Нега НАТО самолётлари Украинани эмас, Исроилни ҳимоя қилди? The Atlantic сабабини тушунтирди
Шанба оқшомидаги катта ҳужумда Ғарб Исроилни ўз қўллари билан ҳимоя қилди, айни бир пайтда Украинани шундай қўллаб-қувватлашни ҳатто хаёлига ҳам келтираётгани йўқ. Сабаби битта — Украинага ядровий давлат ҳужум қиляпти, Исроилга ҳужум қилаётган давлатнинг эса атом бомбаси йўқ. Воқеаларни нуфузли The Atlantic журнали таҳлил қилди.
Журналдаги мақолада таъкидланишича, Россия нафақат ядро қуролига эга, шунингдек, уни қўллаши мумкинлиги билан тинмай таҳдид солиб келади. Муаллифнинг фикрича, айнан шу ҳолат НАТОни Украина мудофаасида бевосита қатнашишдан тийиб турибди.
Исроил билан вазият бунинг акси бўлибгина қолмай, мутлақо бошқача: Исроилнинг ўзида ядро қуроли бор (гарчи буни тўғридан-тўғри тан олмаса-да). Шунинг учун ҳам Ғарб кимдир Исроилга ўта катта зарар етказишидан ва бунга Исроил ядровий зарба билан жавоб беришидан чўчийди.
«Қолган дунё бундан бир нечта сабоқ чиқариши мумкин (...) Ядровий қуролингиз бўлса, хавфсизлигингиз анча яхши таъминланади. Ядровий қалқон билан нафақат душман ҳужумларини қайтаришингиз, балки бошқа мамлакатларга ҳужум уюштириб жазодан қутулиб қолишингиз мумкин, айрим вазиятларда бошқалар ҳам сизнинг мудофаангизга қўшилади», — деб ёзди The Atlantic.
13 апрелдан 14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга ракета-дронлар кенг кўламли ҳужумини уюштирди. Сон-саноқсиз ракеталар ва дронларнинг аксарияти Исроил осмонига етиб келмасидан уриб туширилди. Уларни қайтаришда нафақат Исроил, шунингдек, АҚШ, Франция, Буюк Британия ва Иордания ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчи самолётлари қатнашган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter