Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Оила судьялари» ташкил этилади

«Оила судьялари» ташкил этилади

Фото: «Xabar.uz»

«Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ-401, 21.12.2023 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, бошқарув ходимлари орасидаги хотин-қизларнинг улушини 2030 йилгача 30 фоизга етказиш талаби давлат корхоналарининг ижро органлари, шу жумладан директорлар кенгаши ва кузатув кенгашларининг таркибини шакллантиришда ҳам татбиқ этилади.

2024 йил 1 февралдан:

  • касаначилик ва ҳунармандчилик йўналишида янги иш бошлаётган хотин-қизлар учун тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ривожлантириш, такомиллаштириш ҳамда уларга услубий ёрдам бериш мақсадида таълим ташкилотларида тажрибали касаначи ва ҳунармандларни жалб этган ҳолда касб-ҳунарга ўқитиш курслари ташкил этилади;
  • хотин-қизларни касаначилик ва ҳунармандчилик йўналишларида касб-ҳунарга ўқитиш билан боғлиқ харажатлар Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан тасдиқланган харажатлар сметаси доирасида молиялаштирилади.

Бунда, таълим ташкилотларида касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир битирувчи хотин-қиз учун сарфланган ўқитиш харажатларининг 70 фоизи, бироқ БҲМнинг 5 баробаридан ошмаган қисми давлат томонидан қоплаб берилади.

«xotin-qizlar.uz» платформаси негизида «Банд бўлмаган хотин-қизлар» модули яратилиб, вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларига интеграция қилинади.

2024 йил 1 мартгача «Энг яхши касбга тайёрлаш дастури» бўйича нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида ўтказиладиган очиқ танловларда иштирокчиларни баҳолаш имконини берувчи электрон дастурий таъминот ишлаб чиқилади ҳамда 2025 йилдан ҳар йили ушбу танлов ўтказилади.

Ишсиз хотин-қизлар замонавий миллий либосларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш мақсадида тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг бино ва иншоотнинг дастлабки 3 ойлик ижара тўлови 2024 йил 1 январдан БҲМнинг 10 бараваригача миқдорда Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси томонидан қоплаб берилади.

2024 йил 1 январдан:

  • хотин-қизларнинг ҳақ тўланадиган жамоат ишлари асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида иш юритувчи бўлиб ишлашига 11 ойгача муддатга рухсат этилади;
  • ташкилот (иш берувчи) томонидан иш ўринлари захирага қўйиладиган ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахслар тоифаларига оилавий (маиший) зўравонлик натижасида жабрланганлар ҳам киритилади.

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар корпуси шакллантирилади.

2024 йил 1 февралдан тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларининг 2 нафардан судьясини оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда ушбу судларда «Оила судьялари» ташкил этилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг