Наманган шаҳар ҳудудини қарийб 500 гектарга кенгайтириш режалаштирилмоқда
Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бугун, 24 августдаги мажлисида айни кунларда «Наманган шаҳрида «Янги Наманган шаҳарчаси» замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича аҳоли турмуш даражаси сифатини яхшилаш, ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида Наманган шаҳрини истиқболда «бир миллионлик шаҳар»га, яъни мегаполисга айлантириш, халқаро замонавий брендлар ва йирик компанияларнинг шаҳарга кириб келиши, урбанизация жараёнлари сезиларли даражада тезлашиши, шаҳарнинг «ақлли шаҳар» концепсияси асосида бошқариш тизими яратилиши кўзда тутилган. Қолаверса, Наманган шаҳрида бир йилда аҳолининг ўртача ўсиши 30,3 минг кишини ташкил этиши ҳисобга олинган ҳолда 2040 йилга келиб аҳоли сони табиий равишда 1,2 млн. кишига етиши прогноз қилинмоқда.
Шу боис «Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ва Наманган шаҳри Давлатобод туманининг, шунингдек, Наманган шаҳрининг чегараларини ўзгартириш тўғрисида»ги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қарори лойиҳаси билан Наманган шаҳрини «миллионли шаҳар»га айлантириш мақсадида унга чегарадош бўлган Тўрақўрғон туманидан 472,4 гектар ер майдонини қўшиб бериш, ҳудудда «Янги Наманган шаҳарчаси» замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Қайд этилганидек, ушбу қарорнинг қабул қилиниши аҳолини муносиб иш ўринлари билан таъминлаш мақсадида шаҳарадаги мавжуд савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектларида, шунингдек майдони 164,2 гектар бўлган 4 та кичик саноат зонасида 41,0 мингдан ортиқ янги иш ўринларининг яратилишига эришилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter