмати жуда оғир ва машаққатли жараён эканлигини англардим. Адибнинг: «Ижод – ўта мураккаб, масъулиятли, олис ва машаққатли йўл. Ижод жараёнида қандайдир илоҳийлик бор. Ҳақиқий ижодкор Аллоҳ кўнглига солганидагина қўлига қалам олади. Чинакам бадиий асар ёзилмайди, туғилади», деган гап­ларида жон бор. Асар қанчалик равон ўқилса, билинг-ки, у минг машаққат билан ёзилган бўлади. Шунинг учун ҳам адиб китобхонлар қалбига асарлари тилининг халқчиллиги, инсонлар тақдирининг ҳаққоний тасвири орқали кириб борди ва халқ меҳрини қозонди. Адибнинг ўзи айтганидек: «Китобхон меҳрини ялиниб ҳам, зўравонлик қилиб ҳам, сотиб олиб бўлмайди».

Халқ ўзининг дардини тушунадиган, қалбига яқин бўлган ижодкорни севади. Бундай бахтга эришиш жуда мушкул. Адибга ана шундай саодат насиб этганидан бахтиёрман.

– Асарларининг биринчи ўқувчилари кимлар эди?

– Қирқ йил давомида ёзувчининг яратган асарлари қандай туғилганига гувоҳман. Адиб янги асар ёзиш пайтида хаёлчан, бироз тажанг бўлиб қолардилар. Ижодхоналарига кириб кетиб, кечаю-кундуз бутун борлиқни унутиб ёзар эдилар. Асар битмагунча ҳеч кимга кўрсатмас эдилар. Агар ёзганидан кўнгли тўлса, чеҳралари очилиб, қўлёзмани бизга берардилар. Шу тариқа фарзандлар билан бирга қўлёзмани биринчи бўлиб ўқиш бахтига мушарраф бўлардик. Асар ҳақидаги фикрларимизни оғринмай инобатга олардилар. Сўнг деярли барча асарлари Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов, Иброҳим Ғофуров, Абдуғофур Расулов, Носир Фозилов, Тўлқин Расулов каби устозлар ва дўстлари, ҳамкасбларининг назаридан ўтказиларди.

– Сиз узоқ йиллар педагог сифатида фаолият юритгансиз. Оила юмушлари, кундалик ташвишлар, бунинг устига ижодкорнинг инжиқликлари сизни чарчатмаганми?

– Инсон бир-бирини тушунса, яшаш жуда завқли бўлади. Биз бир-биримизни яхши тушунардик. Болалар уй саранжомлигига қарашар, мен оила аъзоларимнинг кийим-бошию ош-овқатини тайёрлардим. Ишқилиб, ҳаммасига улгурардик. 47 йил бўлғуси педагогларга «Жаҳон адабиёти», «Нотиқлик санъати» каби фанлардан сабоқ берганман. Бугунги кунда шогирдларимнинг ҳам сочларига оқ тушган, таълим дарғаларига айланишган. Мамлакатимизнинг барча вилоятларида шогирдларим бор. Байрамларда, яхши кунларда йўқлаб, келиб туришади. «Мени танидингизми устоз?» дейишади. Қараб туриб: «Сен Дилоромсан, сен Саидасан, сен Ҳуснорасан», дейман. Кўзларидан танийман уларни.

– Асар ёзилишидаги қувонч ва изтироблар ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

– Асарни ёзиб тугатганларида, улар нашрдан чиққанида кўзлари қувонч­­га тўлганини кўрардим. Агар асар фожиали тугаса... 

1980 йилда қайнонам оламдан ўтдилар. Бу киши жуда қаттиқ қайғуга ботдилар. Буни кўрган адабиётшунос-олимлар адибни «Сижжак»ка дам олишга олиб кетишди. Ўшанда: «Ўткирхон, сиз бу изтиробларингизни қоғозга туширинг. Сизда бунга иқтидор бор-ку», деб маслаҳат беришибди. «Дунёнинг ишлари» асарининг энг охирги боблари бўлган «Илтижо» билан «Оқ мармар, қора мармар»нинг ёзилишига шу маслаҳат туртки бўлган. Бу асарнинг барча бобларини она – Пош­­шо ойим сиймоси бирлаштириб туради, бу адиб томонидан ўз оналари билан бирга барча ўзбек оналарига қўйилган ҳайкалдир.

Ёзувчининг йиғлаганига уч марта гувоҳ бўлганман. Биринчиси, қайнонам оламдан ўтганларида, икинчиси, «Оқ мармар, қора мармар»ни ёзиб тугатганларида. Учинчиси, «Икки эшик ораси» романини ёзаётганларида. Ўшанда ижодхоналарига кирсам, кўзлари тўла ёш, йиғлаб ўтирибдилар. Менга қарадилар-да: «Мунавварни ўлдириб қўйдим», деб чиқиб кетдилар. Қарасам, қўлёзмаларига ҳам кўз ёшлари томчилабди... Ана шундай, ижодкорнинг қувончию қайғуси ҳамиша бирга юради.

«Тушда кечган умрлар»да Рустам афғон урушидан қайтиб келиб, ўзини ўлдирганида ҳам жуда қаттиқ изтироб чекканлар.

– Устознинг ушалмаган орзу-армонлари бормиди?

– Адиб шоира Нодирабегим ҳаёти ҳақида тарихий роман ёзишга киришган эдилар. Афсус, тугата олмадилар. «Аяси, шу романни ёзишга улгуролмай қолдим, ҳали қилолмаган, қилишим керак бўлган қанча ишларим бор эди», дедилар. Энди буларнинг ҳаммаси армон... 

«Дафтар ҳошиясидаги битиклар»даги ҳар бир фикр бир асар бўлишга арзийди: «Меҳр», «Умр»... Қани эди иқтидорли бир ижодкор ишини давом эттирса-ю, шу битикларни катта асарга айлантирса...

– Ҳаётдан олган сабоқларингиз...

– Мен 81 йил яшаб шуни англадимки, ҳаёт – кураш, ҳаёт – ўқимоқ, ҳаёт – бардош, ҳаёт – сабр – тоқат, ҳаёт-ирода, ҳаёт – матонат, ҳаёт – кечира олиш кучидир!

Бир муаммо пайдо бўлдими – айбни ўзингдан излашинг керак: қаерда хато қилдим, деб ўзингга савол бериб, албатта жавобини топишинг лозим.

Ҳаёт – оқар дарё, умр сув мисоли шошиб ўтиб кетади. Эзгулик, яхши ишлар қилишга улгуриб қолиш керак. Мен шунга интиламан. Китоб ўқийман, кроссворд ечиб ақлимни чархлаб, хотирамни мустаҳкамлайман.

Тонгда уйғонганингда оёқ-қўлинг­нинг бутлиги, жонинг соғлиги, оиланг­нинг тинчлиги, ейишга бир бурда нонинг борлиги – мана шу БАХТ!

Агар умримни қайта яшаш имкони туғилса, яна шу ҳаётимни танлардим. Мен ҳаётимдан розиман.

Фарзандларим Фаррух иқтисодчи, қизим Юлдуз отасининг касбини танлади – тележурналист. Фаррухда ташаббускорлик, қатъиятлилик, меҳрибонлик, Юлдузда ақл-заковатлилик, ҳақиқатпарварлик, курашчанлик, ижодкорликни кўраман. Невараларимнинг ҳар бирида бобосининг бир хислатини кўраман. Халқ севган адибнинг ҳаёти фарзандлари, неваралари ҳаётида давом этаётганлигини кўриб, Яратганга шукрона айтаман.

Мен турмуш ўртоғимдан ҳурмат кўрдим, меҳр кўрдим, бундан ортиқ яна нима керак менга! Ҳеч нима! Асл бахт ҳам шу!

2019 йили 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами тадбирига мени ҳам таклиф қилишди. Шу ерда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг бир гуруҳ илм-фан, адабиёт намояндаларининг рафиқаларини «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирлаш ҳақидаги фармони ўқиб эшиттирилди. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Тўғриси, кутмаган эдим, жуда ҳайратландим, кўзларимга ёш қалқиди. Қувонч ёшлари эди бу! Наҳотки, ёзувчининг рафиқаси бўла туриб, шундай буюк эътирофга сазовор бўлсам? Ахир асрлар давомида ҳеч бир замонда ёки маконда, ҳеч қайси мамлакатда ижодкорнинг рафиқасига бундай ҳурмат кўрсатилмаган. Бундай эҳтиром учун Юртбошимиздан бир умр миннатдорман. Кўксимга орден қадалган онлар мен учун ҳаётимнинг энг нурли, қувончли, унутилмас лаҳзалари бўлиб қолади!..

Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди.
Adolat» газетасидан)

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг