Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Наҳотки, менга паспорт беришади»

«Наҳотки, менга паспорт беришади»

Фото: Xabar.uz

Ҳаётда ҳар ким ўз ўрни, муносиб яшаш шароити, оиласи, севган касби, ижтимоий кафолатланганлик, қолаверса, тинчлиги, ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкам ҳимоя қиладиган Ватани билан бахтли. Ушбу неъматларнинг барқарорлигини таъминлаб, муҳрлаб қўйган ҳаёт китоби – Ўзбекистон Республикасининг Конституциясидир.

Сўнгги йилларда қанча-қанча одамлар «Ўзбекистон фуқароси» деган шарафга эришдилар. Шундай пайтда қувонч ёшлари юзини ювган, фуқаролик гувоҳномасини кўзига суртиб, шукроналар келтирган юртдошларимизни кўп кўрдим.

Одатда имконияти чекланган инсонларни қалби ўксик дея ардоқлашга ҳаракат қиламиз. Фуқароликка етиш орзусидаги кўнгли кемтик инсонлар ҳам ниҳоят ватан эътиборига, ардоғига муяссар бўлишяпти, буни эътироф этмай бўладими?!

Шу маънода ҳар йили байрам арафаларида, айниқса, Конституция кунидаги ширин орзулар, кутишлар, интиқликларни уни бошидан кечирган инсонларгина билади. Айтишларича, бир кўнгилни обод айламоқ – Муборак Ҳаж зиёратини адо этмоқлик билан баробар экан.

Шу кунларда яна шундай мутаассир дамларга гувоҳ бўлдик. Пойтахтимизнинг Юнусобод тумани паспорт бўлимига чақирилган бир гуруҳ фуқаролиги йўқ шахслар орасида туриб улар сўзларига қулоқ тутдик: «Ишонасизми, кутилмаганда қўнғироқ қилиб, «паспорт бўлими»га келиб кетинг, дейишганида юрагим қалқиб кетди. Наҳотки, менга паспорт беришади, деб кўзимдан ёш чиқди...». «Вой, нимасини айтасиз, Конституция кунида албатта қувончли хабар эшитаман деб ишонган эдим, шу ишни бошида турганлар дунё тургунча туришсин!»

Шундай эзгу тилаклар менинг ҳам хаёлимдан ўтганини инкор этолмайман. Зеро, мен ҳам чорак асрдан буён шу орзу-истаклар рўёбини кутиб юрганлардан бириман. Дарҳақиқат, навбатда турганлар нигоҳида қувонч, бахтиёрлик, миннатдорлик ифодалари мужассам: кимдир байрамда, кимдир Янги йилгача олар эканмиз паспортимизни, дея энтикиб, шодлигини яширолмайди.

Алҳол, Ватанинг паноҳида, жамият ардоғида яшашнинг, Ўзбекистон фуқароси деган шарафга муносиб бўлишнинг улуғ неъмат эканини идрок эта олиш бахти ҳар кимга насиб этсин деймиз.

С.Рихсиева,
«Маданият» газетаси мухбири

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг