Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўғрилик оқибатида етказилган зарарнинг минимал чегараси белгиланяпти

Ўғрилик оқибатида етказилган зарарнинг минимал чегараси белгиланяпти

Мулкка тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни такомиллаштирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритишга доир ИИВ ишлаб чиққан қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, мазкур ҳужжат билан Жиноят кодексининг 167, 168, 169-моддаларининг амалдаги биринчи қисмида назарда тутилган жиноий қилмишлар оқибатида етказилган зарарнинг минимал чегарасини белгилаш натижасида, бу турдаги муайян миқдоргача содир этилган ижтимоий хавфли қилмишларнинг декриминализация қилинишига эришилади.

Шунингдек, фуқароларни ижтимоий хавфи кам бўлган қилмишлар учун судланишини, уларнинг тергов идораларида ортиқча сарсон бўлишларини олдини олишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, статистик маълумотлар ва ўрганилган хорижий тажрибалар асосида, фуқароларга нисбатан содир этилган талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик оқибатида оз миқдордаги зарар етказган тақдирда, ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларини жиноий қилмиш сифатида баҳоламаслик (декриминализация қилиш) ва содир этилган қилмишни маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳолаб, унга нисбатан маъмурий жазо қўллаш билан жавобгарликнинг муқаррарлигига эришилади.

Ҳужжат лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 61-моддаси таҳририга ўзгартириш киритиш орқали ўзгалар мол-мулкини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан оз миқдорда талон-торож қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш ёки ўн суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш маъмурий жазосини назарда тутиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, модданинг иккинчи қисмида мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса, ташкилотларда содир этилган худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солиш ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш назарда тутилмоқда.

Мазкур моддани тўртинчи қисм билан тўлдириш орқали биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган тақдирда унга нисбатан маъмурий қамоқ билан боғлиқ бўлган жазо тури қўлланилмаслиги таклиф этилмоқда.

Модданинг бешинчи қисми таҳрири ўзгартирилган ҳолда, унда фуқароларнинг талон-торож қилинган мулки қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан, шунингдек корхона, муассаса, ташкилотларнинг талон-торож қилинган мулки қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан ошмаса, бундай талон-торож оз миқдордаги талон-торож қилиш деб ҳисобланишини белгилаш назарда тутилмоқда.

Модданинг олтинчи қисмида жисмоний шахсларнинг мол-мулкини оз миқдорда талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар Жиноят кодексининг ўзгалар мулкини талон-торож қилиш бобидаги тегишли моддаларида оғирлаштирувчи ҳолат сифатида берилган тегишли қисм бандлари аломатлари содир этилган тақдирда ушбу модда билан квалификация қилинмаслиги ва жиноий жавобгарликка тортилишига асос бўлиши таклиф этилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг