Мулоҳаза: пойтахтда Шароф Рашидов уй-музейини очиш вақти келмадими?
Бу мақолани ёзишдан аввал кўп ўйландим. Охири қўлимга қалам олдим. Ёзмасам, кўнглимда армон бўлиб қолиши аниқ. Сўзим Ўзбекистонни қарийб чорак аср бошқарган Шароф Рашидов уй-музейини Тошкентда очиш ҳақида. Тўғри, атоқли адиб, сиёсатчи, дипломатнинг Жиззахда муносиб уй-музейи фаолият кўрсатмоқда. Лекин Тошкент билан Жиззах оралиғи анча масофа! Қолаверса, Шароф Рашидов ўттиз йилдан ортиқ пойтахтимизда истиқомат қилган.
Замон ўзгарди. Одамлар ўзгармоқда. Ҳаётимиз бу қадар яхшиланишини бундан ўн йил аввал тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Албатта, бунда биринчи галда истиқлолнинг ўрни катта. У бизга эрк, ўзлигимизни англаш ҳуқуқини бахш этди.
Энди асосий мавзуга қайтсак. Яқинда «Ниёзбек йўли» кўчасида айланиб, С.Есенин, С.Бородин уй-музейларига бордим. Ҳар иккисида ўтказиладиган турли тадбирларда қатнашиб тураман. Улар доим қизиқувчилар учун очиқ.
Шу кўчанинг бошида Шароф Рашидов ва Ҳамид Олимжон яшаган уйлар бир-бирига яқин жойлашган. Мармартошдаги «Бу ерда 1931 – 1941 йилларда Ҳамид Олимжон яшаб ижод этган» деган ёзувни ўқиб, атрофга қарайсиз. Нақ хароба! Уйда яшагувчилар бор. Лекин...
Сўнг Шароф Рашидов яшаган уй олдига бордим. Текис ўсган икки чинор савлат тўкиб турибди. Ён тарафидаги эшикка «Ногиронлар жамияти» деб ёзилган. Чинорлар эса ўз савлати билан хонадон эгасини эслатади. Баланд, танаси текис, тикка, чиройли. Бино эшигига «Шарофобод» деб кўча номи ёзилган. Ўйланиб қолдим. Кўчанинг бу юзида 43-сонли мактаб. Ўзимча кўчадан ўтган-кетганларни, ўқувчи-ёшларни саволга тутдим. «Бу уйда ким яшаган?» Ўн-ўн беш кишидан биргина аёл тўғри жавоб берди: «Шароф ака яшаганлар».
Қалбимда ўкинч пайдо бўлди. Ахир бу инсоннинг халқимизга қилган меҳнатлари, юрт равнақига қўшган ҳиссалари озмунчами? Таваллудининг юз йиллиги арафасида Жиззахда Шароф Рашидовга ҳайкал ўрнатилди. Катта музей очилди. Шубҳасиз, халқпарвар раҳбар, санъат ва маданият фидойисининг ҳаёт йўли ёшларимизга, жумладан, Тошкентда истиқомат қилувчи йигит-қизларга ҳам ибрат бўлгулик. Уларда ҳар доим ҳам Жиззахга бориб келиш имкони бўлмайди-ку. Ёшлар Тошкент метросини ким қургани, ташаббускори ким бўлганини билсалар фойдадан холи бўлмас. Ёки юзлаб беморлар шифо топаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт Бош бошқармасининг биринчи ва иккинчи марказий клиник шифохонасининг бинолари, «Халқлар дўстлиги» саройи, «Қибрай» сиҳатгоҳи биноси, 16 қаватли соатли «Матбуотчилар уйи» каби эътиборга молик жойлар халқимизга Шароф Рашидовдан ёдгорлик эмасми?!.
Буни ҳаёт дейдилар. Бир пайтлар сиёсатни юзаки тушунадиган айрим кишилар томонидан Шароф ака руҳи покларига роса тош отилди. У гаплар ўша давр нуқтаи назаридан, кўр-кўрона хулосалар сабабли айтилганди.
Асл ҳақиқат шундаки, Шароф отанинг кимлиги, самарали меҳнатлари, республикамиз тараққий этиши учун астойдил курашганини халқимиз яхши билади. Шундай экан, Шароф Рашидов ҳурматини амалда жойига қўйиш инсоний бурчимиз эмасми?! Ҳеч бўлмаганда, у киши яшаган уйга мемориал доска қўйилса, ўтган-кетганлар, айниқса, кексалар «Худо раҳматига олсин» деб ўтишади-ку! Бу ҳам бир савоб. Юнусобод туманидаги «Буюк Турон» маҳалласида уй-музейи очилса айни муддао бўлар эди.
…Бир пайтлар «Қибрай» сиҳатгоҳига дам олгани борган эдим. У ерда Сайёра Шарофовна Рашидовани учратдим. Инсультдан кейин ёрдамчилари етаклаб юрибди. Суҳбатлашиб қолдик.
– Дадангиз яшаган уйнинг чироғини ёқиб ўтирсангиз сизга қулайроқ эмасми? – деб сўрадим суҳбат асносида.
– Жуда яхши бўларди. Лекин бунинг имкони йўқ-да, – деб жавоб берганди ўшанда Сайёра опа.
Чунки бу ерда «Ногиронлар жамияти» жойлашган. Наҳотки «Ногиронлар жамияти» учун бутун бошли Тошкентдай азим шаҳарда бошқа жой топилмаса?!
Етмишинчи-саксонинчи йилларда Ўзбекистон нимагаки эришган бўлса Шароф акадаги қатъиятлилик, инсонпарварлик, ҳар қандай шароитда ҳам одамларга ғамхўр бўла олиш, оқ билан қорани ажрата билиш, шоҳга ҳам, гадога ҳам бир хил муомала қилиш каби ажойиб фазилатлари туфайли бўлган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу ноёб фазилатлар ва меҳнатлари хусусида адибнинг 100 йиллик юбилейидаги маърузаларида алоҳида таъкидлаб ўтганлари барчамизга аён. Демакки, у инсоннинг ҳурмат ва эҳтироми муносиб хотирланаётгани учун кекса авлод вакиллари қалбида миннатдорлик туйғуси бисёр. Шу боис пойтахтимизда Шароф Рашидов уй-музейи ташкил этилса нур устига нур бўлар эди.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Шароф Рашидов умрининг охирги йилларини ўтказган уй (Г.Лопатин кўчаси) ҳозирги кунда бўш турибди. Маълумки, Ш.Рашидов вафотидан сўнг бу уй ўша пайтдаги қишлоқ хўжалиги вазирига берилган. Ваҳоланки, Шароф аканинг фарзандлари бор эди. Уйнинг янги эгаси ҳудудга қўйилган хотира ёдгорлигини бузиб ташлаган. Ҳозирги кунда собиқ вазирнинг фарзандлари бу уйда деярли яшамайди. Мустақилликдан сўнг маҳалла аҳли уйга мемориал доска ўрнатишга уриниб кўрди, лекин натижа бўлмади.
Шароф Рашидовнинг яна бир фарзанди Гулнора Рашидова ҳам музей очиш, метро станцияларидан бирини Рашидов номи билан аташ ҳақидаги таклифлар билан елиб-югуриб юрибди...
Яхшилар ёди улуғ, дейди халқимиз. Назаримизда, ушбу ҳикматга амал қилган ҳолда, Тошкентда Шароф Рашидов музейини очиш вақти келди. Мутасаддилар бунга нима дейишаркан?
Муқаддас Абдусаматова,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,
I даражали меҳнат фахрийси.
(«Adolat» газетасидан олинди)
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter