ОАВ: Эрон Россияни «катта теракт»дан огоҳлантирган
Эрон «Крокус Сити Холл»даги терактдан сал олдин Россияни йирик «террорчилик операцияси» ўтказиш эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган, деб ёзади Reuters агентлиги учта манбага асосланиб.
«Россиядаги терактдан бир неча кун олдин Теҳрон Москва билан Россия ҳудудида содир бўлиши мумкин бўлган йирик теракт ҳақида Эрондаги портлашлар бўйича ҳибсга олинганларни сўроқ қилиш чоғида олинган маълумотлар билан ўртоқлашди», деди агентлик манбаларидан бири.
Эрон томонидан тақдим этилган маълумотларда ҳужумнинг мақсади ва вақти ҳақида аниқ маълумотлар йўқ бўлган, деди иккинчи манба. Унга кўра, Эрон ИШИД аъзоларига Россия ҳудудида кенг кўламли операцияга тайёргарлик кўриш бўйича кўрсатма берилганини аниқлаган ва террорчилардан бири аллақачон бир неча жангари билан Россияга жўнаб кетганини айтган.
«Эрон кўп йиллар давомида террорчилик ҳужумлари жабрланувчиси бўлганлиги сабабли, ҳибсга олинган террорчилардан олинган маълумотларга асосланиб, Москвани огоҳлантириш мажбуриятини бажарди», дейди учинчи манба, юқори мартабали разведка ходими.
Reuters журналисти Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковдан ушбу маълумот ҳақида сўради. Песков эса бундан хабари йўқлигини билдирган.
Январь ойи бошида Эрон жанубидаги Кирмон шаҳрида портлашлар юз бериб, юзга яқин одам ҳалок бўлган эди. Теракт қурбонлар сони бўйича Ислом Республикаси мавжуд бўлган даврда (1979 йилдан бери) энг каттаси бўлди. Ўша ойда Эрон расмийлари портлашларга алоқадорликда гумон қилинган 35 киши қўлга олингани ва Афғонистонда жойлашган ИШИД Хуросон бўлими қўмондони ҳибсга олинганини эълон қилди. Ҳужум учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter