Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Оилада бағри бутун болалар

Оилада бағри бутун болалар

«Ўзбек халқи — болажон халқ» деб бежиз айтишмаган. Тошкент вилояти Янги йўл туманидаги ўқитувчилар оиласига яна 6 нафар фарзанд келиб қўшилди. Бир-биридан меҳрибон ва ақлли бу болаларнинг ўз оиласи борлигидан қувончлари чексиз…

Тошкент вилояти Янги йўл туманида яшовчи Шерзод ва Нигора Казакбаевлар болаларга оилани ҳис қилиш имконини беролганларидан хурсанд. Нигора опадан сўраймиз: «Оилангизга ўзингизнинг икки фарзандингиздан ташқари характери, табиати, дунёқараши ҳар хил болаларнинг келиб қўшилиши сизларни қийнаб қўймадими?»

— Ёшлигимдан кўп болали оилаларга ҳавасим келарди. Буни қарангки, турмуш ўртоғим ҳам шу фикрда эдилар. Иккимизнинг фикримиз бир жойдан чиқди. Президентимизнинг ташаббуслари болаларга меҳр кўрсатишга, тарбия олишимизга сабабчи бўлди. Биз болаларни яхши кўрамиз. Кўпчилик айтди: «Нима қиласан, қийналиб қоласан», деб. Лекин онам: «Сен ёлғиз эмассан, мен ҳам қўлимдан келгунича деб болаларингни тарбиялашга қарашаман», — деб қўллаб-қувватладилар. Олдинлари жуда сокинлик эди оиламизда. Ҳозир эса болаларим гувиллаб олдимга чопиб келишади. Бу қандай бахтлигини биласизми? Уларни кўриб чарчоқларим чиқиб кетади. Дарров овқатга уннайман: «Нима овқат ейишар экан, қандай овқатларни ёқтиришар экан», деб ўйлайман. Турмуш ўртоғим уларнинг ўқишига, тарбиясига кўпроқ эътибор берадилар. Ахир мен ҳам мана шу инсон туфайли олий маълумот олганман. Болаларимизнинг барчасини олий маълумотли қиламиз, деб ниятни катта қилганмиз.

— Нигора опа, фарзандларингизга муомала қилишда қийналмаяпсизми? Ахир ўз фарзанди билан тил топиша олмаётган оналар кўп...

— Мен ўқитувчиман, демак, болалар билан тил топишишим қийинчилик туғдирмайди. Вақти келганда жаҳл қиламан, аммо ўзимни босиб гаплашаман, вақти келганда мақтайман, лекин ҳар доим ҳар дақиқада меҳр бераман. Уларга яхши кўришимни айтиб турмасам, мен қувватсизланиб қолгандай бўламан. Улар ҳам доим олдимда гирдикапалак. «Ойижон», «дадажон», деган сўзларни тез-тез ва оғизларини тўлдириб айтишни яхши кўришади. Бизлар бир-биримизга куч берамиз.

Бу оилага келган болалардан бири Ҳусанни гапга соламан:

— Сенга бу ердаги ҳаёт, оила бағрида бўлиш ёқадими?

— Олдинги ҳаётимни эслашни хоҳламайман, гарчи барча шарт-шароитлар яратилган ва меҳрибон тарбиячилар қуршовида яшасак-да, оила бағрида бўлишга ҳеч нарса тенг келмайди.

— Ҳусанни тарбиямизга оламиз деганимда, атрофдагилар: «Ток уриб куйган ва кўп операцияларни бошидан ўтказган болани нима қиласан, қарай олмайсан», — деб айтишди. Шунда мен айтдимки: «Айнан шу болани оламан ва бор меҳримни бераман», шундай дея Нигора опа Ҳусанни қучиб бошини силайди.

Оиланинг яна бир фарзанди Нозимани суҳбатдошим: «Ўзгача дунёли қизим», дея таништирди.

«Мен катта бўлсам, ўқитувчи бўламан. Яхши ўқитувчи бўлсам, дадамга ўхшаган директор бўламан», — деб айтади орзулари осмон бўлган қизлардан яна бири Мубина. Қизларнинг кўзларидаги қувончни, шижоатни кўриб беихтиёр уларнинг бахтли эканлигини англаш қийин эмас.

Биз бу хонадондан олам-олам таассуротлар билан қайтдик. Бу ерда меҳрни, самимийликни, ҳамжиҳатликни, бағри бутунликни кўрдик. Ва юртимизда мурувват уйлари камайишини, серфарзанд ота-оналар, ота-онаси, оиласи борлигидан бахтли болалар кўпайишини чин дилдан истадик.

Мафтунабону Аббосхонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг