Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нега самолётда қулоқ оғрийди? Унга қарши мутахассис маслаҳати

Нега самолётда қулоқ оғрийди?  Унга қарши мутахассис маслаҳати

Фото: «Otospektr.com»

Тумовга чалиниш парвозни бекор қилишга жиддий асос бўлолмайди. Шунга қарамай, ринит безовта қилганида самолёт бортига кўтарилиш — яхши фикр эмас, деб ёзади «АИФ». Нима учун, деган саволга эса оториноларинголог шундай жавоб беради.

— Тумовни осмондан кўра ерда ўтказиш осонроқ. Ринитга чалинган пайт учишга мажбур бўлганлар буни яхши билишади: ҳатто парвоз силлиқ кечган тақдирда ҳам, қўнаётганда қулоқларда чидолмайдиган даражада кучли оғриқ туриши мумкин. Одатда у бир соатдан бир кунгача давом этади, — дейди эксперт.

Оториноларинголог Кира Базаркинанинг изоҳлашича, бежизга оғриқ айнан қўнаётганда келиб чиқмайди.

— Қулоқларимиз эшитиш найи орқали бурун билан боғланган. Самолёт осмонга кўтарилганда, бурун-ҳалқум ва бурун бўшлиғидаги озгина шиш қулоқ тешигига ўтиб, уни ёпиб қўяди. Бунда қулоқ бўшлиғида қолган ҳаво секин-аста сўрилади, ундаги босим пасаяди, қулоқ пардаси тортилади. Парвозда буни деярли сезмаймиз, бироқ қўнаётганда, ташқи босим кескин кўтарилганда ва қулоқ пардасига таъсир қилганда, у янада қаттиқроқ тортилади, натижада оғриқ келиб чиқади.

Тумов пайтида учишга мажбур бўлиб қолган одамларга шифокор қуйидаги тавсияни беради:

— Мен беморларга парвозга ўзи билан бирга томирларни торайтирувчи бирорта спрей олиб кетишни маслаҳат бераман. Қулоқларингиз одатда қачон битишини эсланг: учаётгандами ёки қўнаётганда? Агар қўнаётганда битса, бир соат олдин томирларни торайтирувчи препаратдан фойдаланинг. Борди-ю, безовталик учаётганда кузатилса, дорини парвоздан бир соат олдин қўлланг. Ана шу оддий усул орқали бурун бўшлиғи ва қулоқ тешигидаги шишни бартараф эта оламиз. Шунда бутун парвоз давомида ички ва ташқи босим бир хил бўлади ва саёҳатингиз мароқли кечади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг