Назарбоевнинг сурати «йигирма мингталик» тенгедан ҳам олиб ташланади (фото)
Қозоғистон Миллий банки номинал қиймати 20 минг тенге бўлган купюранинг янги дизайнини эълон қилди.
«Қозоғистон Миллий банки 2022 йил 1 октябрдан номинал қиймати 20 минг тенге бўлган купюрани муомалага киритади», – дейилади жума кунги регулятор маълумотида.
Қизиғи, 20 минг тенгелик янги банкнотада собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг портрети йўқ.
Бунга қадар мамлакатда 2015 ва 2021 йиллар 20 минг тенгелик банкноталар муомалага чиқарилган. Хусусан, 2021 йилнинг декабрида босилган 20 минг тенгелик банкнотларда биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг сурати ҳам акс этган эди. Кейинроқ Миллий банк бу банкнот Қозоғистон мустақиллигининг 30 йиллиги шарафига «юбилей» эканлиги ва у чекланган тиражда чиқарилгани билан изоҳлаганди.
Мазкур банкнотнинг янги дизайни олд томонида Қозоғистоннинг давлат рамзлари, «Қазақ Елі» монументи, «Мәңгілік Ел» ғалаба аркаси, «Басқұр» қозоқ миллий орнаменти парчаси ҳамда Мустақиллик йилларини ифодаловчи «30» рақами тасвирланган. Орқа томонида эса Остона ва Оқўрда қароргоҳининг панорамали кўриниши мавжуд.
Ҳисоботда қайд этилишича, банкнотда 25 та ҳимоя элементи мавжуд ва у дунёдаги энг хавфсиз купюралардан бири ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида мамлакатда бўлиб ўтган воқеалар ортидан Нурсултон Назарбоев нафақат Қозоғистон сиёсатидаги, балки ижтимоий ҳолатлардаги ўрнини ҳам бой бермоқда. Жумладан, мамлакат пойтахтига Остона номи қайтарилди, Биринчи президент кунини байрам сифатида нишонлаш бекор қилинди, ваҳк.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter