Онлайн тўловларда муаммо юзага келди. Бунга ДСҚнинг талаби сабаб қилиб кўрсатилмоқда
Ўзбекистондаги йирик тўлов ташкилотлари - Payme, Click ва бошқалар, шунингдек банкларнинг иловалари 2022 йил 1 ноябрдан эътиборан, ўз иловаларидан истеъмолчи-мижозлар учун керакли функциялардан айримларини ўчиришга мажбур бўлишмоқда.
Bankers.uz хабарига кўра, «жойида тўлов» ҳамда QR-тўлов функцияларининг ўчирилиши сабаб ушбу онлайн тўловлар ишламай қолди. Бу ҳақда тўлов ташкилотлари ўзларининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида, шунингдек иловалари орқали хабарларда маълум қилишган.
Ушбу ҳаракатга катта эҳтимол билан Давлат солиқ қўмитасининг тўлов тизимларидан «жойида тўловлар», QR-код орқали тўлов, телеграм каналларида тўлов каби барча тўловларни фискаллаштиришни талаб қилганлиги сабаб бўлиши мумкин. Қўмитанинг тегишли хатида мазкур талаблар кўрсатиб ўтилган.
Айрим иловалар мазкур вазиятни профилактика мақсадида юзага келганлигини айтишган бўлса, Payme иловаси ҳолатга батафсилроқ изоҳ беришга ҳаракат қилган.
Қуйидаги хизматлар: жойида тўловлар, QR-код орқали тўлов, Телеграм каналларида тўлов – барча тўловларни фискаллаштириш бўйича техник ишлар олиб борилаётгани сабабли вақтинча ишламайди. Айни пайтда Республикада чакана савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китоблар тартибини такомиллаштириш, яъни барча тўловларни фискаллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2022 йил 1 ноябрдан Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган онлайн касса машиналари, тўлов ташкилотлари ва фискал маълумотлар оператори ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик схемаси кучга киради ҳамда тасдиқланган ўзаро ҳамкорлик схемасидан четга оғишлар солиқ органлари томонидан санкциялар қўлланилишига олиб келади. Ушбу вазият туфайли бизнинг жамоамиз шошилинч равишда техник ишларни амалга ошириши ва қуйидаги хизматларни вақтинча ўчириб туриши талаб этилади: жойида тўловлар, QR-код орқали тўлов, Payme GO, Телеграм-каналларидаги тўлов ва баъзи бошқа тўловлар. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз ва имкон қадар тезроқ Payme'даги севимли функцияларингизни қайтадан фойдаланишга топшириш устида иш олиб бормоқдамиз. Биз билан қолганингиз учун ташаккур! - Payme иловасининг расмий изоҳи.
Шунингдек, Apelsin иловаси ҳам вазиятга изоҳ берар экан, «биз айбдор эмасмиз» маъносидаги хэштегдан фойдаланган.
Телеграмдаги «Davletovuz» канали муаллифи эса, вазиятга изоҳ берар экан, Давлат Солиқ қўмитасининг ушбу ҳаракатини қоралаган.
QR-код тўловлар тадбиркорлар учун электрон тўловларни қабул қилиш учун энг арзон имконият эди. Чунки ҳеч қандай харажатга олиб келмаган — тўлов тизимига уланиб, принтерда QR-кодни чиқариб қўйиб, нақдсиз тўловларни қабул қилса бўларди. Нақд пулдан қочиш учун яхши имконият эди, энди яна тадбиркорга ортиқча харажат, истеъмолчига жабр. Гўёки яширин иқтисодиётга қарши курашиш йўлида танланган ушбу чора Давлат солиқ қўмитасининг "қонун талаблари асосида ишлашимиз керак", деган ақлли баёнотлари билан хаспўшланса керак. Яна онлайн хизматлар, онлайн тўловлар тизими ривожи зарар кўради, одамлар ўз-ўзидан нақд пул билан муомала қилишга ўтади, бир-икки "ақллининг ташаббуслари"ни деб шунча иш бир жойга тиқилади. Ўзидан тушови қимматга айланмаса гўрга эди, деб ёзади «Davletovuz» телеграм канали.
«Тўсатдан ҳеч нима пайдо бўлмайди. Айниқса Янги Ўзбекистонда. Кимдадир, қайсидир корчалонда бу воситани бир қўлли ва монетизация қилиш хоҳишлари пайдо бўлиб қолса, ҳукумат дарров дастёрга айланади қолади уларнинг қўлида.
Мутлақо тасодифга кўра, UZUMPAY (ARCA) янги функционални йўлга қўйипти. ARCA терминалида QR код чиқаркан, шу билан тўлаб, кейин фискализация қилса бўлади», деб ҳолат бўйича муносабатини билдирган иқтисодчи Отабек Бакиров.
Вазият юзасидан йирик савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари, хусусан KorzinkaUz ҳам ноқулайликлар учун узр сўраган.
Давлат солиқ қўмитаси ҳолатга расмий изоҳ берди:
Ижтимоий тармоқларда электрон тўлов ташкилотларининг Давлат солиқ қўмитаси билан интеграцияси туфайли уларнинг хизматларида узилишлар кузатилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Давлат солиқ қўмитаси ушбу хабарларга аниқлик киритган ҳолда қўйидагиларни маълум қилади.
Тўлов тизимлари операторлари ўз тўлов тизимларини онлайн-НКМга мажбурий равишда улаш ва шу орқали солиқ органларининг ахборот тизимларига 2022 йил март ойидан интеграциялашни таъминлаш талаби ўрнатилган.
Ушбу мақсадда тўлов ташкилотлари билан тизимли ишлар амалга оширилиб, жорий йилнинг март ойидан шу кунга қадар 12 маротаба учрашув ташкиллаштирилган.
Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда электрон тўлов тизими орқали электрон фискал чек тақдим қилиш тартиби белгиланган.
Хусусан, мавжуд 48 та электрон тўлов ташкилотидан 25 таси фискал маълумотлар операторига интеграцияни тўлиқ якунлаган.
Айтиш жоизки, ҳозирги кунда харидлар учун тўловларни аксарият ҳолларда P2P (картадан картага ўтказиш) қилиш кузатилмоқда.
Мамлакат иқтисодиётини узоқ муддатли ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган шароитда ахборот технологиялари воситасида истеъмолчилар, тадбиркорлик субъектлари ва давлат солиқ хизмати органларининг уйғунлашган фаолияти алоҳида аҳамият касб этади.
Рақамлаштириш билан боғлиқ амалий тажриба иқтисодий фаолликни ошириш ва қонуний фаолиятни амалга ошираётган тадбиркорларни ҳимоя қилиш таъминланганлигини кўрсатди.
Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан харид чеклари сони 185%га харид суммаси эса 176% га ошди. Бу рақамларни яширин иқтисодиётни соядан чиқариш натижалари деб қайд этиш мумкин.
Шу ўринда 1,5 млн нафардан ошиқ фуқаролар ҳуқуқлари кафолатланиши таъминланди (ярим трлн сўм дан ортиқ кешбэк тўланди, дейилди изоҳда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter