Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

«Олтин қалам»га олтин қоида керак!

«Олтин қалам»га олтин қоида керак!

Куни кеча пойтахтимиздаги «Туркистон» саройида «Олтин қалам» миллий мукофоти учун ХV танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мана шу соҳани озми-кўпми машаққатию меҳнатини ҳис қилган ҳолда, авваламбор барча ҳамкасбларимни чин юракдан муборакбод этаман. «Олтин қалам»ни вақтида жуда кўп танқид қилганман ва буни танлов ташкилотчилари тўғри қабул қилишган. Бу йил ўзим ҳам ҳайъат аъзолари сафида бўлганим учун уларга қанчалик қийинлигини теранроқ ҳис қилдим.

Бундан икки йил олдин нуфузли вазирликнинг коррупцияга қарши танловига ҳам ҳайъат аъзоси бўлганимда, баҳолаб берганларимдан ташқари умуман муносиб кўрилмаган бир-иккита гуруч ичидаги курмакларнинг ғолиб бўлганини билгач, тақдирлаш тадбирига ҳам бормай қўя қолгандим.

Бу гал ҳам «Олтин қалам» миллий мукофоти танлови ҳакамлари орасида борлигимни билганимда дастлаб рад этмоқчи бўлдим, кейин ҳайъат аъзолигини, иш жараёнини ўзим ҳис қилиб кўриш учун ҳам рози бўлдим. Аммо ҳакамлик қилиш, ўз ҳамкасбларингни ижодини яхши ва ёки ёмонга ажратиш мен кутгандек осон иш эмас экан. Қолаверса, ўзимга мутлақо нотаниш бўлган йўналиш «Энг яхши матбуот хизмати» номинацияси учун келган ижодий ишларни баҳолаш топширилди. Бор-йўғи олтита иш. Нега энди ўзим бир неча йил ишлаган босма оммавий ахброт воситалари эмас ёки ўзим яхши биладиган ва кузатиб борадиган интернет, телевидение, радиожурналистикаси эмас, айнан матбуот хизмати?! Жюрилар орасида мутлақо мен танимайдиган журналистлар(ми) ва мен бир-икки нафар танийдиган устозлар ва журналистларни етиштириб чиқарадиган олий таълим муассасаларидан ўқитувчилар ҳам бор эди. Ҳар ҳолда ўқитувчиларнинг борлиги яхши. Холис, қолаверса ижодий иш жанри, ёзилиш услуби, иш структурасини назарий жиҳатдан биздан кўра яхшироқ баҳолай олишади. Яъни, мен телевидение, матбуот, радио, интернет йўналишлари бўйича ким топширди, қанча одам топширди, улар орасида  мен доимо кузатиб борадиган ҳақиқий муносиб журналистлар борми-йўқми,  буниям билолганим йўқ. Менинг ҳайъат аъзолигим олтита топширилган ишни ўқиш ва баҳолаш билан якунланди. Иккинчи бор умумийлаштирилган мажлисдан ҳам бехабар қолдим.

Ниҳоят, кеча танлов ғолиблари аниқланди. Ҳакамлар қанчадан-қанча иккиланишлар орасида қолганини тушунаман. Бизга ижодий ишлар тақсимланган куни айтилганидек, 100 нафар кишидан 50 кишига мукофот берилса, 50 киши мен ҳам олишим керак эди деб ёзғириши табиий ҳол. Ва яна ўша куни айтилганидек, «шундай ғолибларни аниқлашимиз керакки, ёзғирмоқчи бўлган ҳамкасбимиз биз танлаган ғолибни ўзи ҳам тан олсин ва ўзига савол берсин, мен ўшандан ўта олармидим».

Хуллас, кечаги танлов натижаларини эшитиб, «Олтин қалам» миллий мукофотининг низомини яна бир бор қайта кўриб чиқиш керак, деган қарорим қатъийлашди. Агар эътибор берган бўлсаларингиз, бу гал бир ўринга икки номзоднинг қўйилиши анчагина кўпайган.

«Сих ҳам, кабоб ҳам куймасин» қабилида қилинган бу усул бизга янгилик эмас. Ахир ҳеч кимни норизо қилгимиз келмайди. Аммо мантиқан олиб қарасак, худди шундай бир ўринга икки эмас, ҳатто уч ёки тўрт номзодни ҳам раво кўришимиз мумкин. Айнан шундай кучлар тенглигини бошқа журналистларни ижодларидан ҳам топсак бўлади. Бу бир қарашда фақатгина сонга эътибор берилганидек бўлиб қолмаяптими? Мен муносиб кўрилганларни муносиб эмас эди, дейишдан йироқман. Аммо улардан ҳам муносиблар бор эди, демоқчиман.

Битта ўринни бир неча бўлакка бўлиб ташлаш олтин қаламни синдириб беришгандек тасаввур уйғотади. Шунинг учун юқорида айтганимдек, низомни бошқатдан кўриб чиқиш вақти келмадимикан?

Биринчи таклиф: масалан, «Энг яхши газета», «Энг яхши сайт», «Энг яхши телевидение канали», «Энг яхши радиоканал», «Энг яхши фотомухбир», «Энг яхши бош муҳаррир», «Энг яхши журналист» ва олий мукофот. Шунда бир нечта журналистга бир неча ўрин берилмайди, балки битта эътирофга лойиқ, ҳақиқатан ҳам бир йил давомида ҳаммани кўзига кўринган журналист ғолиб топилади ва ҳеч ким бунга эътироз билдиролмайди, у қайси ОАВдан бўлмасин фарқи йўқ. Эътибор берадиган бўлсак, қўшимча рағбатлантириш ҳамда ҳомий ташкилотлар мукофотлари учун қатнашган журналистларнинг тоши оғирроқ туюлди менга.

Иккинчи таклиф: Бирор ОАВдан жюри бўлган журналист ҳисобига ўша ОАВдан ҳеч ким қатнашишга ҳаққи бўлмасин. Ҳакамлар ҳайъати аъзоси мана шу юкни елкасига олиб рози бўлсин. Яъни, мен ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлар эканман, мен ишлайдиган жойдан ҳеч ким қатнашмайди, қатнашганиям ҒОЛИБ БЎЛМАЙДИ.

Учинчи таклиф: Ижодий ишлар орасида ўзим кузатганим айтайлик «Энг яхши матбуот котиби» номинациясини оладиган бўлсак, улар орасида бутун республика бўйича фаолият олиб борадиган бирор вазирликни матбуот котиби ва ёки бир университетнинг матбуот котиби қатнашди. Бу худди рингда 100 килоли ва 50 килоли вазнлари тўғри келмайдиган спортчилар баҳс бойлашганидек гап. Айтайлик, ҳар йили ана шундай катта бир ташкилотнинг матбуот котиби ва бир туманнинг матбуот котиби қатнашади, демак ҳар йили ҳеч қандай муболағасиз қамрови кенг бўлган нуфузли ташкилотнинг матбуот котиби ғолиб бўлаверади. Бу номинацияни ҳам ўйлаб кўриш керак.

Тўртинчи таклиф: анъаналардан воз кечиш керак.

Менимча, бирорта «Олтин қалам» олмаган бош муҳаррир қолмади ҳисоб. Гўёки бош муҳаррирми, демак мукофот олиши керак, «фалончи муҳаррир қолиб кетди, шунгаям бериб қўяйлик», дейилгандек гўёки...

Яна бир гап — ислоҳотларни ёзган журналистларга жуда кўп урғу берилган. Ўзи танқид қилишга зўрға эришдик, эътиборни танқидий-таҳлилий руҳда ёзилган мақолаларга қаратсак. Чунки ҳар бир журналист ислоҳотларни бажонидил ва бемалол ҳар куни тўлқинланиб ёзиши мумкин. Ютуқлар ўзимизники, аммо танқидни фақат жасоратли журналистгина ёза олади.

Энг охирги таклифим. Сценарийни яна бир бор ўйлаб кўриш керак. Жуда кўп ортиқча табриклар ва концерт дастурига ўрин берилган. Энг олий ўринни кўпчилик интиқиб кутади ва энг охирида аниқ бўладиган олий ўрин эълон қилингунча тадбирнинг бошидаги завқу шавқ пасайиб қолади.

Барно Султонова

P.S: Бундан кейин ҳеч қайси танловга ҳайъат аъзоси бўлмасликка қарор қилдим. Қарорим қатъий, шикоятга ўрин йўқ, деб ўйлайман... Бу менинг шикоятим эмас, бу мени танловим.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг