Ўғирлаб кетилган бола 73 йилдан сўнг топилди
Калифорниянинг Окленд шаҳрида 1951 йилда ўғирлаб кетилган 6 ёшли бола орадан 73 йил ўтиб топилди. Бу ҳақда KTSM портали хабар берди.
Луис Армандо Албино ўғирлаб кетилган куни истироҳат боғида ўйнаб юрганди. Бир аёл унинг олдига келиб, ширинлик олиб бераман деб алдаб, ўзи билан Шарқий соҳил (АҚШнинг Атлантика океани томонлари)га олиб кетади. Болани бир оила ўғил қилиб олиб катта қилган.
Болани қидиришга полиция, армия аскарлари, соҳил қўриқлаш хизмати ва бошқалар жалб этилишига қарамасдан, топилмаган.
Орадан 70 йилдан зиёд вақт ўтиб, уни амакиваччаси, 63 ёшли Алида Алекин излаб топди. Аёл ДНК тестидан ўтганида бир эркак киши билан генлари 22 фоиз мос келганини кўриб, изидан тушади. Пенсиядаги ўт ўчирувчи, Вьетнам уруши ветерани бўлган бу одам узоқ йиллар олдин йўқолган қариндоши бўлиб чиқди.
Қидирувда эски суратлар ва газеталардан қирқиб олинган хабарлар ҳам қўл келди.
«Уни қидириб топишимга доим ишонардим. Менинг тажрибам яқинларини йўқотган бошқа оилаларга ҳам кўмак бўлишини истардим», — деди аёл.
АҚШ Федерал қидирув бюроси ўғирлик бўйича суриштирувни давом эттирмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter