Қирғизистон ҳукуматининг ниқобсиз фотосессияси ижтимоий тармоқларда норозилик уйғотди

«Қирғиз Республикаси собиқ бош вазири Муҳаммедкалий Абилгазиев билан ҳукумат уйидаги хайрлашув маросими (17 июнь)да ниқобсиз фотосессия ташкил этганимиз учун барчадан кечирим сўраймиз». Мамлакат ҳукумати матбуот котиби Чингиз Эсенгулов «Facebook»даги саҳифасида шундай ёзди.
Ҳукумат аъзоларининг ниқобсиз, оралиқ масофага риоя қилинмаган фотосурати ижтимоий тармоқларда тарқаб, кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлганди.
Эсенгулов бу эътирозлар ўринли эканини, хатосига иқрорлигини айтиб, шуни ҳам қўшимча қилди:
«Бироқ битта сурат, битта тадбир ҳукуматнинг коронавирусга қарши амалга оширган ва ошираётган ишларига соя ташлашини истамасдим. Бўлган ишларга шунчаки инсоний кўз билан боқишни ва ҳар хил бўлмағур фикрлар билдиришдан йироқ бўлишни сўрардим».
Эсенгулов пандемия даврида ҳар бир ходим барча санитария меъёрларига риоя қилиб ишлаётганини таъкидлади. Ҳукумат биносига киришдан аввал ҳар бир кишининг тана ҳарорати ўлчаниб, шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб) борлиги текширилади, бинода қўлни дезинфекциялаш учун санитайзерлар мавжуд.
«Кечаги фотосессия режада йўқ эди, бу қарорга фавқулодда бир овоздан келинди, шундай дақиқаларни тарихга муҳрлаб қўймасак ҳам бўлмасди-да. Ҳаммаси жуда тез бўлиб ўтди. Аммо бу масъулиятни зиммамиздан соқит қилишимизни англатмайди. Иш бор жойда камчилик бўлади», — деди Эсенгулов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter