Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўшлик ўзбек Ислом цивилизацияси марказига шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилишини таклиф этмоқда

Ўшлик ўзбек Ислом цивилизацияси марказига шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилишини таклиф этмоқда

2017 йил, 1 сентябрь. Президент Хастимом мажмуасида.

Фото: ЎзА

«Хabar.uz» ахборот-таҳлилий порталининг аудиторияси Ўзбекистон чегарасидан ташқарига ҳам чиқиб улгурганини бизга келаётган хабар ва мактублардан билиб олиш мумкин. Хусусан, таҳририятимиз электрон почтасига қўшни Қирғизистон Республикаси Ўш шаҳрида истиқомат қилувчи Одилжон Дадажоновдан қуйидаги таклиф битилган хат келиб тушди:

«Муҳтарам «Хabar.uz» сайти муҳарририяти. Сиз азизлардан илтимос, қуйидаги ташаббусни сайтингизда эълон қилиб, таклифимни Ўзбекистон Президенти ва жамоатчиликка етказсангиз.

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Мен Қирғизистон Республикаси Ўш шаҳри Заречная кўчаси 8-уйда истиқомат қиламан. Исми-шарифим Дадажонов Одилжон. Сизга бир ташаббус билан мурожаат қилмокчиман. Яъни Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида, Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказига ислом оламида таниқли уламо, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилса, деган эдим.

Чунки эзгу ниятлар билан барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази ўзининг мақсад-моҳиятига ҳамоҳанг бўлиб, Марказий Осиёда ислом илмини васатия йўлида, ханафий мазҳаби йўналишида улкан илмий ишларни амалга ошириб, ўзидан катта маънавий мерос қолдириб кетган фазилатли шайхимизнинг номи абадийлаштирилса, унинг миллионлаб мухлислари юрагидаги иш бўларди.

Нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёда, хусусан, Қирғизистонда ҳам у киши ёзган асарлар орқали маънавий камолот чўқкиларига интилаётган инсонлар кўп. Имом ал-Бухорий, ат-Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом ал-Мотуридийлар туғилган Ўзбекистон тупроғида таваллуд топган шайхимиз ислом динининг энг гўзал дин эканини мухтасар баён этиб, қалбимизни чароғон айлади.

Муҳтарам Шавкат Миромонович, бу мактубимга ижобий жавоб бериб, шайхимизнинг хотираси қалбларида муҳрланган ва Қирғизистонда истиқомат қилаётган минглаб издошларини ҳам хурсанд этасиз, деган умиддаман.

Ҳурмат ва эҳтиром ила Одилжон Дадажонов.
Қирғизистон Республикаси, Ўш шаҳри, Заречная кўчаси,8-уй»

Маълумот учун, Тошкент шаҳрида қад ростлаши кутилаётган Тошкент Ислом цивилизацияси маркази ташқи кўриниши архитекторлар Шерали Жалилов ва Улуғбек Умаржонов томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, марказ биноси Қорасарой кўчасидаги Ҳазрати Имом масжиди ёнига жойлашади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Чилонзор туманида барпо этиладиган масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи бериладиган бўлди.

Шавкат Мирзиёев 2017 йил 21 апрель куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманига ташрифи чоғида Имом Термизий жомеъ масжидини реконструкция қилиш бўйича топшириқ берган ва Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида Ислом маданияти марказини ташкил этиш таклифини билдирган эди.

Бу бўйича 2017 йил 23 июнда «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори ҳам имзоланган эди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев 2017 йил 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида бўлиб, мазкур марказ лойиҳаси билан танишган пайтда Ислом маданияти маркази номини Ислом цивилизацияси маркази, деб ўзгартириш таклифини билдирган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг