Нетаняху Путин билан Сурия борасидаги муносабатларни кучайтирмоқчи
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху душанба куни Москвада Россия президенти Владимир Путин билан Сурия бўйича икки мамлакат қуролли кучларини мувофиқлаштиришни кучайтиришни муҳокама қилишни режалаштирган. Бу ҳақда у якшанба куни яҳудий давлати ҳукуматининг ҳафта якунига бағишланган йиғилишида маълум қилди, дея хабар бермоқда ТАСС.
«Эртага мен Москвада Россия президенти Владимир Путин билан учрашаман. У билан Яқин Шарқдаги воқеалар ривожи ҳамда икки мамлакат армияларини мувофиқлаштиришни кучайтиришни муҳокама қилмоқчиман. Шунингдек, Исроил хавфсизлигига оид бошқа муҳим масалаларни ҳам муҳокама қиламан», — деди Нетаняху. Шунингдек, у Москвадаги Яҳудий музейи ва толерантлик марказида «Собибор: ўлимни енгганлар» кўргазмасининг очилишида қатнашишини айтди. Бош вазирнинг баёнотини якшанба куни унинг девони тарқатди.
Исроил Суриядаги можарода тарафларнинг ҳеч бирини қўллаб-қувватламаслигини ва қўшни араб мамлакатидаги вазиятни тартибга солиш борасидаги музокараларда қатнашмаслигини таъкидлаб келади.
Кремл матбуот хизматининг хабар беришича, Путин 29 январь куни мамлакатга қисқа муддатга келадиган Нетаняху билан Суриядаги вазиятни муҳокама қилади. Икки давлат раҳбарлари Халқаро холокост қурбонларини хотирлаш куни муносабати билан ўтказиладиган маросимларда иштирок этади, шунингдек, Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳрининг фашистлар қамалидан тўлиқ озод қилинганининг 74 йиллигига бағишланган тантаналарда ҳам қатнашади.
2018 йилда фашистларнинг «Собибор» концлагеридаги маҳбуслар ғалаёнининг 75 йиллиги нишонланади. Ушбу ғалаён Иккинчи жаҳон уруши тарихида маҳбуслар ғалабага эришган ягона ғалаён ҳисобланади. Нетаняху сафарининг муҳим қисми Москвадаги Яҳудий музейи ҳамда толерантлик марказида ташкиллаштириладиган «Собибор: ўлимни енгганлар» кўргазмасининг очилишига тўғри келади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter