Онлайн тарзда никоҳдан ўтса бўладими? Адлия жавоб беради
Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузурида ташкил этилган штабда Адлия вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Севара Уринбаева иштирокида коронавирус билан боғлиқ ҳуқуқий масалаларга бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Унда соҳага оид бир қанча саволларга жавоб берилди.
Мен чет элда истиқомат қиламан. Ҳозирги пандемия сабаб Ўзбекистонга бориб, вояга етган фарзандимни никоҳдан ўтказиш учун олиб боролмаяпман. Сабаби ёшларни бири Ўзбекистонда истиқомат қилади. Шу сабаб Ўзбекистонда ташкил этилган онлайн никоҳ тизими орқали расмийлаштиришим мумкинми?
Давлат хизматлари агентлиги томонидан давлат хизматларидан масофадан туриб фойдаланиш имконияти яратилмоқда. Жумладан, никоҳни қайд этиш учун ФҲДЁга электрон аризани my.gov.uz портали орқали юбориш имкони яратилган.
Бунинг учун иккала томон (келин ва куёв) ҳам электрон рақамли имзо олиши шарт. Ариза тўлдирилганидан сўнг иккала томон ҳам аризасини ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаши шарт. Сўнг ариза белгиланган ФҲДЁ бўлимига келиб тушади. ФҲДЁ бўлими аризани 1 иш кунида қабул қилиб олади.
Ҳозирда мамлакатимизда карантин чоралари қўлланилаётгани боис, фақатгина аризалар қабул қилинмоқда. Карантин тадбирлари ниҳоясига етганидан сўнг, никоҳланувчилар ФҲДЁ бўлимига чақиртирилади ва уларга тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма топширилади.
Яъни жорий этилган ушбу хизмат фақатгина электрон ариза топшириш имконини беради ва эндиликда никоҳни ФҲДЁ бўлимига бормасдан туриб ҳам расмийлаштириш мумкин дегани эмас.
Оила кодексининг 13-моддасида никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилиши, шунингдек никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганларидан кейин, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter