Ногирон қизни зўрлаган шахс беш йилга ҳукм қилинди
2022 йилда кар ва соқов қизни зўрлаган шахс беш йилга қамалди.
«22 ёшли кар ва соқов қизнинг оғиз-қўлларини скотчлаб, уни зўрлаган шахс бундан олдин ҳам турли жиноятлари учун 9 марта судланган. У 2000 йилда ҳам худди шу айб билан қамалган. 2002 йилда Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 3-қисми «а» банди билан айбланган. Тайинланган 6 йил қамоқ жазосининг 4 йилини ўтаб, амнистияга тушган.
Бироқ, 2006 йилда қамоқдан чиқиб, орадан бир неча ой ўтмай, Жиноят кодексининг 226-моддаси (маъмурий назорат қоидаларини бузиш) 1-қисми билан айбли, деб топилган. 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Жисмонан ожиза бўлган кар ва соқов қизни уриб, қийнаб, унга зўрлик ишлатиб, оғиз ва қўлларини скотч билан боғлаб, унинг номусига теккан 41 ёшли шахс суд ҳукми билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган»,-деди «Xabar.uz»га жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди раиси Бобур Умаров.
Воқеага кўра, ғиждувонлик фуқаро М.Ф. туман марказидаги «Бек» ошхонасида тушлик қилган. Унга ошхона ошпази Ҳ.А.нинг кар ва соқов жияни Д.Й. (2000 йилда туғилган) хизмат кўрсатган. У мижоз сифатида ошхонага кирган М.Ф.дан бошқа мижозлар қатори нималар тановвул қилишини имо-ишоралар орқали сўраган. М.Ф. овқатланган ва ошхонадан чиқиб кетган. Шунга қарамасдан, у ошхона атрофида айланиб юрган ва кетмаган бўлган.
Орадан 3-4 соатларча чамаси ўтгач, намозгар пайтда қиз уйига кетиш учун йўлга чиққан ва уйида таксида кетиш учун қўл кўтарган. Бу пайтда эса М.Ф. қизнинг йўлини тўсиб, унинг қаёққа кетаётганини сўраган.
Қиз имо-ишоралар орқали уйига кетаётганини билдирган. М.Ф. қизга гўёки ёрдам бериш учун уни такси ёллаб, уйига олиб бориб қўйишини тушунтирган. Қиз ҳам унга мижоз сифатида унга ишонган ва у билан бирга фуқаро Ф.Қ.га тегишли Matiz автомашинасига ўтирган. Кўп ўтмай, автомашинанинг бошқа манзилга елиб бораётганидан безовталанган қиз уйи бошқа томонда эканини тушунтиришга уринган. М. эса таксини тумандаги «Гулистонобод» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган Бойхотин қишлоғидаги ўзи яшайдиган хонадон дарвозаси олдида тўхтатган. Қиз қўрқиб, автомашинадан тушмаслигини имо-ишора ва турли товушлар орқали билдиришга уринган. Ҳаракатлари билан қаршилик кўрсатган. Ҳайдовчи ўзига аввалдан нотаниш бўлган эркакдан қизнинг нима деяётганини сўраган. М.Ф. эса ҳайдовчига бу ишга аралашмаслигини, ёлғондан у жияни эканини айтган.
Ҳайдовчи кетган. Эркак куч ишлатиб, қизни ўзи яшайдиган ҳовлига судраб олиб кирган. Унинг оғзини скотч ва ёстиқ билан ёпиб, қўлини ҳам қайириб, скотч билан ўраб, қийнаган. На гапира оладиган ва на эшита оладиган иккинчи гуруҳ ногирони бўлган қизнинг номусига шафқатсизларча теккан. Ва М.Ф. маст ҳолатда бўлгани учун гандираклаб қолган вақтда абгор ҳолатдаги қиз кўчага бақириб, йиғлаб, қочиб чиққан.
«Худди шу вақтда қизни унинг қўшниси бўлган бир ўсмир йигит велосипед билан ўтиб кетаётганда кўриб қолган. У қиздан ҳол сўраган. Қиз унга йиғлаб, унга бир эркакнинг зўравонлик қилганини, буни зудлик билан уйидагиларига бориб билдиришини тушунтирган. Шу вақтда эркак яна пайдо бўлиб қолган ва ўсмирга босим ўтказган: «Агар сен мени сотиб, бирор кишига бу қизни бу ерда кўрганингни айтсанг, сени Ғиждувонда юришга қўймайман, таниш ўртоқларимга айтиб, сени йўқоттириб юбораман», дея қўрқитган»,-дейди суд раиси.
Ўсмир йигит чаққонлик қилиб, шу атрофдаги қўни-қўшниларни ёрдамга чақирган. Одамлар югуриб етиб келишган ва яқинлари келгунга қадар кар ва соқов қизга ғамхўрлик кўрсатишган.
«Суд-тергов ишлари давомида М.Ф.нинг уч маротаба уйлангани ва айни воқеа содир бўлган вақтда унинг учинчи хотини Н.Ж. Тошкент шаҳрига даволаниш учун кетгани аён бўлди. Ҳолат юзасидан жиноят иши очилган. Судланувчи 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. У айни пайтда муддатни оғир тартибли колонияларда ўтамоқда»,-деди Бобур Умаров.
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter