Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Осмон узилиб ерга тушмади»: Мирзиёев прописка, мажбурий меҳнат, «қора бозор» ва бошқалар ҳақида

«Осмон узилиб ерга тушмади»: Мирзиёев прописка, мажбурий меҳнат, «қора бозор» ва бошқалар ҳақида

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев илк бор матбуотга – «Янги Ўзбекистон» газетасига интервью бераркан, халқ фаровонлиги учун прописка, хорижга чиқиш стикери, мажбурий меҳнат, пахта ва ғалла каби эски тартибларга ҳам алоҳида тўхталди.

«Айни пайтда яна бир ҳақиқатни унутмаслигимиз лозим: бугунги Ўзбекистон – бу ҳали том маънодаги, биз орзу қилаётган, интилаётган Янги Ўзбекистон эмас. Ҳали бу маррага етиш учун олдимизда жуда олис ва машаққатли йўл турибди. Йўлимиз шу пайтгача осон бўлгани йўқ, бундан кейин ҳам осон бўлмайди. Лекин биз дадил олдинга боришдан, керак бўлса, кутилмаган, аммо пировард натижаси самарали ва халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ноанъанавий қарорлар қабул қилишдан чўчимаслигимиз зарур.

Мана, сўнгги пайтда кўпгина масалаларда, жумладан, “прописка”, хорижга чиқиш учун “стикер”, мажбурий меҳнат, пахта ва ғаллага давлат буюртмасини белгилаш каби эски тартиблардан мутлақо воз кечиш бўйича ғоят муҳим қарорлар қабул қилдик.

Содда қилиб, жайдари тилда айтадиган бўлсак, бу билан осмон узилиб, ерга тушгани йўқ. Аксинча, бюрократия, вазифани суиистеъмол қилиш, тамагирлик кўринишлари камайиб, жамиятимиз ҳаёти эркинлашди, одамлар енгил нафас ола бошлади. Халқимиз ҳам, дунё жамоатчилиги ҳам бу қадамларимизни ижобий баҳоламоқда.

Янги Ўзбекистон – бу, аввало, янгича иқтисодий муносабатлар, янгича иқтисодий дунёқараш демакдир. Шу боис мамлакатимиз иқтисодий тизими тўлиқ қайта қурилмоқда, қанчалик оғир бўлмасин, бозор механизмларини амалда жорий этишни бошладик.

Ҳозирги вақтда электрон карточкадаги пулларни банкоматлар орқали нақд пулга айлантириш, миллий валюта курсининг “қора бозор”да – бир хил, банкларда эса бошқача бўлиши, хорижий валюталарни сотиб олиш, фуқароликка эга бўлиш, Ўзбекистоннинг исталган ҳудудидан уй-жой ва мол-мулк сотиб олиш ҳамда уларни рўйхатга қўйиш билан боғлиқ муаммолар тарихда қолди.

Ислоҳотлар аҳолининг барча қатламлари манфаатларига ижобий таъсир кўрсатмоқда: тадбиркорлар ўз бизнесини ривожлантириш учун эркинлик ва янги-янги имкониятларга эга бўлмоқда, деҳқон ва фермерлар, кластер хўжаликлари ўзлари етиштирган ҳосилнинг ҳақиқий эгасига айланмоқда. Ҳолбуки, собиқ мустабид тузум даврида “тепа”дан буйруқ бўлмаса, бир қадам босишга ҳам ҳаққимиз йўқ эди. Аҳвол шу даражага етиб борган эдики, уйимизнинг томигача пахта экдик, лекин косамиз оқармади. Мактаб болаларини ҳам пахтага ҳайдадик. Севимли шоиримиз Абдулла Орипов ўз даврида чуқур дард ва изтироб билан “Миллион эгатларга сочилган ўзбек”, деб ёзганидек, юз йил эгилиб пахта тердик.

Яқин-яқингача ҳар йили тахминан 6-7 миллион одам пахта теримига мажбуран сафарбар этиларди. Мана, уч йилдан буён улар бу машаққатдан қутулди. Қанчалик қийин бўлмасин, бу соҳада биз бозор иқтисодиётининг синалган ва самарали усулларини, жумладан, кластер тизимини жорий этдик. Кластерлар ёрдамида гектаридан пахта бўйича – 50 центнер, ғалла бўйича 100 центнердан ҳосил олишни кўзлаяпмиз ва бу марраларга албатта эришамиз.

Афсуски, мамлакатимизда тезлик билан ҳал этиш керак бўлган ўткир муаммолар бошқа соҳаларда ҳам йиғилиб қолган эди. Ҳаммаси жойида, деган кайфият билан уларни билиб – билмаганга, кўриб – кўрмаганга олиб, ғафлат уйқусига ботиб юравериш ҳам мумкин эди. Лекин бу ўзимизга, халқимизга, келажакка нисбатан хиёнат бўларди.

Очиқ айтмоқчиман: менинг табиатим бундай сохта ҳаётни мутлақо қабул қилолмайди. Халқимиз менга ишонч билдирди, ана шу юксак ишончни оқлаш, эл-юртимизга муносиб ҳаёт шароитини яратиб бериш – мен учун ҳаётимнинг маъно-мазмунидир. Мен миллионлаб инсонларнинг тақдири учун масъулиятни зиммамга олган эканман, ислоҳотлар борасида бошқача йўл тутишим, ҳаммасини аввалгидек қолдиришим асло мумкин эмас.

Такрор айтаман: олдимизда турган ишларнинг барчасини ўзимиз, ўз кучимиз билан қилишимиз керак, ҳеч ким четдан келиб биз учун биронта муаммони ҳал қилиб бермайди», деган президент.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг