Музлаб қолган боланинг оиласи «қотиллик» учун товон пули талаб қилмоқда
AҚШнинг Техас штатида совуқдан вафот этган 11 ёшли боланинг оиласи Entergy Corporation энергетика компаниясининг маҳаллий филиали ҳамда давлат энергетика таъминотини судга бериб, 100 миллион доллар талаб қилмоқда. Бу ҳақда ABC News хабар берди.
Кристиан Павон Пинеданинг оиласи Техас электр жиҳозларининг ишончлилиги муаммолари бўйича кенгаш (ERCOT) ҳамда маҳаллий Entergy энергетика компаниясига қарши даъво қўзғади. Маълумотларга кўра, бола сешанба куни совуқ туфайли вафот этган. Чунки уй электр ва иситиш тизимидан узиб қўйилган. Бола ўлимининг расмий сабаби ҳали аниқланмаган.
Марҳумнинг оиласи энергия таъминоти ва Entergyдан «қотиллик» учун товон пули талаб қилмоқда.
«ERCOT ва Entergy даҳшатли об-ҳаво ҳақида бир ҳафта олдин хабар топган бўлса ҳам, тизим ўн йилдан ортиқ вақт давомида бундай юкламани бошдан кечирмаганлигини билса ҳам, инқирознинг олдини олиш учун ҳеч қандай профилактика чораларини кўрмаган, устига-устак, юзага келган муаммога мутлақо тайёр бўлмаган», — дейилади даъво аризасида.
Бундан ташқари, оиланинг таъкидлашича, ERCOT бир неча кунга электр таъминотининг узилиши тўғрисида Техас аҳолисини огоҳлантирмаган. Натижада кўпчилик электр энергияси узилишига тайёргарлик кўришга ёки вақтида уйларини тарк этишга улгурмаган.
Энергетика компанияси ҳамдардлик билдирди, дея хабар берди ABC13 телеканали. Кенгаш «ўтган ҳафта жабр кўрган ва қийналаётган Техаснинг барча аҳолиси билан бирга эканлигини таъкидлади. Шунга қарамай, ERCOT электр энергиясининг фавқулодда ўчирилиши 15 февраль куни Техасда қор бўрони туфайли ҳаво ҳарорати нолдан пастга тушиб кетиши билан боғлиқлигини изоҳламоқда. ERCOTнинг таъкидлашича, бутун штат бўйлаб электр узилишларининг олдини олиш мақсадида шундай қарор қабул қилинган.
Қор бўрони ва бошқа об-ҳаво ҳодисалари Техасда электр энергияси ва сувнинг узилишларига, шунингдек, штатнинг миллионлаб аҳолиси учун озиқ-овқат навбатларига, бензин нархларининг кўтарилишига ва бошқа кўплаб ноқулайликларга олиб келди. Техаснинг ўнлаб аҳолиси ҳалок бўлди ва тўрт миллиондан ортиқ одам электрсиз қолди.
AҚШ президенти Жо Байден штатга ёрдам тариқасида энг зарур буюмлар, жумладан, озиқ-овқат, сув, 60 та генератор ва адёл юборди. Президент, шунингдек, бир нечта штатларда, жумладан, Техасда фавқулодда ҳолат эълон қилишга рухсат берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter