Наманганда халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми иш бошлади
13 сентябрь куни Наманган вилоятида йирик халқаро анжуман – «XXI асрда тиббиёт ва фармацевтикани ривожлантиришда инвестиция ва инновацияларнинг роли» мавзуидаги Халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми ўз ишини бошлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
13-14 сентябрь кунларида икки кун давом этадиган Форумда жаҳоннинг 30 дан ортиқ давлатидан, хусусан Россия, Туркия, Жанубий Корея, Япония, Уммон, Германия, Буюк Британия, Франция, Италия, Ҳиндистон, Миср, Исроил, Сингапур, Малайзия, Озарбайжон, Қозоғистон, Беларусь, Болгария, Саудия Арабистони, Туркманистон ва Украинадан 150 нафар хорижий компаниялар вакиллари ва тиббиёт соҳасининг етук олимлари иштирок этишмоқда.
Форумнинг биринчи куни эрталабки дастуридан Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг хорижлик инвесторлар билан музокаралари ҳам ўрин олди.
Куннинг иккинчи ярмида бешта йўналиш - эндокринология, кардиология, жарроҳлик, оналик ва болалик муҳофазаси ҳамда фармацевтика бўйича секция йиғилишлари бошланади.
Форум доирасида хорижий тадбиркорлар билан тиббий хизматлар ва фармацевтикага оид кўп миллион долларлик қатор инвестицион шартномалар имзолаш кутилмоқда.
Эртага тиббиёт соҳасининг таниқли намояндалари иштирокида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида, вилоят перинатал марказида ва вилоят кардиология марказида ҳамда «Анамед» ва «Ойдин шифо» хусусий клиникаларида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.
14 сентябрь куни Россия Федерацияси Урал давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда Наманган давлат университетида ташкил этилган қўшма тиббиёт факультетининг очилиш маросимини ўтказиш режалаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter