Осиёлик ўта хавфли жиноятчи Нидерландияда ҳибсга олинди
Жиноятчилар оламида «Осиёлик Эл Чапо» лақаби билан танилган наркобарон Це Чи Лоп Нидерландияда ҳибсга олинган. Бу ҳақда Daily Mail хабар бермоқда.
Жиноятчи икки йиллик қидирувдан сўнг ҳибсга олинган. Таъкидланишича, қидирувда Интерпол иштирок этган.
Хитой-Канада фуқароси дунёдаги энг йирик метамфетамин савдогарларидан бири ҳисобланади. Ўзи раҳбарлик қилаётган «Компания» номи билан ҳам танилган халқаро жиноятчилик синдикати Австралияга олиб кирилаётган гиёҳванд моддаларнинг 70 фоизини олиб келган дея гумон қилинмоқда.
Нашр Чи Лоп махсус лабораторияларда ишлаб чиқилган кўплаб дори-дармонларни тарқатадиган бир нечта хитойлик мафияларга масъул бўлганлигини таъкидлайди.
БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, жиноий ҳаракатлар Чи Лопга йилига 10 миллиарддан 23 миллиард долларгача даромад келтирган.
Чи Лопни АҚШ, Канада, Мянма, Хитой, Таиланд ва Япония каби 20 га яқин мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари излаган. Давлатлар Чи Лопни қўлга тушуриш учун «Кунгур» деб номланган кенг кўламли операцияда бирлашдилар.
Бугунги кунгача «Осиёдан келган Эл Чапо»нинг қаердалигини аниқлашнинг иложи йўқ эди - у доимо кикбоксёр соқчилар гуруҳи ҳамроҳлигида яширинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter