Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Омбудсман аралашувидан сўнг янги машина сотиб олган истеъмолчининг мурожаати ҳал этилди

Омбудсман аралашувидан сўнг янги машина сотиб олган истеъмолчининг мурожаати ҳал этилди

Фото: «Ombudsman.uz»

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) Хоразм вилоятидан келиб тушган мурожаатда фуқаро янги сотиб олган машинасида носозлик борлиги ва «UZAUTO MOTORS» АЖга мурожаатлари бесамар кетаётгани ва унинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари поймол этилаётганини қайд этган. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати маълум қилмоқда.

Маълум бўлишича, мурожаатчи Э.О. жорий йилнинг 4 март куни Хоразм вилояти Урганч шахридаги «Хоразм-Автосавдо» МЧЖ билан LACETTI L-ELEGANT/AT PLUS русумли автомашина сотиб олиш учун шартнома тузиб, унга 28 апрель куни машина етказиб берилган. Бироқ орадан тўрт кун ўтиб машинада носозлик аниқлангач, истеъмолчи дарҳол автосалонга мурожаат қилган. Янги автомобиль техник ходимлар томонидан кўрикдан ўтказилаётган вақтда қисқа туташув содир бўлиб, унинг баъзи симлари эриб кетган. Шундан сўнг «Хоразм-Автосавдо» МЧЖ масъул ходимлари ҳолат юзасидан «UZAUTO MOTORS» АЖга хабар берган.

Мурожаат муаллифининг сўзларига кўра, у «UZAUTO MOTORS» АЖга ишонч телефони орқали ҳам мурожаат юборган. Лекин истеъмолчи масъул ходимлар билан боғланганда, улар турли важлар билан 20 кун давомида аризани қаноатлантирмай келишган.

«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16-моддасига мувофиқ, агар сотувчи (ишлаб чиқарувчи) истеъмолчининг товарни алмаштириб бериш ёки ундаги нуқсонларни бартараф этиш ҳақидаги талабларини бажармаган бўлса, истеъмолчи товарнинг харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтиришни ёки шартномани бекор қилиб етказилган зиён ва маънавий зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Шунингдек, мазкур Қонуннинг 22-моддасида «Истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилиши туфайли унга етказилган маънавий зарар учун уни етказган шахс, башарти у айбдор бўлса, ҳақ тўлаши лозим. Маънавий зарар учун тўланадиган ҳақ миқдорини суд белгилайди. Маънавий зарар учун ҳақ тўлаш мулкий зиён ва истеъмолчи кўрган зарарнинг ўрни қопланишидан қатъи назар, амалга оширилади» деб белгиланган.

Мазкур мурожаат Омбудсман назоратига олингач, мурожаатчи иштирокида автомобиль техник кўрикдан ўтказилиб, унинг жгут комплектида носозлик борлиги аниқланган ҳамда бартараф этилган. Шундай қилиб, мурожаатчи Э.О. янги сотиб олган автомобилини 25 кундан сўнг соз ҳолатда қабул қилиб олган.

Аслида аҳолининг ушбу мазмундаги мурожаатлари Омбудсмангача етиб келмасидан аввал, ишлаб чиқарувчи компания томонидан шартномага мувофиқ тезкорлик билан бартараф этилиши лозим эди. Ушбу ҳолатда истеъмолчи талабини қаноатлантириш ўрнига, унинг шикоятига эътиборсизлик ёки лоқайдлик қилган масъул ходимларга нисбатан тегишли чоралар кўриш тавсия этилади. Зеро, ишлаб чиқарувчи компания рақобатбардошлилигини сақлаб қолиш учун ўз мижозларининг ишончини оқламоғи лозим.

Бу каби мурожаатлар Омбудсман даражасида ҳал этиладиган масала бўлмаса-да, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан уларни ўз назоратига олмоқда. Шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)  Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги билан ҳамкорликда ишлашни режалаштирмоқда, дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг