Ўқув муассасалари олдидаги янги хавф ҳақида маълум қилинди
Ҳозирда ёшлар орасида анъанавий гиёҳвандлик моддаларидан воз кечиб, психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар, масалан, «трамадол» ва янги пайдо бўлган «тропикамид» дориларини истеъмол қилиш ҳолатлари кўпаймоқда.
Ушбу хавф глобал тус олган. Мактабларни гиёҳвандлик воситаларидан асраш бўйича етарлича халқаро тажриба ҳам тўпланган. Ҳозирги пайтда ўқув муассасаларида наркотик ва психотроп воситалар истеъмолига қарши курашишда энг кўп самара бераётган бир қатор ёндашувлар ишлаб чиқилган. Хусусан, ушбу иллатнинг тарқалишидан азият чеккан ривожланган мамлакатларда қуйидаги чоралар кенг қўлланилади:
- Таълим ва огоҳлик. Ёшларга гиёҳвандлик воситаларининг салбий оқибатлари ва хатарларини очиқ-ойдин тушунтириб берувчи ўқув дастурлари жорий этилган. Шунингдек, бу борада улкан тарғибот кампаниялари доимий ўтказиб борилади.
- Ўта қатъий чоралар ва чекловлар. Таълим муассасалари ҳудудида наркотик ва психотроп моддалар савдоси, истеъмоли ва тарқатилишига қарши кескин жазо чоралари белгиланган. Шунингдек, мунтазам равишда мактабларда тасодифий танлов асосида текширувлар ўтказилади.
- Қўллаб-қувватлаш ва кўмак. Ёшлар ўз муаммоларини очиқ айта олиши учун қулай ва аноним муҳит яратилган.
- Ота-оналар иштироки. Ота-оналарга атрофлича маълумот бериш ва кенг жалб қилиш мақсадида улар учун махсус учрашувлар ва суҳбатлар ўтказиб борилади, гиёҳвандликка доир мавзуларда ўқитувчи – ўқувчи – ота-она иштирокида очиқ коммуникация йўлга қўйилади.
- Бошқа йўналишларда фаоллик. Ёшларни турли иллатлардан асраш учун спорт, санъат, илм-фан соҳаларидаги фаолликка алоҳида аҳамият берилади.
- Жамиятнинг жипслашуви. Муаммо ўта жиддий бўлганлиги сабабли ҳуқуқни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш, таълим, маҳаллий ташкилотлар ҳамда нодавлат ташкилотлар бу борадаги сайъ-ҳаракатларини бирлаштирган.
Бундай чора-тадбирларнинг кўпчилиги мамлакатимизда ҳам йўлга қўйилган, қўйилмоқда. Бироқ, жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, янгича ёндашувлар ва ечимлардан фойдаланиш фойдадан холи бўлмайди.
Энг муҳими, асло тўхтамаслик зарур. Чунки реал хавф бор ва у бир кунда йўқолиб кетмайди. Бунга қарши ота-оналар ҳам, давлат ташкилотлари ҳам, жамият ҳам қатъий курашиши, ҳамиша хушёр бўлиши лозим.
Маълумот ўрнида: Давлат божхона қўмитаси маълумотларига қараганда, республикамиз божхоначилари томонидан 2023 йил ҳамда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 596 та қонунбузилиш ҳолатларида умумий оғирлиги салкам 9,5 тонна гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги айланмасига ўз вақтида чек қўйилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter