Осиё давлатлари экология вазирлари Дубайдаги Ўзбекистон миллий павилиони билан танишди
Дубайда бўлиб ўтаётган БМТ иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси иштирокчилари конференциясининг 28-сессияси доирасида Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон экология вазирлари Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамроҳлигида Ўзбекистон миллий павилионига ташриф буюрди.
Ташриф чоғида қардош мамлакатлар экология вазирлари Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган ишлар, хусусан, «Яшил макон» лойиҳаси доирасида Орол денгизи тубини ва ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, қайта тикланадиган энергия манбалари улушини ошириш, Париж келишуви мажбуриятларини бажариш, углерод нейтраллигига эришиш, иқлим ўзгаришига мослашиш, унинг оқибатлари ва хатарларини юмшатиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан танишган.
Шунингдек, яшил кун тартибини илгари суриш бўйича ҳамкор ҳисобланган Глобал Яшил ўсиш институти (GGGI) бош директори Ф.Рижсберман ва вазирлар ўртасида учрашув ташкил этилди.
Учрашувда GGGI бош директори қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш орқали мамлакатларнинг яшил иқтисодиёт тамойилларига босқичма-босқич ўтишлари учун зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлиги ва бундан манфаатдор эканлигини билдирди.
Ўз навбатида вазирлар Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг ИҲТ (Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти), ТДТ (Туркий давлатлар ташкилоти), БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиёти учун махсус дастури ва бошқа нуфузли платформалар доирасидаги минтақавий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича сиёсий иродасини алоҳида таъкидладилар, бунда атроф-муҳит муаммолари ва иқлим ўзгариши халқаро ҳамкорликни шакллантиришда муҳим рол ўйнайди.
Бундан ташқари, минтақа мамлакатларида экология соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш учун истиқболли платформа бўлган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети (Central Asian Green University)нинг очилиши борасида ижобий фикрлар билдирилди.
Вазирлар Ўзбекистон экология вазири Азиз Абдуҳакимовнинг қардош мамлакатлар учун экологик фаолиятнинг минтақавий шарҳини ишлаб чиқиш ташаббусини ҳам қўллаб-қувватладилар.
Учрашув якунида томонлар Самарқандда 2024 йилнинг 12–17 феврал кунлари бўлиб ўтадиган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенсия (CMS COP14) иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилиши ва Биринчи Самарқанд халқаро иқлим форуми (2024 йил март)га таклиф этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter