Олтин ва кумуш медаллар битирувчига ўқишга кириш учун имтиёз берадими?
«Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисида низом»га кўра медаллар ўқувчиларга ОТМларга киришга имтиёз бериши ҳақида гап-сўзлар тарқалди.
Халқ таълими вазирлиги ўз расмий сайтида ёзишича, таълимга ихтисослашган баъзи «Telegram» каналлар олтин медал олган мактаб битирувчисига кириш имтиҳонларида тўплаган умумий балига 50 фоиз, кумуш медал олган битирувчига эса 30 фоиз балл қўшиб берилишига оид нотўғри маълумотлар чоп этмоқда.
Юқорида келтириб ўтилган низомда олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланган ўқувчиларга имтиёзлар берилиши кўзда тутилмаган.
«Олтин ва кумуш медаллар аъло баҳоларда ўқиган ўқувчиларга берилишини инобатга олсак, кириш имтиҳонларида имтиёзли баллар берилмасада, ўз билимларини кўрсата олишлари лозим. Қолаверса, Халқ таълими вазирлиги олий ўқув юртига кириш учун талабгор ёшларга тенг имкониятлар тақдим этиш тарафдори.
Бундан кўзланган мақсад ўқувчиларни таълим олишга бўлган қизиқишларини янада ошириш, улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш, коррупцион ҳолатларни олдини олиш ва иқтидорли ўқувчилар билимини рағбатлантиришдан иборатдир» дейилади вазирлик хабарида.
Халқ таълими вазирлиги таълимга ихтисослашган «Telegram» каналларни асосланмаган ва ёлғон маълумотларни тарқатмасликка чақирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter