Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Музқаймоқ сотган, устачилик қилган йигит овози билан танилди, тан олинди (видео)

Музқаймоқ сотган, устачилик қилган йигит овози билан танилди, тан олинди (видео)

Икки-уч кундан бери Facebook лентасида бир йигитчанинг Х factor кўрсатувида қўшиқ айтгани айланаётганди. Шунчаки эътиборсиз ўтиб кетаётгандим. Бугун вақт топиб шу постлардан бирини кўрдим ва инсоннинг тақдири бир неча дақиқаларда ўзгариб кетишига ишондим.

Фазлиддин Абдувоҳидов исмли истарали ёш йигит турк қўшиқчисининг қўшиғини айтаётганди. Овозига шунчаки сеҳраланасиз...Ва  кўрсатувнинг ҳайъат аъзолари ҳам ҳайратини яширолмаганини кўришиингиз мумкин. Таниқли қўшиқчи Муниса Ризаева уни ўз гуруҳига қўшиб олгани эса яна бир – бу йигитча учун омад, ўз устида ишлаши, ривожланиши учун имконият.

Инстаграмдан «Х factor»  кўрсатувини топдим, ундан сўнг эса обуначилар орасидан Фазлиддинни – у «қўллаб-қувватлаганларингиз учун барчангизга рахмат», деб изоҳ қолдирган экан.

Инстаграмдаги саҳифаси бир йил олдин очилган бўлиб видеолар жуда кам эди. Аммо ҳар бир чиқиши ўзига хос, ҳатто қурилишда ишлаётганда қўшиқ айтаётган видеолари ҳам. Бир йил олдин бор-йўғи саноқли обуначилари бўлган Фазлиддиннинг кўрсатувдан кейин обуначилари 100 мингдан ошиб кетганини кўриш мумкин.

Кўпнинг дуоси кўл...

Мен Фазлиддиннинг ижоди ва у билан яқиндан танишиш мақсадида оз бўлса-да барча видеоларини кўриб чиқдим. Ва бир нарсага амин бўлдимки, унда санъатга яқинлик, қобилият бор. Яъни скрипкани турли жойларда чалганини, завқ билан жўшиб куйлаганини кўришингиз мумкин.  Бир йилдан ошиқ бу мусиқаларга биров «лайк» қўймаган, аммо қўшиқларини озми-кўпми мухлислари эшитишган – бу изоҳлар бир йил, олти ой, уч ой ва ҳатто кўрсатувга чиқишидан бир ҳафта олдин ёзилган:

«Бундай ширали овозлар бошқа ишлар билан шуғулланиб юрибди, овози йўқлар эшакдек ҳанграб машҳур бўлаяпти»

«Нега бу бола бунақа ишларда ишлаб юрибди, шундоқ овози бор экан... »

«Фазлиддин акам легенда»   

«Қўллаб-қувватлаймиз, деганлар нечтамиз» 

«Акажон овозингиз чиройли экан, омадингизни берсин, сизнинг жойингиз санъатда, сиздан зўр хонанда чиқади, ишонамиз, сиздан бошқа қўшиқлар ҳам кутамиз»

«Мана биздаги талант қийинчиликларда юрибди, чунки уларни орқаси йўқда».

Бир йиллар олдин Фазлиддин  «Қиёмат яқинми дейманда» номли қўшиқни устачилик қилаётган пайти айтган, шунда мухлисларидан бир ёзаяпти, «Ўзингдан кетма»  деган қўшиқниям айтинг ва Фазлиддин ёзаяпти, кейинги видеога ўтинг буниям айтдим. Мен ҳам кейинги саҳифасига ўтдим – қўшиқни шу қадар чиройли айтганки, гўёки қўшиқларда, ҳар бир ҳатти-ҳаракатларида, ҳар бир изоҳларда унинг тақдири, омадига, келажагига ишора бордек эди:

«Тўрт танга пул топдинг энди

Қанча керилганлар синди

От минганлар девор минди

Ўзингдан кетма...».

Менга энг таъсир қилган изоҳ бундан етти ойлар Шерали исмли обуначиси томонидан ёзилган ушбу ният бўлди:

«Бир кун машҳур бўлиб, интервю берганда биринчи мухлисларни ҳам айтиб ўтинг укам, шу кунлар келсин»

Ана энди бу изоҳга шу бугун, шу соатларда ёзилаётган жавоблар:

«Шу кун келди, Х factorни кўрдингизми,  «Келди шу кунлар акааа», «Келди шу кун ака, сезган экансиз».

Фазлиддин шу кунларда Муниса Ризаеванинг гуруҳида ўз имкониятларини синаяпти, Инстаграм саҳифасида эълон қилганидек қўшиқчи билан илк дуэтини ҳам айтиб чиқди. Мухлислари таъкидлаганидек, омад келаман деса ҳеч гап эмас. Унинг обуначилари соат сайин ошиб бормоқда. Яна бир талант кашф қилинди ва кўпчиликнинг қалбидан жой олишга улгурди.

Биз эса Фазлиддинга омадлар тилаймиз ва ишонамизки у яхши ниятлар билдирган, тилаклар тилаган илк мухлисларини ҳеч қачон унутмайди, яъни ўзи куйлаганидек:

Ойдан ўтганда ҳам бўйи, қуёшга етса ҳам  қўли, миллиондан ўтсада пули, ўзидан кетмайди...

                                                                                         Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг