Олти марта судланган қўшмачининг сўнгги бекати
2018 йил 2 май куни жиноят ишлари бўйича Арнасой туман судининг очиқ суд мажлисида 1974 йил 3 июнда Жиззах шаҳрида туғилган, 1 нафар фарзанди бор, ҳеч қаерда ишламайдиган, муқаддам 5 (!) маротаба судланган, қўшмачилик ва фирибгарликни ўзига касб қилиб олган Элмуродова Назира Нишоновнанинг (исм-шарифлар ўзгартирилган, ўхшашликлар тасодиф) жиноят иши мазмунан кўриб чиқилди. Элмуродова Назира Нишоновна ўзи ким, нима сабабдан бу фоний дунёда ўзини ўтга, оловга уриб, бир неча маротаба судланишга улгурган, уни биров мажбурлаганми, ёки унга ноҳақликлар қилинганми?
Назира Элмуродованинг таржимаи ҳолига қисқача назар солайлик. У дастлаб, 2005 йил 12 апрелда жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «а» банди, 227-моддаси 2-қисми «а» банди, 25.273-моддаси 5-қисми билан 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган, бахтига шу даврда амнистия эълон қилиниб, жазодан 2005 йил 29 декабрда амнистия актига асосан озод қилинган.
2006 йил 20 сентябрда жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «а» банди, 227-моддаси 2-қисми «а» банди билан ЖКнинг 59-моддасига асосан 6 йил озодликдан маҳрум қилинган, яна жазодан 2009 йил 28 августдаги амнистия актига асосан озод қилинган, 2011 йил 24 ноябрда жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми «б,в» бандлари, 165-моддаси 2-қисми «а,в» бандлари билан 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, яна 2011 йил 05 декабрдаги амнистия актига асосан жазодан озод қилинган.
Ҳаёт нақадар гўзал, жиноий фаолиятимни бемалол давом эттирсам бўлаверади, деб ўйлаб яна жиноят содир қилиб, 2014 йил 01 июлда жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан ЖКнинг 131-моддаси 1-қисми билан 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган, 2014 йил 19 декабрда жиноят ишлари бўйича Зарбдор туман суди томонидан ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми «б» банди билан унга нисбатан юритилган жиноят иши амнистия актига асосан тугатилган. 2015 йил 8 майда жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан ЖКнинг 131-моддаси 2-қисми «а,б» бандлари билан 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган, лекин бундан у бирор бир хулоса чиқармаган.
Тўғрида, хоҳласа-хоҳламаса ҳар йили амнистия тўғрисида фармон қабул қилинмоқда, ҳаттоки Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига ҳам берилмайдиган «АЁЛ» деган имтиёзи бор, бемалол фойдалансам бўлаверади деб ўйлаган. Хаёлига бирор маротаба ҳам «Ҳар бир нарсада чегара, меъёр бўлиши лозим» деган фикр келмай, бу сўзларни ўзининг луғат бойлигидан олиб ташлаб, «Менга ҳамма нарса мумкин» деган фикрни киритиб қўйган.
Шунча гаплардан ва жазолардан хулоса қилмасдан, Назира Элмуродова яна ёшлигини қўмсаб, Жиззах шаҳар, Обод маҳалласи, Х.Дўстлиги шоҳ кўчаси 101Б-уй 6-хонадонда ижарада яшаб келиб, моддий манфаатдор бўлиш мақсадида яшаш хонадонида фоҳишахона ташкил қилиб, 2018 йил 21 январь кунига қадар бўлган вақт мобайнида, Ш.Рашидов тумани, Учтепа маҳалласи, Ёшлик кўчасида яшовчи З.Қ.ни, Зафаробод тумани, Ёрқин ҚФЙ, Охунбобоев шоҳ кўчаси 9-уй 2-хонадонда яшовчи О.А.ни ва Зомин тумани, Навоий ҚФЙ, Пешоғар қишлоғида яшовчи, 2002 йил 11 июлда туғилган, вояга етмаган Гулнигор Бўриеваларни шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш учун ёллаб, уларнинг эркига зид равишда уйида сақлаб келиб, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаб, уйига келган мижозларга маълум бир ҳақ эвазига қўшиб, уларнинг фоҳишалигидан фойдаланиб, шунинг орқасидан кун кечириб келганига нима дейсиз.
Оз эмас, кўп эмас судланувчи Н. Элмуродованинг хонадонига жинсий алоқа қилиш мақсадида келган мижозлардан қизлар билан бир маротабадан жинсий алоқа қилишлари учун 40.000 сўмдан олиб, эвазига уларга хонадонида фоҳиша сифатида сақлаб келган З.Қ. ва вояга етмаган Гулнигор Бўриеваларни таклиф қилиб, мижозларга «танлаш ҳуқуқи»ни яратиб бериб, З.Қ. ва вояга етмаган Гулнигор Бўриеваларга мижозлар билан жинсий алоқа қилишлари лозимлигини, акс ҳолда уйидан яланғоч ҳолатда ҳайдаб чиқаришини, улар яшайдиган маҳалласига бориб, фоҳишалик билан шуғулланиб юрганлигини айтиб шарманда қилишни билдирганича уларни қўрқитиб, бир кунда 10 нафаргача мижозлар билан жинсий алоқада бўлишга мажбурлагани ҳар қандай чегарадан чиқиб кетган. «Ҳам ғарлик, ҳам пешкирлик» дегани шу эмасми?
«Соққа»сини кўпроқ тўлаган мижозларга имтиёз сифатида хонадонида сақлаб келаётган қизларни «Ижара»га беришни йўлга қўйганлиги, унинг «тадбиркорлик» соҳасидаги ёрқин қирраларидан бирилигидан далолат беради. Бу гапларга ишонмасангиз вояга етмаган Гулнигор Бўриевадан сўранг, сизга шартларини тушунтириб беради. Мижозларга бир соатдан кейин уйига қайтариб олиб келиб топшириш шарти билан 70.000 сўм эвазига «ҳали кўп минилмаган» деган таъриф билан мақтаб вояга етмаган Гулнигор Бўриевани 3 нафар шахс билан бир пайтнинг ўзида жинсий алоқа қилиш учун олдиндан тўлов асосида ижарага берганига, бу шоввозлар эса дарё бўйига, яъни табиат қўйнига вояга етмаган Гулнигор Бўриевани олиб бориб, навбат билан жинсий алоқа қилганлигига, ақли расо одамнинг ҳам ишонмаслиги аниқ. Лекин афсуски бу гапларнинг барчаси рост, шундай бўлган, суд мажлиси давомида бу гапларнинг барчаси ўз тасдиғини топган.
Суд ҳайъати судланувчи Н.Элмуродовага нисбатан жазо тайинлашда жиноятларни ғараз ва бошқа паст ниятларда содир этганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб, айбига қисман иқрорлик билдириб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб инобатга олиб, унга оллоҳ томонидан берилган «Аёл» ва «Она» деган имтиёзини ҳисобга олган ҳолда ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, унинг жиноий қилмиши квалификация қилинган моддалар санкциясида назарда тутилган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам қисмидан ҳам камроқ жазо 6 (олти) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Суд ҳайъати, судланувчи Н. Элмуродовага яна бир маротаба ўз ҳаётини кўз олдига келтириб, қилмишларидан, босиб ўтган ҳаёт йўлидан, ҳаром-хариш ишларидан ўзига тегишли хулосалар чиқариш учун имконият яъни «ўтириб ўйлаш имконияти»ни яратиб берди.
Ф.Пардаев, жиноят ишлари бўйича Арнасой туман судининг раиси.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter