Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Одамлар қий-чуви, гўдаклар чинқириғи, оналар фарёди — Каримов Ҳайратон кўпригини портлатишга буйруқ берган эди

Одамлар қий-чуви, гўдаклар чинқириғи, оналар фарёди — Каримов Ҳайратон кўпригини портлатишга буйруқ берган эди

Фото: «ЎзА»

«Сафарга чиқсанг, оқилу доно билан чиқ», деб бежизга айтишмаган экан. Мамлакатимиз жанубида жойлашган Сурхон сарҳадларига боришни, айниқса, Узун ва Сариосиё туманларини кўздан кечиришни анчадан буён режалаштираётган эдим.

Агар ёдингизда бўлса, 2000 йилларда бу икки ҳудудга экстремистлар тўдаси бостириб киришган ва эгаллаб олган қишлоқларда ўз базаларини ташкил қилиб, мамлакат ичкарисига юриш қилишга қаттиқ тайёргарлик кўришган.

Бир неча ойлар аёвсиз жанг кечган майдонларни бориб кўриш орзуси ҳар қандай журналист ва ёзувчининг хаёлидан кетмагани каби менга ҳам тинчлик бермасди. Шу ниятда йўлга отландик. Ҳамроҳим — истеъфодаги генерал-майор Ўткир Комилов.

Генерал ўша вақтларда жангарилар билан курашда иштирок этган, Сариосиё ва Узун туманларини пиёда кезиб чиққан, босқинчилар билан юзма-юз келган командирлардан бири эди.

Бундан ташқари, Ўткир ака Ўзбекистон тарихининг кечаги ва бугунги кунини яхши биладиган ҳуқуқшунос, юқори мансабларда ишлагани боис, жиддий ва салобатли кўринишига қарамай, ҳазил-мутойибани ўрнига қўядиган дилкаш суҳбатдош.

Дарҳақиқат, мароқли гурунг билан Сурхондарёга етиб келганимизни сезмай қолгандик. Бир пайт:

– Юринг, сизга муҳим бир объектни кўрсатаман, – деб қолдилар Ўткир ака Амударё соҳилларига ишора қилиб.

Бу кутилмаган таклиф мени қизиқтириб қўйди. Режамизда йўқ бўлса-да, бажонидил рози бўлдим. Машинамиз узоқдан кўзга ташлана бошлаган каттагина кўприк томон яқинлашиб келарди. Атрофда бошқа стратегик жиҳатдан муҳим саналадиган иншоот йўқ. Ўзбекистон ва Афғонистоннинг бирлаштириб турувчи бу маҳобатли қурилма нафақат транспорт йўли, балки икки мамлакатнинг дўстлик ришталарини боғловчи кўприк эканлигини билардим. «Шумикан?» деб ўйладим ичимда. Ҳамроҳим эса Амударё устига қурилган иншоотдан кўз узмас эди. Нега бунчалар тикилиб қолганига ҳайрон бўлдим. Хаёлини бўлгим келмади. Ўзлари гап очишини кутдим, бироқ сукут анчагача чўзиладиганга ўхшади, назаримда.

Журналистларда сабр бўлармиди? Ортиқ жим туролмадим. Ўйга толганининг боисини сўрадим.

– Бу кўприк ҳозир шу турган жойида бўлмаслиги ҳам мумкин эди, – дея жавоб қайтарди Ўткир ака.
– Нега? – баттар таажжубланиб сўрайман генерал-майордан.
– Ҳа, мустақилликдан кейин бу улкан иншоотни портлатиб юборишимизга бир баҳя қолган.
– Эшитмаган эканман, – очиғини тан олдим.
– Нафақат сиз, балки жуда кўпчилик билмайди бунинг тарихини.
– Балки гапириб берарсиз.
– Келинг яхшиси, бундай қиламиз. Мен сизни худди мана шу кўприкни сақлаб қолган инсон билан таништираман. Бу тарихий ҳодисани жонини хатарга қўйиб бўлса-да, кўприкни портламаган жасоратли шахснинг ўз оғзидан эшитишга нима дейсиз?
– Жуда яхши бўларди-да.
– Унда шундай қиламиз. Сафардан Тошкентга қайтгач, кексайиб қолса-да, ҳамон бир йигитнинг куч-қудрати бор, ҳамон енг шимариб мамлакат истиқболи учун меҳнат қилаётган қаҳрамон билан учраштириб қўяман.

Шундан кейин биз йўлга тушдик. Хаёлимда минг бир ўй: ким бўлиши мумкин бу номаълум инсон? Ўткир ака нега дарҳол айтиб қўя қолмади экан? «Кексайиб» деган сўзини дилимга тугиб, ёши улуғ, аммо ҳали-ҳамон ватан келажаги учун жон куйдириб ишлаётган қарияларни бирма-бир кўз ўнгимдан ўтказаман. Бироқ қани энди, бир тўхтамга келолсам.

Ҳамроҳимга савол назари билан боқишларим, вақт ўтказиб аста сўрашларим иш бермади. Қанчалар хаёлга берилмай, бир неча кишининг исм-шарифини айтмай, Ўткир ака назарда тутган инсоннинг номини топа олмадим.

Шундагина мамлакатимизнинг кечаги тарихи, унда юз юрган кўплаб ҳодисалардан, айниқса, сиёсий воқеалардан бехабар эканлигимни англаб, ўзимдан уялиб кетдим. Шунинг учун Сурхондарё сафари тўғрисида эмас (буни мавриди келганда ҳикоя қилиб берарман), пойтахтга қайтгач, сафардошим учраштирган инсон билан бўлиб ўтган суҳбатга, у кишидан эшитганларимга тўхталмоқчиман.

Унча катта бўлмаган, бежирим ясатилган, сокин хонага киргандаёқ ўрта бўйли, қотмадан келган инсонга кўзим тушди.

«Ахир бу киши Исмоил Жўрабеков-ку!» — дедим беихтиёр ичимда.

1990 йилларда давлат агросаноатини бошқарган, 1994-1998 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб ишлаган, 2000-2004 йилларда эса Ўзбекистон Президентининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимларида фаолият юритган. Зиммасига юклатилган вазифаларни фавқулодда тез ва виждонан бажаргани боис айрим раҳбарларнинг назарида «ўзбек танки» деган ном олган инсонни ким ҳам танимайди бу юртда?!

Кутилмаган учрашув мени бироз шошилтириб қўйган бўлса-да, ортиқча ҳаяжонга ҳожат йўқ эди. Негаки, ўрнидан туриб келган Исмоил Ҳакимович бизни самимий кутиб олди. Ёзувчи эканимни, биринчи Президент ҳақида уч-тўртта китоб ёзганимни эшитиб, зимдан қараб қўйди. Сўнг Ўзбекистон ва Афғонистонни боғлаб турувчи кўприк ҳақида мақола ёзиш ниятим борлигини билиб, бироз сукутга толди.

– Бу воқеани асло унутмайман. Чунки мен учун энг даҳшатли ва айни пайтда энг қувончли хотирага айланган, – деб суҳбатга киришди Исмоил Ҳакимович. У кишининг салмоқ билан, дона-дона қилиб сўзлашларида ички бир хотиржамлик, босиқлик сезилса-да, юрагининг туб-тубида қайта жонланган — менга ҳозирча номаълум бўлган ҳиссиёт аста бош кўтаргани суҳбатдошимнинг ўткир нигоҳлари-ю буғдойранг юзидан оҳиста сезила бошлаган эди. – Даҳшатли дейишимнинг боиси, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти марҳум Ислом Каримовнинг буйруғини бажармаганим эди.

Бу гапни эшитиб, ҳайрат билан Исмоил Ҳакимовичга тикиламан. Ахир Президентнинг топшириғини адо этмаганларнинг тақдири нима билан тугаганини эшитганман, кўрганман-да.

«Қандай қилиб журъат қилди экан?», «Нима сабабдан бажармади экан?» Хаёлимда саволлар кўп эди. Аммо ҳам ғамгин, ҳам завқ билан сўзини давом эттиришга шайланаётган инсоннинг гапини бўлгим келмади. Воқеанинг давомини эшитиш ҳам мароқли, ҳам ҳаяжонли эди.

— Хотирам панд бермаган бўлса, ўша куни эрталаб эди. Ислом Каримов ҳузурига чақириб, Амударё устига қурилган кўприк устида бўлаётган аянчли вазиятни қисқача тушунтирди-да, махсус тузилган комиссияга раҳбар этиб тайинланганимни, ҳозироқ воқеа юз берган жойга етиб бориб, кўприкни эгаллаб олган афғонистонликлардан тозалашимни ва уни дарҳол портлатиб юборишимни қаттиқ тайинладилар.

Бу пайт мен Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлар эдим. Ростини айтсам, ўша пайтда кўприк устидаги вазият ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлмаган ҳолатимда бундай муҳим топшириқни менга ишониб топширгани учун хурсанд бўлдим. Ахир не-не генераллар, вазирлар ва бошқа юқори лавозимли шахслар бор эди-да.

Комиссияга кимлар киритилганини билгач, «бажараман!» дея йўлга тушдим. Кўприк тўғрисида анча маълумотга эга эдим. У собиқ Совет иттифоқининг Ўрта Осиёдаги энг катта ва қурилиши салкам тўрт йил давом этган улкан иншоотлардан бири эди. 1970 йилларда қурилиши бошлаган бўлса, 1974 йилга келиб фойдаланишга топширилган.

Мазкур кўприк орқали нафақат қўшни республикаларнинг, балки бутун Европа мамлакатларининг Афғонистон халқига кўрсатиладиган инсонпарварлик ёрдамлари: озиқ-овқат, дори-дармон, кийим-кечаклар ортилган транспорт воситалари ўта бошлаган эди.

Шунинг учун ҳам стратегик аҳамиятга эга бўлган муҳим объект саналарди. Бизнинг аскарлар томонидан жиддий қўриқланарди. Боиси афғон юртида фуқаролик урушлари тўхтамаган, ҳар-хил гуруҳлар, тўдалар пайдо бўлиб, ҳокимият учун кураш олиб борар, бунинг оқибатида оддий одамлар жабр-ситам кўрарди.

Халқнинг тинчини бузган, уй-жойини, мол-мулкини хонавайрон қилган, ҳатто тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлган жангариларнинг аёвсиз хатти-ҳаракатидан афғон халқи безиб қолган, улар айни пайтда қўшни республикаларнинг аҳолисини ҳам ташвишга солиб қўйганди.

Бундан, аввало, Ўзбекистон хавотирда эди. Ишга туширилган янги кўприк ўзбек ва афғон халқларини бир-бирига яқинлаштириши билан бирга, анча ташвишга ҳам солганди.

Маълумки, дунё бўйича етиштирилаётган гиёҳванд моддаларнинг энг кўп қисми Афғонистонда ўстирилар ва ўнлаб махфий йўллар орқали турли давлатларга тарқатиларди.

Бу балонинг йўлини тўсишга ҳали жиддий киришилмаган эди. Бунинг устига, мустақилликка эришганига бор-йўғи олти-етти йил бўлган мамлакатларнинг чегаралари ҳали унча мустаҳкам эмас, мудофаа ишларига энди-энди киришилаётган эди.

Биринчи хавф жангарилар бўлса, иккинчи хатар оғу эди. Президентнинг ташвишини тўғри англагандай бўлдим, аммо воқеа содир бўлган жойга етиб келганимда, вазият мен ўйлагандан кўра минг чандон оғирроқ экан.

Кўприк усти афғонистонлик хотин-халажлар, эркаклар, чол-кампирлар, бола-чақалар билан батамом тўла эди. Кўприк ортида ҳам тумонат одам. Чамамда уларнинг сони уч-тўрт минг атрофида эди.

Ҳаммалари бақирган-чақирган, талаблари битта: “Чегарани очинглар! Бизларни Ўзбекистонга ўтказинглар! Ўзбек ерида тинч-осуда яшашимизга имкон беринглар! Адосиз уруш, беқиёс хавфу хатар тинка-мадоримизни қуритди. Бизни ўтказинглар, оиламизни, норасида фарзандларимизни сақлаб қолайлик!”

Суҳбатдошим оғир тин олди. Томоғи қақраб кетди чоғи пиёлани қўлига олди. Совиб қолган чойдан бир ҳўплаб, юрак тафтини босгач, ҳикоясини давом эттирди.

– Одамларнинг қий-чуви, аламли ноласи, гўдакларнинг чинқираб йиғлашлари, оналарнинг фарёдларидан уларнинг тилак-истакларини англаш қийин эмасди.

Бу ҳақиқатан ҳам аянчли манзара эди. Улар нажот истаб, биз томон интилишарди. Раҳмимиз келди. Беихтиёр ёрдам қўлини чўзиб, бошига тушган мусибатга малҳам бўлиш кўнглимиздан ўтди. Бироқ... буйруқ бошқа эди. Кўприкни, одамларни тозалаш ва портлатиш! Жуда қийин аҳволга тушиб қолдим. Нима қилиш керак? Юртига қайтишни истамаётган одамлар билан қай йўсинда гаплашиш лозим? Президент буйруғини одамларга айтсам, улар қандай аҳволга тушаркин?

Умуман, бу топшириқни ошкор қилиш мумкинми? Аммо вазиятни юмшатиш, тобора жунбишга келаётган халойиқни тинчлантириш керак эди. Оқсоқолларнинг гапидан билдимки, кўприк ортида бошқа кучлар турибди. Улар одамларни таъқиб қилиб, шу ергача ҳам етиб келишган. Жангариларнинг қўлида жон таслим қилгунча, тинч ва осуда ўзбек ерида капа тутиб, бир бурда нон еб, бир ҳўплам сув ичиб ҳаёт кечиришга рози.

Бу пайтга келиб орадан бир соатча вақт ўтган эди. Ногоҳ Президентнинг қўнғироғи хаёлимни бўлди.

— Кўприк одамлардан холи бўлдими? Портлатдингми? — Қаттиқ қайғуга ботган раҳбарнинг сўзлари ўйларимни бутунлай алғов-далғов қилиб юборди.

Музокара олиб боряпмиз. Аммо... одамлар...

— Ҳеч нарсани эшитишни истамайман! Портлатасан, тамом-вассалом!

Гўшакни тарақлаб қўйилгани юрагимни ларзага солди. Комиссия аъзоларига юзландим. Баъзилар буйруқни бажариш кераклигини айтишди. Бунинг оқибати ёмонлик билан тугаши мумкинлигини қайта-қайта таъкидлаганлар ҳам бўлди.

Айримлар кўприкни сақлаб қолиш ҳақидаги таклифимни қўллаб-қувватлашди. Бутун масъулият менинг зиммамда эди. Яна бироздан кейин Президент қўнғироқ қилиши аниқ. Агар тайинли жавоб қилмасам, комиссия раислигидан четлатиши, топшириқни эса кўприкни портлатиш тарафдори бўлган генераллардан бирига юклатиши мумкин. Тезроқ бир қарорга келишим керак. Бу ерда эса халойиқ жазавага туша бошлаган эди. Улар «Ахир бизлар қочоқлармиз! Ўз юртида жабр кўрган оддий одамлармиз! Бутун дунёда қочоқларни қабул қилишади-ку, нега ён қўшнимиз бўлган Ўзбекистон бизга тўсқинлик қилади?» — деб ғалаён кўтаришарди.

Юпун кийинган, оч-наҳор одамларнинг ҳолатига қарашга аранг куч топаман ўзимда. Аслида улар ҳақ эди. Ёрдам бермасак, бизларни надомат қилишлари аниқ. Бироқ... Ҳозиргина Президент таъкидлагандай, одамлар орасида жангарилар яшириниб олган бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Агарда шундай бўлса... босқинчилар ўзбек халқининг ҳам тинчини бузиши мумкин. Унда хоин сифатида қамалишим тайин.

Шунда хаёлимга уларнинг каттаси билан гаплашиш керак деган фикр келди. Қаердан жасорат пайдо бўлди билмадим, аммо таваккал қилдим. Бу ҳаракатимдан қайтарганлар ҳам бўлди, лекин мақсадимдан қайтмадим. Ҳарбий бўлмасам-да, ўзимни командирларча тутишга ҳаракат қилдим. Ярим соат ичида кўприкдан етти километр нари кетишмаса, ҳандақдаги тўп ва миномётларда ўққа тутиб, қириб ташлашимизни айтдим. Шундай ваколатга эга эканлигимни тушунтирдим. Кимдир менинг жуссамга қараб тиржайиб қўйди. Кимдир Наполеонга ўхшатиб, жиддий тортди.

Негаки гапларим кескин, қарашларим жиддий эди. Жавоб қилишларини кутмай ортга қайтдим. Мен билан борган соқчилар ўзимни муносиб тутганимни айтишди. Дарҳақиқат, жангариларнинг тунд қиёфасидан фикрларини уқиш қийин бўлса-да, мени диққат билан тинглашган ва бир-бирларига қараб қўйишган эди. Бу эса уларнинг саросимага тушиб қолганликларидан далолат эди.

Суҳбат шу ерга келганда Исмоил Ҳакимович мийиғида жилмайиб қўйди. Сездимки, жангарилар тўдасининг олдига қўрқмай боргани, уларга дағдаға қилишдек вазифани уддалай олганидан қониқиш ҳиссини қайта туйди.

Кўприкдан ўтишим билан яна қўнғироқ бўлди.
– Нима қилдинг? Портлатдингми йўқми?
– Музокарамиз...
– Мен сени музокара олиб боришга эмас, юртимизга бўладиган хавфни бартараф қилишга юбордим.
– Ўртоқ Президент...
– Гапимни бўлма! Агар ярим соатдан кейин кўприк портламаса, билиб қўй, қамаласан!
– Вазиятни юмшатаман...
– Мамлакат тақдири учун мен жавобгарман. Бир тўда одамларни деб, бутун халқимнинг ҳаётини таҳликага қўя олмайман. Сен буни тушунасанми, ўзи?

Нима дейишимни билмай қолдим. Аммо бу пайтда жангарилар аста ортига чекина бошлаган эди. Комиссия аъзоларидан айримлари буни вақтинчалик тактика, мабодо одамларни ўтказа бошласак ёки уларни ортига қайтарсак, бир зумда етиб келишади-да, бизга ҳужум қилиб кўприкни эгаллаб олишади, деб ваҳима қилишди.

Икки ўт орасида қолгандим. Президент билан ҳазиллашиб бўлмаслигини яхши тушунардим. Ислом Каримов гапини икки қилганларни кечирмас эди. Буйруқни бажармасам, қамалишим аниқ ёки ўзи таъкидлагандай, хоин сифатида отиб ташлаши мумкин.

Мамлакат раҳбарида шундай ҳуқуқ бор деб билардим. Бироқ кўприкни сақлаб қолиш фикри ҳаётимга хавф солиши мумкин бўлган қўрқинчдан устун кела бошлади. Ахир бу улкан иншоотнинг қурилишига республикамизнинг чакана маблағи сарфланганми? Бир неча йиллар давомида битказилгани-чи?

Энг муҳими эса бу кўприкдан пиёдалар, машиналар, поездлар ўтади. Шундай муҳим объектнинг кулини кўкка совуриш кечирилмас хато бўлмайдими?!

Жангарилар айтилган масофага чекингач, қочоқларнинг хавотири анча пасайди. Яна тушунтиришга тўғри келди: биз жой беришга тайёрлигимизни, озиқ-овқат билан таъминлашимиз мумкинлигини, аммо ўз юртларингда қолиш, энг яхши қарор эканлигини қайта-қайта таъкидладик.

Шундан сўнггина афғонлар ноилож ортиларига қайтдилар. Биз дарҳол кўприкнинг учта жойида: нариги бошига, ўртасига ва ўзимиз томонга қуш ҳам учиб ўтолмайдиган тўсиқ ўрнатдик. Вазиятни кимдир Президентга етказди шекилли, яна маломатга қолдим.

Вазият юмшаганини, афғонлар ўз ватанига қайтганларини эшитишни ҳам истамади. Дарҳол ҳузурига етиб боришимни талаб қилди. Кўприкни сақлаб қолган бўлсам-да, ичимга ғулғула тушди.

«Тамом», — деб ўйладим минг бир ҳаёлда пойтахтга қайтарканман. Трибуналга топширса керак. Ёки миллий хавфсизлик ходимларига буюрса, тўғри ертўлага ташлашади.

Ҳарбий самолётда қандай қилиб Тошкентга етиб келганимни билмай ҳам қолдим. Вақт жуда тез ўтиб кетганга ўхшарди. Аэропортда тўртта қора «Волга»ни кўриб, ўйларим тўғри эканлигига, қамоққа олиб кетишларига амин бўлдим.

Оилам билан хайрлашиш насиб этмади. Машинадагилар индамас, мени жимгина кузатиб боришарди. Борган сари юрагим баттар сиқилиб, қамоққа деган фикр тобора ойдинлашгандек эди. «Ҳеч бўлмаса, жавобимни эшитармикан?» дея ғамга ботаман йўл-йўлакай. Бироқ, кўприкни сақлаб қолдим, дўстлик ришталари узилишига имкон бермадим. Бу билан Ўзбекистон обрў-эътиборини бутун дунё олдида сақлаб қолдим-ку, деган фикр менга таскин берса-да, қамалишим оилам шаънига яхши эмас-да, деб яна қайғуга ботдим.

Йўл четида хотиржам юриб бораётган одамларга тикиламан, кампирини етаклаб олган қариянинг виқор билан қадам ташлашлари ҳавасимни келтиради, набирасини қўлидан тутган оқсоқол қалбимни титратади.

«Менга ҳам насиб қилармикин, бундай бахт?» деган орзу ич-этимни тирнай бошлади. Бу орада машина мен ўйлаган совуқ ва даҳшатли манзил эмас, Президент қароргоҳи сари йўналиш олди. Кўнглим барибир таскин топмади: қамашдан олдин айбимни бўйнимга қўйса керак! Барчанинг олдига «Ватан хоини» деб атаса керак!

Президент қабулхонасига кирарканман, жангариларнинг дала командири билан музокарада пайдо бўлган жасоратдан асар ҳам қолмагандай туюлди. Унинг қаршисида ҳар қандай одам ҳам саросимага тушиб қоларди. Унинг нигоҳларига қарашга унча-мунча одам ботинолмас эди.

Ислом Каримовда раҳбарга хос салобат, иқтидор, сиёсий куч-қудрат бор эди. Биз уни доим жиддий кўрганимиз боис, яқинлашишга ҳайиқардик. Лекин ҳалигиларни ортга чекинтиришга мажбур қилган жасоратимдан ҳали чўғ қолган экан, ўзимни муносиб тутиб, ичкарига дадил кириб бордим.

Қовоғидан қор ёғаётган Президентнинг важоҳатини кўриб, нима дейишни билмай қолдим, у саломимга алик ҳам олмаганди. Шундай бўлса-да, қўлимдаги чизмаларни стол устига ёзиб, кўприк одамлардан бутунлай тозаланганини, унинг учта жойига мустаҳкам тўсиқ ўрнатганимизни, энди у ерда ҳеч кимса ўта олмаслигини тушунтирдим. Агар портлатиб юборганимизда эндигина мустақилликни қўлга киритган Ўзбекистон учун жуда хунук иш бўлишини, халқаро миқёсда обрўси тушиб кетишини, қочоқларга ёрдам бериш, уларни сўзсиз қабул қилиш ўрнига жабрдийдалардан қутилиш учун хиёнаткорона йўл тутганимизни бутун оламга овоза қилишлари аниқ эканини таъкидлашга ўзимда куч топа олдим.

Бундай иснодни кўтариш оғир бўлиши, биринчи навбатда мусулмон давлатлар биздан юз ўгиришини, бундай тутган позициямизни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам оқламаслиги айтганимча қора терга ботдим. Аммо ичимдагини тўкиб солдим. Қамалишдан ёки отилишдан аввал ҳаммасини айтиб олгим келди. Ҳамжамият олдидаги бурчимиз, обрў-эътиборимиз ҳақидаги нидоларим Президентга бироз таъсир қилди чоғи, юзидаги қаҳр-ғазаб ифодаси сўниб, ёноқларига сал қон югура бошлади.

Буни кўриб, енгил тортдим. Лекин оёқларимда мадор қолмаган эди, беихтиёр стулга ўтириб қолдим. Ислом Каримов хона бўйлаб юраркан, ҳамон индамас, жаҳлидан тушган кўринса-да, қовоқлари бутунлай очилмаган, пешонасидаги ажинлар сақланиб турарди.

Ортимга ўтиб, у ёқдан бу ёққа юра бошлаганида, ичимга яна ғулғула тушди. Тик туришга уриндим, лекин толиққан оёқларим ўзимга бўй сунмади.

«Ҳукмни кўзларимга тик қараб эмас, ортимдан айтса керак», — дея ўйлай бошладим. Бир пайт Президентнинг қадам товушлари шундоқ ортимга келганда тинди. Менинг ҳам нафас олишим тўхтаб қолгандай бўлди. «Ҳаммаси тамом!» Аста ўрнимдан қўзғалдим. Ҳар қандай жазони тик туриб қабул қилгим келди.

Ҳали бутунлай қаддимни ростлаб олмаган эдим, елкамга енгилгина шапати тушди. Бу хатти-ҳаракат ниманинг аломати эканлигини англолмай қолдим. Ахир хаёлим минг бир хавотир билан банд эди-да. Аста ўгирилиб Президентга нигоҳ ташладим. Бу пайтда унинг чеҳраси анча ёришган эди.

«Тўғри қилдинг! Портлатмай, яхши қилдинг!»

Ўҳ, бу гапни эшитгунча ичимдан нелар ўтгани ўзимга-ю ёлғиз Аллоҳга аён. Термиздан пойтахтга учиб келгунча ўтган вақт, Президент қаршисидаги ярим соат тушунтирув мени бир неча йилга қаритди.

Негаки бу оралиқда юрагим тортган ғам-андуҳнинг чегараси йўқ эди. Лекин ҳаммаси яхшилик билан якунланди. Шундай қилиб, Ислом Каримов ҳузуридан эсон-омон чиқиб келдим. Бор ҳақиқат – шу!

Ҳа, ёшларга ибрат бўладиган бу ҳақиқатни Исмоил Ҳакимович билан юзма-юз суҳбатлашиб билиш мумкин эди. Шу пайтгача ошкор қилмаганидан ҳам билингки, камтар инсон. Лекин маълум бир қалтис вазиятларда кўрсатилган жасорат, қаҳрамонлик, эзгулик барибир сирлигича қолиб кетмаслиги керак. Қолиб ҳам кетмайди!

Бу биз журналистларнинг биринчи галдаги вазифамиздир.

Исмоил Ҳакимович билан хайрлашар эканмиз, юрагининг тубида ҳали айтилмаган гаплари, ҳозирча ошкор этилмаган воқеа-ҳодисаларнинг тафсилотлари кўп эканини пайқадим.

Шунинг учун яна учрашишга қарор қилиб, ортга қайтдим. Шундай ҳикояни эшитиш, қўлга қалам олиб қоғозга туширишга сабабчи бўлган Ўткир Комиловдан эса беҳад миннатдор эдим.

Акбарали Нурматов,
журналист
ЎзА

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг