Ошган ижара ҳақи, бўшаб қолган ўтовлар ёхуд боғни янада ривожлантириш учун нималар эътибордан четда қолаяпти? (видео)
«SUZANE SULTAN» МЧЖ директори Моҳира Султонова Наврўз боғи – Наврўз ҳунармандлар шаҳарчасида, яъни Тошкент 24-ҳовли устахонасида беш йилдан бери каштачилик мактаби ва «Ўзбекистон социал туризми ассоциацияси» ННТда фаолият юритади. Яқинда ҳунарманд ижара нархлари кескин оширилгани сабаб Президентга мурожаат билан чиққанди. Шундан сўнг таҳририят ходимлари ҳолатни ўрганиб Наврўз боғидан репортаж тайёрлашди.
Ўзини мана шу боққа масъул деб таништирган шахс видеога олишимизни истамади, нархлар бўйича берган саволимизга қисқа аудио жавоб берди:
– Моҳира опа Султонова шу пайтгача имтиёзли равишда ижара ҳақини тўлаб келган. Бу йилдан бошлаб байрамдан бошқа кунлари, мавсум бўлмаганида бир метр квадрат жой 35 минг сўмни, байрамларда, мавсумда 57 минг 500 сўмни ташкил қилади. Яъни бу йилдан бошлаб 7 млн. 664 минг сўм мавсумда, мавсум бўлмаган пайтида эса 4 миллион 664 минг сўм тўлайди. Булардан тушадиган ижара ҳақи боғ ва ходимлар учун сарфланади. Бундай хонадонларга ижара ҳақи тўлайдиган ҳунармандлар 40 нафарни ташкил қилади.
Бизнинг «Бирорта ҳунарманд ижара ҳақини тўлолмай хонадонларни ташлаб кетган ҳолатлар бўлмадими, агар боғни ҳунармандлар ташлаб кетиб қолса қайси мақсадларда фойланилади бу боғдан», деган саволимизга ўзини шу боғда шартномалар бўйича ҳунармандлар билан ишлайдиган мутахассисман деб таништирган йигит «Йўқ ҳеч ким ташлаб кетмади, бу устахоналарга талабгорлар жуда кўп, устахоналарда, дўконларда ишлайдиган ҳунармандларнинг ўзларининг мижози бор, ҳали бирорта ҳунарманднинг норози бўлганини кўрмадик. Агар сиз айтгандай ҳунармандлар кетиб қолса, плюс-минуслари ўрганилади, ер солиғи камаяди, электр ишлатимагач унга тўловлар ҳам қисқаради», деган жавобни олдик.
Ижара ҳақлари ҳақидаги шартномаларни сўраганимизда ушбу ҳужжатларни ҳам кўрсатишга мажбур эмасликларини айтишди.
Шундан сўнг биз ҳунарманд Моҳира Султонова устахона-хонадонига йўл олдик.
– Боғ очилишида шахсан Президентнинг ўзлари шу боққа ташриф буюрганди. Дастлаб бу боғда ўзимизнинг миллийликни тарғиб қиладиган ҳунармандлар жойлашишди. Бошида бир миллион ижара нархлари тўлардик. Мана бу кашталарни, бешикларни, чимилдиқларни четдан келган хорижликлар ҳайрат билан кузатишади. Бу ҳунармандлик маҳсулотларига тикилган ҳар бир нақш қўлда тикилганини эшитгач ва кўргач ўз қизиқишларини билдиришади. Мана бу ипларни 90 доллардан сотиб оламиз. Эски кашталарни, миллийликка нимаики оид бўлса ҳаммасини сотиб оламиз. Мақсадимиз уларни авлодларга етказиш, келадиган сайёҳларни қизиқтириш. Беш йил давомида биз катта ёки кичик муаммоларимизни ўзимиз ечиб келаётган эдик. Карантин вақтида ва ундан кейин бизга ижара бўйича имтиёзлар берилди, бу учун биз Президент ва боғ админстрациясидан миннатдормиз. Аммо жорий, 2023 йилдан бошлаб, боғнинг директори ўзгарди ва ижараларимиз кескин оширилди. Яъни, мен шу кунгача 2.500.000 минг тўлаётган ҳовли устахонам учун бу йилдан икки қаватли устахонам учун 15.800.000 минг сўм қилиб белгиланди. Албатта, мавсумига қараб, аммо мавсум бўлмаган пайтлари бир сўм ҳам ишламаган ҳолатлар ҳам бўлади.
Ўзи шундоғам олдинги ижарани бир нечта ҳунармандлар билан бўлишиб тўлаётгандик, нарх ошгач шерикларим чиқиб кетишди ва менга фақат биринчи қаватнинг ўзига 7.600.000 минг нарх беришди. Мен буни умуман тўлай олмаслигимни тушунтирсам боғда тадбирлар қиламиз, одам кўп келади, савдо бўлади, деб ишонтиришди ва шартномага қўл қўйдим. Аммо ўтган ойда фақат Наврўз байрами кунлари томошабинлар кўп бўлишди, савдо ҳам бўлди, аммо амаллаб 5 млн. сўм ижара ҳақини зиёнимдан тўладим. Бу йилги ижара шартномасига 2 март куни қўл қўйганимга қарамасдан, мендан ижара ҳақини, январь, февраль, март ойлари қарзлари билан тўлашимни ёки устахонани бўшатишимни талаб қилишди. Ваҳоланки, январь ва февраль учун мен эски нархда ижара ҳақини тўлаб бўлган эдим.
Шундан сўнг Моҳира Султонова бу ой эса табиийки, ижарани тўлолмаслигини, ҳовлини бўшатишга мажбурлигини директорга оғзаки равишда билдиради ва ўша заҳотиёқ огоҳлантиришларсиз ҳовлини электр тармоқдан узиб ташлашади. Биз борганда ҳали ҳам чироқ уланмаган эди.
– Боғда худди шундай ҳовлидай устахоналар 40 дан ортиқ. Аммо ярмидан кўпи бўшаб, қаровсизликдан, чакка ўтиб моғорлаган, поллари, деворлари ёрилган, яъни авария ҳолатида. Чунки ижара ҳақи ҳали қимматлашмаган вақтдаёқ кўп усталар ижарани тўлолмай чиқиб кетишди. Заргар, тўқувчи, кашта тикувчи усталаримиз иккинчи қаватда эди улар ҳам ижара ҳақлари қимматлашгач чиқиб кетишди, – дейди ҳунарманд бизни иккинчи қаватга бошларкан. – Мана кўриб турганларингиздек қишда тарновлардан эриб тушган муз, сувлар мана бу ҳолатга келтирди бу ерларни. Шу пайтгача устахоналаримизни озроқ бўлса ҳам таъмирлаб беришаётган эди. Лекин бу йилдан ўзларингиз таъмирлайсизлар, дейишмоқда. Ахир биз ижара ҳақини ўзимиз тўласак, солиқларни ва электр энергиясига ҳам ижара ҳақидан ташқари ўзимиз тўласак, яна таъмирласак, биз тўлаган маблағларни нима қилишади?
«Мана бу ўтовлардан бу ерда бир нечта бор, барчаси ижарани тўлолмаганидан ташлаб чиқиб кетишди, яқинда бир шу ўтовда ишлаётган ҳунарманд, ўтов ичидаги нарсалар ҳатто қуртлаб кетганини ва ташлаб юборганини айтиб қолди, ваҳоланки бу ерга чироқ ўрнатилмаган, ижара ҳақи эса баланд. Президент келганида шу ўтовларга ҳам ташриф буюрганди», – дейди Моҳира Султонова куйиниб. – Ҳунарманднинг ҳунарманддан фарқи бор. Бу ерда ўз қўллари билан яратган нарсалари ҳам кўргазма қилиб ҳам сотадиган ёки тайёр маҳсулотларни олиб келиб савдогарлик қиладиган «ҳунармандлар» бор. Биз сайёҳларга тавсия қиладиган ҳар бир маҳсулотни кўз нуримизни тўкиб бунёд қиламиз. Сайёҳларга қандай яратилишини эринмай кўрсатамиз, яъни бу билан биз миллий ҳунармандчилигимизни асраб қоламиз. Сизлар ҳам амалланглар, дейишади. Биз амаллашимиз учун нарсаларни олиб келиб сотишимиз керак. Биз сотиш билан шуғуллансак асосий ҳунармандчилик ишларимиз қолиб кетади. Масалан, чет элларда бир ҳунарманднинг ишини миридан-сиригача кўрсатишади. Биз ҳам яқинда Малайзиядан келганларга қўл меҳнатини кўрсатдик, ҳайрон қолишди. Ачинарлиси, ўзимизникилар бизнинг миллий ҳунаримизни эски латта-путта, дея беписандларча муносабатда бўлаётгани, хайрихоҳлик билдирмаётгани, унинг ўрнига ҳар томондан сиқиб ташлаётгани ачинарли. Наҳотки, боғнинг даромади фақат ҳунармандлар топган пулга қараб қолган бўлса. Мен қанча таклифларимни бердим. Боғни шакллантириш керак. Яқинда Таиландда бўлганимда мана шундай боғда ёғочдан ясалган қишлоқчаларни, халқнинг турмуш шароитини акс этган ҳунармандчилик ишларини кўриб ҳавасим келди. Бир кунда кечки соатдан кейин 300 нафаргача сайёҳ келаркан. Бизнинг боғдан анча кичкина. Миллий таомлари, миллий ўйинлари, миллий рақслари билан саҳнада шоу кўрсатишаркан. Таиланднинг тарихини кўрасиз шу кичкина боғда, ўшанга бутун дунёдан одамлар келишидан олдин чипта буюртираркан. Бизларда бемалол шунақа қилса бўлади. 50 фоиз нарсалар бор. Буни эса ким қилади, боғ маъмурияти ташкиллаштириши керак. Фақат бизнинг миллий ҳунаримиз билангина сайёҳларни чақириб бўлмайди, балки тарихимизни, миллийлигимизни кўрсатадиган шоулар ташкиллаштириш керак. Шуни айтганимизда, ўзларинг қилинглар, деди. Мен қилишим мумкин, лекин ишонч йўқ, кредит олиб шундай нарсаларни ташкиллаштирсам, эртага фойдага кирса ижара ҳақларини янада кўтарвориши мумкин.
«Яқинда замонавий ҳунармандлар учун хоналарни ижарага беришди. Яъни совун, макраме, ҳидли шам ва яна шунақа ҳунарлар учун. Балки бу ҳунармандлар ижара ҳақини тўлай олишар, савдоси яхшироқ бўлар, лекин бизни қийнаётгани миллий ҳунармандларимизнинг бу ерни ташлаб кетаётгани ва миллий ҳунармандчилигимизнинг эътибордан четда қолаётгани... Бу ерда кўргазмаларни унчалик хоҳлашмайди. Чунки ҳақиқий ҳунарманд тиккан ёки тўқиган, умуман ўз қўллари билан ясаган маҳсулотларини арзонга сотишади, бу эса олиб сотар «ҳунармандлар»га ёқмайди...», дея таъкидлайди ҳунарманд...
Наврўз боғи ўзига хос ажойиб боғ. У ерда ҳақиқий миллийлик билан тўқнаш келасиз. Шундай асраб-авайланишини, сайёҳлар кўплаб келишини истайсиз. Шу боис бу мавзуга қайта қайта мурожаат қиламиз. Умид қиламизки, боғ ҳали бир боғ бўлади. Унда сайёҳлар қайнаб-тошади, миллий ҳунармандларимиз жавлон уриб меҳнат қилишади, миллийлигимизни, тарихимизни бутун дунёга, авлоддан авлодга етказади.
Барно Султонова, журналист,
Юнус Маҳмудов, видеооператор
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter