Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Номзодингиз соқов эмасми? Сиёсий партиялар раҳбарларига очиқ хат

Номзодингиз соқов эмасми? Сиёсий партиялар раҳбарларига очиқ хат

Фото:«Xabar.uz»

Ўзбекистон катта сиёсий воқеа арафасида турибди. Жорий йилнинг 22 декабрь куни мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов бўлиб ўтади. Бу тадбирни дунё жамоатчилиги, халқаро ташкилотлар ҳам алоҳида қизиқиш билан кузатмоқда. Чунки кейинги йилларда юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий соҳалардаги, жумладан, сайлов тизимимиздаги ислоҳотлар ҳеч кимни бефарқ қолдираётгани йўқ.  

Сизларга мурожаат қилишдан мақсадим – депутатликка номзодларни сизлар кўрсатяпсизлар. Лекин номзодларингизнинг тили борми, соқов эмасми? Бундай дейишимнинг сабаби, қаерда парламент яхши ишласа, ўша мамлакатда  тараққиёт, ривожланиш бўлади. Бунинг учун депутат, сенатор фақат қўл кўтариш билан шуғулланмай, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига алоқадор воқеаларга фаол аралашиши, бу йўлдаги муаммо ва камчиликларни бартараф этишга бор куч ва билимини сарфлаши шарт! Буни ривожланган мамлакатлар парламентлари мисолида кўришимиз мумкин. Зеро, парламент аъзолари халқ вакилларидир, улар халқ номидан гапиради, халқ манфаатини ҳимоя қилади.

 Дунёда номигагина ташкил этилган, номигагина фаолият кўрсатадиган, амалда бир шахс ёки бир тўда шахслар гуруҳи манфаати учун хизмат қиладиган қўғирчоқ партиялар ҳам, парламентлар ҳам йўқ эмас. Мен бизнинг партияларимиз ҳам, парламентимиз ҳам шулар сафига қўшилиб қолишини истамайман.

Депутатларимизнинг кўпчилиги анча пайт жим ўтирди. Тўғри, жамият тараққиётига хизмат қиладиган қонунлар ҳам ишлаб чиқилди. Аммо депутат қонун ишлаб чиқиш билан бирга ижтимоий ҳаётда ҳам фаол бўлиши керак. Зеро, уларнинг асосий қисми мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид масалаларга фаол аралашмагани рост. Аслида эса депутатлар аралашуви туфайли ҳал этиладиган муаммолар ҳамиша бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Бунга истаганингизча мисоллар келтиримиз мумкин. Мана шуларнинг айримлари.

Эсингизда бўлса, 2017 йилнинг август ойида матбуотда ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиевнинг мамлакатимиз олий ўқув юртларига қабулдаги ноҳақликлар ҳақида мақоласи эълон қилинди. Унда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўқишга кирган ва кирмай қолган абитуриентлар ўртасида жуда катта – 70-100 балл фарқ борлиги айтилди. Ўқишга кирганлар рўйхатининг энг охирида турган абитуриент 163,8 балл, «йиқилганлар»нинг биринчи ўрнида турган абитуриент эса 97,3 балл йиққан. Қизиқ ҳолат-а? Шунингдек, ДТМ кодлари рақамлари кетма-кет келган абитуриентларнинг ўқишга киргани ҳам жуда-жуда шубҳали.

Шундан сўнг ижтимоий тармоқлар «портлаб» кетди. Бундай ҳолат бошқа олий юртларида ҳам борлиги очиқ-ойдин ёзилди. Агар шу фикрлар Европадаги биронта мамлакатда айтилганда, шубҳасиз, аввало ўша олий ўқув юртлари раҳбарлари, олий таълим вазири бутун жамоаси билан истеъфо берган бўларди. Кейин текширув ва суриштирувлар бошланарди. Бизда эса ундай бўлмади. Энг ажабланарлиси, мақола ва чиқишларга ҳеч бир идора – Олий таълим вазирлиги ҳам, соҳага алоқадор бошқа ташкилотлар ҳам муносабат билдирмади. Тўғри, Тошкент молия институти раҳбарияти ҳолатни изоҳлашга уринди, лекин жамоатчиликни ишонтира олгани йўқ.

Аслида муносабат билдирмаслик, ҳақиқатни тан олиш деганидир. Халқ мақолида бекорга «Сукут – аломати ризо» дейилмаган. Агар инсон айбдор бўлмаса, ҳар қандай шароитда ҳам ўзини ҳимоя қилади, зарур бўлса судлашади. Лекин ўшанда бундай бўлмади. Ҳеч бир олий ўқув юрти раҳбарияти ўзини ҳимоя қилишга  интилмади, сукут сақлади. Бу шов-шувли вақт ўтиши билан босилиб кетишини кутди. Ва улар тўғри қилишган экан, ҳақиқатан ҳам, шу масала охирига етмай қолди. Гўё олий ўқув юртларида ҳеч нарса бўлмаган ва ҳеч ким жавоб бериши шарт эмас.  

Мени қийнаган нарса ўша бутун мамлакатни оёққа турғазган воқеага, бир-иккита фаол депутатни ҳисобга олмаганда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳам, Сенат ҳам муносабат билдирмади. Гўё улар матбуотда эълон қилинаётган, ижтимоий тармоқларни «портлатган» чиқишлардан хабардор эмас. Гўё улар қонунчилик билан шунчалик бандки, оммавий ахборот воситаларини кузатишга вақтлари йўқ. Аслида улар шу чиқишларни ўқиб қонунлар яратиши, шу пайтгача яратилган қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишлари керак эмасми? Чунки халқ билан гаплашсангиз, уларнинг ичига кириб борсангиз, фикрига, дардига қулоқ солсангиз, ўзингиз яратган қонунларингиздаги камчиликлар, тузатиш лозим бўлган ўринларни билиб оласиз. 

Яқинда таниқли сайтларнинг бирида Самарқанд давлат университети жисмоний маданият факультетининг спорт фаолияти (хотин-қизлар спорти) йўналиши бўйича ўтказилган кириш имтиҳонларидаги ҳолат ҳақида мақола эълон қилинди.

Таҳририятга мурожаат қилган 14 нафар абитуриент қиз имтиҳонларнинг якуний натижасини чиқаришда адолатсизликка ва таниш-билишчиликка йўл қўйилганини таъкидлашган. Улар ўзларининг гапларини турли далиллар билан исботлаш уринишган. Масалани ўрганган мухбир мақоласида шундай жумлалар бор:

«...Қизлар, шунингдек, баскетбол ва волейбол тўпининг фарқига бормаган, 100 метр ва 400 метрга югуришни эплай олмаган қизлар ўқишга кирганини таъкидлашди...

Бу ерда ким ҳақ, ким ноҳақ — фақат ўзларига-ю, Яратганга аён. Масалани фақат ваколатли идоралар вакиллари келиб, видеоёзувларни кўриб, ўрганиб чиқиб, таҳлил қилиб, аниқ бир нарса дейишлари мумкин. Адолатни рўёбга чиқариш учун шундай йўл тутишлари керак ҳам. Университет ходимлари, агар оқ бўлса, албатта, видеоёзувларни битталаб кўрсатиб, ўзларини оқлаб олишлари керак бўлади...»

Мен бир нарсага ҳайрон қоламан. 2017 йилги ҳолатда ҳам, бу йилги ҳолатда ҳам  масаланинг охирига етиш имкони бор эди. Нега уни охирига етказишга, ким ҳақ, ким ноҳақлигини аниқлашга интилмаяпмиз, ҳаракат ҳам қилмаяпмиз? Ёки бу ишдан қайсидир амалдор манфаатдорми? Эътибор беринг, 2017 йилда мамлакатимиз олий ўқув юртларида ва бу йил СамДУда юз берган ҳолат юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси комиссия тузиб, текшириш ўтказиши мумкинмиди? Мумкин эди. Нега халқ сайлаган депутатлар бундай жумбоқли ҳолатларга аниқлик киритишга интилмади, интилмаяпти?  Ваҳоланки, ҳукумат бошлиғининг ҳам ҳисоботини эшитиш, унга талаблар қўйиш ҳуқуқига эга бўлган Олий Мажлис комиссия тузиш ва текшириш учун барча ҳуқуқ ва имкониятга эга. Комиссия таркибига депутатлар, журналистлар, жамоат ташкилотлари вакиллари кирсин. Улар ўша ўқишга кирган ва кирмай қолган йигит-қизлар билан суҳбатлашсин, уларнинг дардини эшитсин, билимини синаб кўрсин. Шунда отаси ёки онасининг лавозими туфайли ёхуд пора эвазига ўқишга кирганлар аниқланади, баскетбол ва волейбол тўпининг фарқига бормаган, 100 метр ва 400 метрга югуришни эплай олмаганларнинг қандай қилиб ўқишга кириб қолгани фош бўлади. Агар абитуриентлар туҳмат қилаётган, шу йўл билан олий ўқув юртининг обрўсини тўкаётган бўлса, уларга нисбатан ҳам чора кўрилади. Бизга шундай ишларга қодир депутатлар керак.

«Давлат тили ҳақида»ги қонун мустақил Ўзбекистонимиз тарихида қабул қилинган биринчи ҳужжат. Яқинда ушбу қонун қабул қилинганининг 30 йиллигини катта байрам қилдик, кенг нишонладик. Лекин тилга муносабат шўролар даврида қандай бўлса, шундайлигича қолмоқда. Мен шу ўринда битта масалагагина тўхталмоқчиман. Газета ходими бўлганим учун бир муаммога кўп дуч келамиз. Одамлар мақоласидаги фамилия ва исмини ўзгартирмасдан, паспортида шундай ёзилганини айтиб, чиқаришимизни талаб қилишади. Албатта, биз бировларнинг фамилияси ёки исмини ўзгартиришга ишқибоз эмасмиз. Лекин кўплаб фамилия ва исмлар ўзбек тили қоидаларига амал қилинмай, саводсизларча ёзилган. Шундай пайтда истаб-истамай фамилияни тўғрилашга ҳаракат қиламиз. Дейлик, Қодировнинг фамилияси паспортида Кадиров, Ортиқовнинг фамилияси Артыков, Қўчқоровнинг фамилияси Кучкаров, Жалоловнинг фамилияси Ждалалов деб ёзилган. Хуллас, бир пайтлар, кўпроқ шўролар даврида, бир саводсиз ходим туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномага шундай ёзиб берган. Ачинарлиси, шу хато бугунгача тузатилмаган. Муаллифларга бунақа фамилия ва исм ўзбек тилида йўқлигини тушунтира олмайсиз. Паспортимда шундай ёзилган деб туриб олади. Бу ҳақда матбуотда кўп ва хўп айтилди. Лекин ўтган ўттиз йил давомида қонун ташаббускорлигига эга бўлган депутатлар бу муаммога барҳам берайлик, бир қонун қабул қилиб, барча фамилия ва исмларни ўзбек тили қоидалари асосида ўзбекчалаштирайлик деган ташаббус билан чиқмади.  Ахир ўтган йилларда неча марта паспорт алмаштирилди. Вақтида шундай ҳужжат қабул қилинганда, ҳамма исм ва фамилиялар аллақачон ўзбекчалашиб бўларди.

Миллионлаб фуқароларимизнинг хорижда, хусусан, Россияда меҳнат қилаётгани яна бир оғриқли нуқтамиз. Улар сони қанчалигини аниқ билмаймиз. Яқин-яқингача, тўғрироғи мамлакатимиз раҳбари улар ҳақида гапирмагунча, меҳнат мигрантларимизни тақдир ҳукмига ташлаб қўйган эдик. Вафот этиб, маблағи йўқлиги учун жасади ўзга юртларда қолиб кетганлари қанча. Депутатларимиз шу ҳолатдан бехабарми? Хабардор. Нега шу масалалар Олий Мажлис йиғилиши кун тартибига қўйлмайди, уларни ҳимоя қилиш масаласи кўтарилмайди? Ахир улар  озмунча маблағ юбормаяптими?

Хуллас, депутатлар ҳал этиши керак бўлган бундай муаммолар  кўп, жуда кўп... Шу боис ҳам сизларга мурожаат қиляпман. Кўрсатаётган номзодингиз ўз фикри, ўз дунёқарашига эгами? Ватанпарварми? Мен янги депутатлар ўз фикрига эга, жамиятда бўлаётган ўзгаришларга муносабат билдира оладиган, жамият ривожига хизмат қиладиган қонунлар яратишга қодир инсонлар бўлишини истайман. Баски, юқоридаги саволни такрорлайман: номзодингиз соқов эмасми?  

Бекқул Эгамқулов,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг