Нобель мукофоти лауреати Ўзбекистонга ташриф буюради
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан япониялик машҳур олим, Нобель мукофоти лауреати Рёдзи Ноёри шу йилнинг 28-31 август кунлари Япониянинг Нагоя университети Президенти Мацуо Сейити раҳбарлигидаги делегация таркибида мамлакатимизга ташриф буюради.
Рёдзи Ноёрининг Ўзбекистонга ташрифи юртимиз илм-фан ҳаётидаги муҳим воқеа саналиб, у Халқаро Нобель фонди билан келишилган ҳолда ташкил этилмоқда. Бу эса нуфузли Халқаро ташкилот томонидан мамлакатимиз жаҳон илми-фани тараққиётига қўшган ҳиссасининг тан олиниши ҳамда бугунги кунда юртимизда илмий салоҳиятни ривожлантиришга бўлган муносабатининг эътирофидир, деб ёзмоқда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати.
Делегация аъзоларининг Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва Фанлар Академияси раҳбарияти билан учрашувлари режалаштирилган.
Ташриф доирасида Рёдзи Ноёри ўзбекистонлик ёш тадқиқотчилар, олимлар билан учрашади, улар учун маъруза қилади. Нагоя университети делегацияси аъзолари иштирокида ўзбек-япон илмий симпозиуми, давра суҳбати ҳамда Самарқандга ташриф кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter