Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мурожаатнома аввалида Шавкат Мирзиёев пандемия ҳақида тўхталди

Мурожаатнома аввалида Шавкат Мирзиёев пандемия ҳақида тўхталди

Фото: Президент матбуот хизмати

Халқаро конгресс марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси бўлиб ўтмоқда.

Мурожаатнома аввалида Президент пандемия ҳақида тўхталиб ўтди. 

«Олий Мажлисга ва халқимизга йўлланаётган бу йилги Мурожаатнома, ўтган йиллардан фарқли равишда, мураккаб бир даврга тўғри келмоқда.

Барчамиз яхши биламизки, бугунги кунда бутун инсоният коронавирус пандемияси деган глобал офатни бошидан ўтказмоқда. Бундай улкан фалокат жаҳон миқёсида сўнгги юз йилда рўй бермаган, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Охирги маълумотларга кўра, дунёнинг 191 мамлакатида 81 миллион киши коронавирус билан касалланган. Улардан 1 миллион 765 минг нафари вафот этган.

Пандемия жаҳон иқтисодиёти учун – шунга эътибор беринг – ҳар ойда қарийб 400 миллиард доллар миқдорида зарар келтирмоқда. Бугунги кунга қадар дунё бўйича 500 миллион иш ўринлари йўқотилган.

Афсуски, бу офат бутун инсоният қатори халқимиз учун ҳам кутилмаган ташвиш ва мураккаб муаммоларни келтириб чиқарди.

Бухоро ва Сардобада юз берган табиий ва техноген офатлар ҳам эл-юртимизнинг иродасини яна бир бор синовдан ўтказди.

Халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати, аҳоли ва давлат органларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мавжуд қийинчиликларни мардона енгиб ўтмоқдамиз.

Хабарингиз бор, пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб, бутун бошқарув тизими ва барча тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Қисқа муддатда Тошкент шаҳри ва ҳудудларда, барча шароитларга эга бўлган қарийб 30 минг ўринли даволаш масканлари ташкил этилди. Улар зарур дори-дармон, ҳимоя ва энг замонавий диагностика воситалари билан таъминланди.

Пандемияга қарши курашиш учун 200 мингдан зиёд тиббиёт ходими, жумладан, чет эллик 150 нафар юқори малакали шифокор ва мутахассислар жалб этилди.

Хориждан 600 мингдан ортиқ ватандошимиз юртимизга олиб келинди. Чет элда қийин аҳволга тушиб қолган 100 мингга яқин фуқароларимизга зарур ёрдамлар кўрсатилди.

Пандемия оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш учун давлат томонидан жами 82 триллион сўмлик комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, Инқирозга қарши жамғарма ташкил этилиб, коронавирусга қарши курашиш, аҳоли ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ тадбирларга бюджетдан 16 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Шунингдек, давлат корхоналарига ва 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ҳамда қарийб 8 миллион фуқарога жами 66 триллион сўмлик солиқ имтиёзлари, кредит муддатларини узайтириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича амалий ёрдамлар берилди.

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида фидойи ва олижаноб ватандошларимизнинг фаол иштирокида 800 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилаларга 1 триллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди.

Ўз пайтида кўрилган тезкор ва тизимли чораларимиз натижасида ушбу хатарли касалликнинг кенг тарқалишига йўл қўйилмади. Юртимизда осойишта ҳаёт, барқарор иқтисодий ривожланиш давом этмоқда.

Карантин талабларини тўғри қабул қилиб, уларга амал қилган, сабр-тоқатли, олижаноб халқимизга, ўта хатарли вазиятда ўзини аямасдан мардона меҳнат қилган жонкуяр шифокорларга, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида муносиб иштирок этган барча тадбиркор ва фуқароларимизга яна бир бор ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни изҳор этаман», — деди давлат раҳбари.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг