Олимлар поездда коронавирусни юқтириш хавфини камайтириш йўлини аниқлашди
Хитойлик бир гуруҳ олимлар Саутгемптон университетидаги ҳамкасблари билан биргаликда коронавирус пандемияси даврида поездларда юриш қанчалик хавфли эканлигини текшириб кўришга қарор қилишган. Тадқиқот натижалари «Clinical Infectious Diseases» журналида чоп этилди.
Мутахассислар Хитойдаги тезюрар поездларда саёҳат қилиб, кейинчалик коронавирус инфекцияси аломатлари пайдо бўлган 2334 нафар йўловчи ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилишган. Улар яқин алоқада бўлган йўловчиларнинг умумий сони 72 093 кишини ташкил этган.
Ушбу маълумотларга асосланиб олимлар COVID-19 ташувчиси билан бир вагонда бўлиш қанчалик хавфли эканлигини аниқлашди. Мана, масалан, бундай йўловчининг ёнида ўтирганда коронавирусни юқтириш эҳтимоли 3,5 фоизни ташкил этади. Бир қаторда бўлганда эса — 1,5 фоиз. Бемор вагондан чиққанда, унинг ўрнига ўтирган одамнинг касалланиб қолиш эҳтимоли 0,075 фоизни ташкил этади. Тадқиқотларда юқтириш омили одамнинг ниқоб таққан-тақмаганлигига боғлиқлиги айтилмаган.
Юқтириш хавфи тўғридан-тўғри ижтимоий масофага боғлиқлиги таъкидланмоқда. Бироқ мутахассислар яна бир омилга эътиборларини қаратишган — сафар вақти. 2,5 метрлик масофа фақат бир соат давомидагина коронавирус инфекциясидан асраши мумкин.
ЖССТ маълумотларига кўра, дунё бўйича 17,8 миллион киши коронавирусга чалинган, улардан 680 минг нафари вафот этган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter