Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нестеровнинг «допинг можароси». Терма жамоа бош шифокори билан суҳбат

Нестеровнинг «допинг можароси». Терма жамоа бош шифокори билан суҳбат

Фото: ЎФА матбуот хизмати

Дарвозабон Игнатий Нестеров ҳақида турли хил гап-сўзлар ва муносабатлар кўпайиб кетганлиги сабабли ЎФА Матбуот хизмати миллий терма жамоамиз бош шифокори Аброр Пирриев билан суҳбат уюштириб, ОФКнинг бу борадаги охирги хулосаси чиққунига қадар мазкур ҳолатга мутахассис сифатида ойдинлик киритиб беришни сўради.

— Аброр ака, сиз терма жамоа бош шифокори сифатида Игнатий Нестеров борасида ОФКдан келган хат ҳақида биринчилардан бўлиб хабар топгансиз. Лекин хатда кўрсатилганидек, охирги хулоса чиқарилмагунча бу ҳақида оммага ошкор қилмай турилган. Шундай бўлса-да, бугунги ахборот замонида бирор нарсани сир сақлаш қийин. Шу сабабли мухлислар учун Нестеров билан боғлиқ вазият ҳақида батафсил маълумот бериб ўтсангиз.

— Авваламбор «допинг» тушунчаси ҳақида оддий мухлисга тушунадиган тарзда тўхталиб ўтсам. Допинг — бу спортчининг ВАДА (жаҳон антидопинг агентлиги) томонидан тақиқланган дори воситасини истеъмол қилиши. Ушбу тақиқланган воситаларни шартли 3 гуруҳга бўлиш мумкин:

  • Спортчининг қабул қилиши қатъиян тақиқланган воситалар;
  • Спортчи даволаниш кўрсатмаси асосида қабул қилиши мумкин бўлган воситалар;
  • Кўрсатмаларсиз истеъмол қилиш мумкин, лекин допинг текшируви бланкасида қайд этилиши керак бўлган воситалар. (Игнатнинг вазияти 2-гуруҳга тўғри келади).

Бизда допинг сўзи жуда бир ваҳимали талқин килинади-ки, бу билан спортчи албатта даҳшатли таъсирга эга булган препарат қабул қилган деб тушунилади. Ҳолбуки, оддийгина бош оғриги учун ичилган «Цитрамон» ҳам допинг деб топилиши мумкин, агарда у шифокорга айтилмаса ва допинг варағида ёзилмаган бўлса. Сиз ўзингизни ёки бошқа бировни «Цитрамон» ичганликда айблай олмайсиз, тўғрими? Аммо профессионал спорт билан ҳаётини боғлаган спортчиларимизда шунга ўхшаш маъсулиятли вазиятлар мавжуд. Шунинг учун мухлис ва мутахассисларимиздан бир нарсани илтимос қилардим-ки, ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларда вазиятга тўғри баҳо берган ҳолда, терма жамоамиз ғалабаларига катта ҳисса қўшган дарвозабонимизни ушбу мураккаб вазиятда қўллаб-қувватловчи фикрлар билдиришса, адолатдан бўларди.

— Умуман, Осиё Кубоги мусобақаси доирасида терма жамоамиздан неча киши допинг текширувидан ўтказилди?

— Умумий ҳисобда Осиё Кубоги мусобақаси доирасида бизнинг жамоамиздан 12 нафар футболчи допинг текширувидан ўтказилди. Дарвозабонимиз Осиё Кубоги гуруҳ босқичининг 1-ўйинидан кейин (9 январда бўлиб ўтган Уммонга қарши ўйиндан кейин)  допинг текширувидан ўтган. Шуни айтиб ўтиш жоизки, одатда мусобақа доирасидаги допинг текширувлар натижаси ушбу мусобақа тугагунига қадар маълум бўлади, чунки бирор футболчида у ёки бу тақиқланган модда топилса, унга ўша мусобақа давомидаёқ чора кўрилади. Аммо мустасно тарзда анча кеч муддатларгача текширилиши ҳам мумкин, биздаги вазиятга ўхшаб.

— Аброр ака, Нестеровда кандай тақиқланган модда топилган ва у нима мақсадда ишлатилади, организмда қанчалик узоқ муддат сақланиб қолади?

— Игнатий Нестеров борасида ОФК охирги хулосасини чиқармас экан, суҳбатимиз фақатгина мухлислар учун маьлумот тарзида қабул қилиниши керак. ЎФАга юборилган мактубда дарвозабонимизда «сибутрамин» моддаси топилгани айтилган. Бу модда асосан вазнни камайтириш учун қўлланиладиган дори воситалари таркибига киради. Дарвозабонимизда топилган модда фақат мусобақа давридагина тақиқланувчи таркиб бўлиб, уни футболчи мусобақадан ташқари даврда (терма жамоада бўлмаган даврида) қабул қилганида ёки мусобақа даврида ичмай турганида ҳам унда бу модда аниқланмаган бўлар эди. У организмда узоқ вақт турмайди.

Шу ўринда бир вазиятни алоҳида таъкидлаб ўтишим жоиз. Бугунги кунда витамин ва БАД (биологик фаол қўшимчалар) ишлаб чиқарувчи компаниялар жуда ҳам кўпайиб кетган. Тақиқланган модда топилаётган кўп спортчилар қабул қилган БАД воситалари таркиби ўрганилганда, рақобатдош компаниялар ўз маҳсулотларининг самарасини ошириш мақсадида турли эгри йўлларни танлашмоқда. Бу ҳақида сўнгги пайтларда ўтказилаётган  халқаро спорт конференцияларида ҳам кўп гапирилмоқда. Улар ўз маҳсулотлари аннотациясида таркибини  «тоза» деб, яъни фақат табиий ўтлардан иборат ёки спортчи учун тақиқланган моддалар йўқ, деб ёзиб, аслида эса тақиқланган кимёвий моддалар қўшиб тайёрлашмоқда. Игнатий Нестеров ҳам шундай ҳолат курбонига айланди.

— Бундай ҳолатлардан қандай қилиб муҳофазаланиш мумкин?

— Бунинг учун факатгина ишончли, ВАДА ва бошқа халқаро спорт ташкилотлари билан ҳамкорликда ишловчи компаниялар маҳсулотини қабул қилиш лозим. Худди шу сабабли ЎФА бугунги кунда терма жамоамиз тиббий хизматини мукаммал ташкил қилиш мақсадида Европанинг топ клуб ва жамоалари билан ҳамкорлик қилувчи Швейцариянинг «Sponcer» компанияси билан шартнома тузган. Ҳозирда барча витамин ва энергетик воситаларни мазкур компаниядан тўғридан-тўғри харид қилмоқдамиз.

Бугунги кунда миллий терма жамоамизда тўлалигича тиббий таъминотимиз мавжудки, футболчининг бошқа қўшимча нарсалар қабул қилишига умуман ҳожат йўқ.  Шу сабабли терма жамоа йиғинига кирган ҳар бир футболчи жамоа шифокори берган дори воситалари ва витаминлардан ташқари рухсатсиз бирор дори қабул қилишга ҳаққи йўқ. Ушбу маъсулият мусобақа даврида 2 ҳисса кўпаяди. Чунки Осиё Кубоги, Жаҳон Чемпионати саралаш ўйинлари каби халқаро расмий учрашувларда футболчиларнинг допинг назорати кучайтирилган тарзда олиб борилади. Бу жараён Нестеровдек тажрибали дарвозабонимизга нотаниш эмас эди. Бу ҳақда мусобақа олдидан ўтказилган Туркия йиғинида, шунингдек, мусобақа давомида ҳар бир ўйин олдидан терма жамоа шифокорлари ва мураббийлар штаби томонидан футболчиларга бот-бот эслатиб турилди. Шунга қарамай, рўй берган ушбу ҳолат, албатта, нохушдир.

— Футболчи ҳам «иссиқ жон», касал бўлиши, жароҳат олиши бор. Юқорида айтиб ўтганингиздек, оддий дорилар ҳам допинг текширувида тақиқланган восита бўлиб чиқиши мумкин. Сиздаги мавжуд витамин ва дори воситаларининг мусобақа даврида қўлланилиши қандай назорат қилинган?

— Мен бошчилигимдаги тиббий штаб мусобақа олдидан тиббий таъминот юзасидан ЎФАга билдирги бериб, қандай дори-дармон, витамин ва боғлов материаллари зарурлигини кўрсатиб ўтади. Юқорида айтиб ўтганимдек, маҳаллий дори воситалари билан бир қаторда барча витаминларимиз, энергетик ичимликларимиз белгиланган компаниядан харид қилинади. Мен уларни тасдиқланган шаклда мусобақадан олдин ОФК  ва БАА ташкилий қўмитасига юборганман. Яъни, мен мусобақага қандай препарат ва витаминларни олиб боришим ва ишлатишим ҳақидаги барча маьлумот ОФК ва у орқали Антидопинг Ташкилотига маьлум эди. Бундан ташқари, агарда қайсидир футболчи касал бўлиб қолса ёки жароҳат олса, мен бу ҳақида ёзма равишда ОФКга билдираман ҳамда қандай муолажаларни қилганимни ва қандай дори воситаларини ишлатганимни ҳисобот тарзида юбориб тураман.

Уларда бирор шубҳа пайдо бўлса, менга ёки ЎФАга албатта билдирган бўлишарди. Агарда ушбу муаммо дори воситаси ёки витаминлар билан боғлиқ бўлганида, ўз эътирозимизни бизни тиббий таъминлаётган компанияга билдиришимиз ёки қонун доирасида арз қилишимиз мумкин бўларди. Ҳозирги вазиятнинг яна бир қийин тарафи шундаки, дарвозабонимиз қабул қилган Хитойда ишлаб чиқарилган БАДни олиб келган ва сотган воситачилар фаолиятининг қонунийлигига кафолат йўқ.

Дарвозабонимиздаги допинг масаласи маълум қилинганидан бошлаб бугунги кунгача ЎФА мутасаддилари томонидан ушбу вазиятга ойдинлик киритиш, дарвозабонимиз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ОФКнинг сўнгги хулосаси имкони борича «юмшоқроқ» бўлиши мақсадида барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

— Суҳбат учун катта раҳмат.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг