Олти йил тақиқда бўлган асар. Ўзбек адибининг романи инглиз тилида чоп этилди
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров қаламига мансуб «Юлдузли тунлар» романи инглиз тилига таржима қилиниб, Франциянинг «Nouveau Monde Editions» нашриётида чоп этилди. Буюк шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётига бағишланган тарихий асар таржимаси Ислом Каримов фонди лойиҳаси доирасида амалга оширилган.
Фонд хабарига кўра, романни британиялик адабиётшунос Кэрол Ермакова инглиз тилига ўгирган. Ўзбекистон халқ рассоми Бобур Исмоилов нашр учун суратлар ишлаган. «Babur: Starry Nights» Ислом Каримов фондининг 6 йиллик фаолияти давомида амалга оширган ўн олтинчи ноширлик лойиҳаси экани хабар қилинган.
«Асарнинг инглизча нашри кенг халқаро аудиторияни ўлкамизнинг буюк алломалари кечмишига ошно этиб, Шарқнинг тарихий ва маданий ришталарини ўрганиш ҳамда чуқур англашга илҳомлантиради деган умиддамиз», – дейди Фонд Васийлик кенгаши раиси Лола Каримова-Тиллаева.
Тарихий романчиликда мактаб яратган адиб Пиримқул Қодиров «Юлдузли тунлар»ни 1972 йилда ёзиб тугатган. Аммо асар шўро мафкурачилари тазйиқи боис чоп этилмаган. Аввалроқ «Xabar.uz» эълон қилган интервьюда ҳам П.Қодиров «Юлдузли тунлар» ёзилганидан кейин олти йилгача тақиқ ва таъқиб сабаб босилмай ётгани ҳақида ҳикоя қилган эди.
Кейинроқ кўп минг ададда нашр қилинган роман муаллифга улкан шуҳрат келтирди. Ўшандан бери «Юлдузли тунлар» ўзбек ва рус тилларида қайта-қайта нашр этилди. Бундан ташқари, роман ҳинд, япон, урду, турк, қозоқ, уйғур, туркман каби тилларга таржима қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter