Наманган Эрон ва Хитой билан рақобатлашади — вилоятда янги корхона очилди

Марказий Осиёдаги давлатларнинг ўзида йилига 1 миллиард олти юз миллион долларлик керамика маҳсулотларига эҳтиёж борлигини билармидингиз? Унга ёндош бўлган ҳудудлар ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Xabar.uz мухбири кеча Президент Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган кафел ишлаб чиқариш корхонасида бўлди ва яқиндан маълумот олди.

Art Soft Ceramics Holding компанияси мутахассислари томонидан таъкидланишича, кафел маҳсулотига бўлган эҳтиёж Ўзбекистонда ҳам оз эмас. Аммо афсуски юртимиздаги ички талаб фақат 45 фоизга маҳаллий ишлаб чиқариш эвазига қондирилади. Қолган 55 фоиз маҳсулот эса шу вақтгача Хитой ва Эрондан келтирилган. Шунингдек қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳам улардан кафел сотиб олишади.
Намангандаги Art Soft Ceramics Holding корхонаси айнан шу соҳада етакчи давлатлар билан рақобатлашиш учун қурилди. Корхона тўлиқ ишга тушса, импортга бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланади ва ён-атрофдаги бозорларга ҳам чиқариш мумкин.

Art Soft Ceramics Holding корхонасининг ўзига ҳос жиҳати шундаки, бу ерда 100 фоиз маҳаллий хом-ашё эвазига иш олиб борилади. Ишлаб чиқариладиган маҳсулот сифати эса ҳар қандай хориж корхонасиникидан қолишмайди. Чунки технология тўлиқ Япония ва Италиядан келтирилган. Бунақаси ҳали Ўзбекистонда бўлмаган.
Кафел — 1250 даража иссиқда пишади. Корхона технологияси бирламчи маҳсулотни ишлаб чиқаришга қаратилган энергияни турбиналар орқали қайта печга йўналтиради ва 30 фоизга қадар тежаш имконини беради.
Бу эса ўз-ўзидан маҳсулот таннархи тушишига олиб келади. Бозорда бир метр квадрати 6 доллардан сотилаётган маҳсулотнинг таннархи 2 долларни ташкил этади, ҳолос. Демак нарх тушиши ва рақобат кучайишини кутишимиз мумкин. Мабодо уйингизни таъмирлашни режалаштираётган бўлсангиз, сал шошилмасликни маслаҳат берамиз. Тез орада Art Soft Ceramics Holding маҳсулотлари бозорга кириб келади.

Корхона ҳозирча 7 турдаги кафел маҳсулотларини ишлаб чиқаради. Иккинчи линия ишга тушиб олсин, танлов ҳам ошади. Шунингдек иш билан таъминланган юртдошларимиз салмоғи ҳам.
Олдинга қўйилган дастлабки марра эса— Марказий Осиё бозоридан Хитой ва Эрон компанияларини сиқиб чиқариш. Кейин эса, балки уларга ҳам кафел юборармиз...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter