Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Муҳитнинг ўзи зўр тарбиячи». ИНҲА университети ҳақида проректор билан суҳбат

«Муҳитнинг ўзи зўр тарбиячи». ИНҲА университети ҳақида проректор билан суҳбат

ИНҲА талабалари.

Фото: «Xabar.uz»

Бугун сифатли таълим олиш осон эмас. Устига-устак, ҳамма ҳам ёниб-чақнаб илм оламан деган истакни билдиравермайди. Ҳаётга енгил қараб, қийналишни хоҳламай, эртасини ўйламайдиганлар эса ҳамон «Бир амаллаб бирорта олийгоҳга илиниб, битириб олсам бўлгани» деган фикрда юргани аниқ... Лекин у замонлар ўтяпти. Барчамиз орзу қиладиган буюк келажак ўқиган, изланувчан, замонавий билимларни яхши ўзлаштирган ёшлар қўлига топширилишини унутманг!

Жаҳон стандартларига жавоб берадиган ва сифатли таълимни кафолатлайдиган Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети проректори, сиёсий фанлар доктори Турдимурод Турсунмуродов билан бўлган суҳбатимиз айнан сизу бизни қизиқтирган мавзуда кечди.

Турдимурод Турсунмуродов

Турдимурод Маҳаматқулович, нима деб ўйлайсиз, бир неча йиллардан бери фаолият олиб бораётган Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети бугунга келиб Ўзбекистонда ўз ўрнини топдими?

– Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети 2014 йилда ташкил топган бўлиб, иккита йўналишда юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича фаолият олиб боради: «Компьютер ва дастурий инжиниринг» ҳамда «Логистика».

Ўтган давр мобайнида олийгоҳда катта ўзгаришлар бўлди. Бошида талабаларимиз сони 400-450 нафар бўлса, ҳозирда 1500 дан ошган. Илк битирувчиларимиз диплом олгач, ўз билимлари ва университетда ҳосил қилган кўникмаларини реал ҳаётга татбиқ этиб, бугуннинг талабларига тўла жавоб беришларини кўрсатди. Яъни ўқув дастурларимизнинг доимий янгиланиши, қолаверса, профессор ўқитувчилар ҳамда талабаларга қўйилаётган талаблар ҳозирги замон компаниялари эҳтиёж билдираётган янги давр мутахассисларига ҳар томонлама мос тушяпти. Айни пайтда битирувчиларимизнинг тахминан 80-85 фоизи ўз соҳаси бўйича ишламоқда.

Охирги йилларда ҳукуматимиз ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ҳар хил математик моделлар асосида дастурлар яратиш орқали давлат бошқаруви ва ишлаб чиқаришнинг долзарб муаммоларини ҳал этувчи лойиҳаларга эътиборни кучайтирди. Жумладан, IT-паркларнинг очилиши  бу борада муҳим аҳамият касб этади ва бизнинг талабалар ҳамда битирувчилар учун жуда катта имкониятлар эшигини очди. Лекин шунга яраша рақобат ҳам шаклланяпти. Яъни бир томондан компаниялар катта-катта талаблар қўймоқда. Иккинчи тарафдан аввал юртимизда фақат ИНҲА ёки Тошкент ахборот технологиялари университетлари бўлган бўлса, бугунга келиб Ҳиндистоннинг Амити университети, Исроил ва Ўзбекистон Миллий университетининг биргаликда йўлга қўйган қўшма лойиҳаси асосида фаолият олиб бораётган факультет ва бошқа қатор хорижий университетлар филиаллари катта рақобат муҳитини яратмоқда. Мана шундай рақобатбардош вазиятда битирувчиларга иш берувчилар муносабатидан келиб чиқиб, ишонч билан айта оламанки, ИНҲА университети мамлакатимизда ўз ўрнини топди.

– Сизнингча, талабалар университетга мослашдими ёки университет талабаларга?

– Менинг фикримча, талабаларимиз университетга мослашди. Бу нарса университетга кирган талабаларимизнинг вақт ўтиши билан рақобатбардош ва шаффоф муҳитга кўникишида намоён бўлади. Улар бу муҳитда фақат ўзларининг тинимсиз меҳнати ва ҳаракатлари билангина яхши натижаларга эришиши мумкинлигини тушуниб, дарсларга жиддий ёндошувларсиз, ҳар хил енгил-елпи қараш, ўз билимига таянмай шпаргалкаларга ишониш каби иллатлардан тезда воз кечишади. Бунинг сабаби университетимизда талаб жуда қатъий, агар талаба ўз устида ишламаса, ўқимаса, диплом олиш у ёқда турсин, ҳатто, ўқишни ўз муддатидан бир неча йиллар ўтиб ҳам тугата олмаслиги аниқ.

Қолаверса, талабалар ўртасидаги рақобат, яратилган шароит, ўқишга кириш жараёнида таъсисчилар томонидан тақдим этилувчи имтиёзлар ёки ҳар ярим йилликда имтиҳонларни топширган талабанинг университет ёки факультет миқёсида эришган ютуқларига қараб кучли 10 таликка, кучли 5 таликка киритилса, кейинги семестрда тўлов (контракт) пулидан озод қилиниши, буларнинг бари ўз-ўзидан талабани университетнинг рақобатли шароитига мослашишига туртки бўлади. Бундан ташқари, муҳит ҳам катта рол ўйнайди. Атрофингда ўқишга қизиқиши кучли ёшларнинг бўлиши яхшигина мотивациядир. Устига-устак, туну кун ўқиган талаба кимнингдир ундан кўчиришига асло бефарқ қарамайди. Хуллас, муҳитнинг ўзи зўр тарбиячидир. Шунингдек, назорат ҳам кучли, ҳамма жойга кузатув камералари ўрнатилган, улар орқали барча жараёнлар ўрганиб турилади. Ўқитувчилар ҳам ўз талабидан келиб чиқиб иш юритишади. Шунга қарамай бизда талабалар учун анча эркинлик бор. Қайси маънодаки, ўқув жараёнида танлов имкониятлари берилади. Яна профессор ўқитувчилар билан талабалар ўртасидаги муносабат самимийликка асосланган. Назаримда, бундай муҳит кўпчиликка ёқади. Аммо университет раҳбарияти, кураторлар ёки профессорлар талабаларининг бу эркин муҳитда ўз масъулиятларини ҳам унутмаслигига алоҳида эътибор қаратишади. Масалан, бирорта фандан 25 фоизгача дарсларни сабабсиз қолдирган талабанинг шу фанни ўқимаган деб қабул қилиниши ёки тартиб-қоидаларни бузса, шунга яраша чоралар кўрилиши кабилар. Буларнинг ҳаммаси университетимизда тартибли ва чиройли муҳит келиб чиқишига замин яратади.

– Бугунги кунда университетлардаги таълим сифати ҳақида кўп гапириляпти. Сиз фаолият олиб бораётган олийгоҳда педагоглар жамоаси қандай шакллантирилган ва улар қанчалик қадрланади?

– Жуда ўринли савол. Чунки бутун дунёда университет рейтинги, ўқиш жараёнининг сифати ва натижасини профессор ўқитувчилар салоҳияти белгилаб беради. Кўпчиликка маълум, Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетининг ўқишга қабул қилиш, имтиҳонлар, хуллас, барча ўқув жараёнлари Жанубий Кореядаги ИНҲА университети ўқув дастурлари асосида ташкил этилган. Профессорларимиз асосан Жанубий Корея, Буюк Британия, Италия, Болгария, Ҳиндистон, Покистон, Россиядан келиб ишлашади. Улар жиддий талаблар асосида Кореядаги махсус комиссия томонидан танлаб олинган. Ўқитувчиларимизнинг катта қисми, яъни 80 фоизи хориждан бўлиши билан бирга, ўзбекистонлик профессорлар ҳам фаолият олиб бормоқда. Бироқ улар ҳам Кореядаги ИНҲА университети томонидан қўйилган талабларга тўлиқ жавоб берган ҳолда қабул қилинган.

Албатта, педагогларимизнинг савияси юқори эканига шубҳа йўқ. Шунга қарамай, жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, ҳар семестр охирида профессор ўқитувчиларимиз анъанавий равишда талабалар томонидан дарс бериш маҳорати, ўзини тутиши, маданияти, соҳаси бўйича билими нуқтаи назаридан тизимли баҳоланади. Рейтингда юқори ўринга чиққанларига албатта ўзгача ҳурмат кўрсатилади. Ўз навбатида энг паст балл йиғиб қоладиганлар бўлса, уларга огоҳлантириш хати берилади. Ёки кейинги йилдан контракт шартномасининг чўзилиш имконияти камаяди. Ҳатто, паст рейтингга тушиб кетганлари билан шартномани бекор қилиш ҳолатлари ҳам учрайди.

Бизда профессор ўқитувчилар учун яратилган шароит аъло даражада десам адашмайман. Агар у ўз соҳаси бўйича кучли мутахассис бўлса, унга нисбатан юқори статус белгилаб қўйилган. Яъни қарор қабул қилиш ёки ўз дарсини шакллантириш ишларига ҳеч ким аралашмайди. Шунингдек, йилда бир марта Жанубий Кореядан таълим сифатини баҳолаб кетадиган комиссия келиб ўқув жараёнига баҳо беришади.

– Энди янги ўқув йилидаги қабул жараёнлари, ажратилган квоталар ҳақида гаплашсак. Шунингдек, бу йил университет томонидан бирорта янгилик бўлиб қолармикин, деган илинжда юрган абитуриент ёки талабаларга имтиёзлар, шароитлар, енгилликлар ҳақида бирор маълумот етказмоқчи бўлсангиз, марҳамат...

– Ўзи университетимизга ҳар йили ажратаётган квотамизга нисбатан 4-5 баробар кўп мурожаат келиб тушади. Режага асосан копьютер ва дастурий инжиниринг йўналишига – 300, логистика йўналишига – 120, жами – 420 нафар талаба қабул қилинади. Бугунги пандемия, яъни карантин шароити туфайли қабул жараёнлари, битирув ва кириш имтиҳонларимизнинг барчаси онлайн тарзида йўлга қўйилди.

Июнь ойида биринчи имтиҳонимиз бўлиб ўтди. Берилган топшириқларни бажараётган абитуриентларни тегишли мутахассислар (50 нафардан иборат) Жанубий Кореядан туриб назорат қилишди. У ёқдан имтиҳон оладиган хонада ҳеч нарса бўлмаслиги ҳақида кўрсатма берилган. Шунингдек, натижалар ўрганиб чиқилиб, яхши жавоб берган абитуриентлар суҳбатдан ҳам ўтишди, яъни саволларга ҳақиқатан ўзлари жавоб берганига яна бир бор амин бўлиш учун. Энди бу ўринда абитуриентнинг кимдандир ёрдам олиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Чунки битта ножўя ҳаракат қилинса, бола автоматик тарзда имтиҳондан чиқариб юборилади...

Биринчи имтиҳоннинг натижалари ҳам чиқди. Университет томонидан берилувчи иккинчи имкониятни эса яхши бир шароит, енгиллик десак ҳам бўлади. Яъни олдинда яна бир имтиҳонимиз бор. Мабодо кимдир биринчи имтиҳонда айрим сабабларга кўра ёки бехабар қолиб қатнашолмаган бўлса, 21 июлда бу имкониятдан фойдаланиши мумкин. Иккинчи имтиҳонда кўпроқ ўз кучига ишонган ва юқори натижа кўрсатса, таъсисчилар томонидан ажратилган грант асосида ўқиш имконияти учун ҳаракат қиладиган абитуриентлар қатнашади. Энг яхши натижага эришган абитуриентларга таъсисчилар томонидан 4 йиллик контракт пули тўлаб берилади. Фақат кейинчалик ўша компанияда 5 йил давомида ишлаб бериш шарти билан албатта.

Университетимизда илк очилган йилидан бошлаб ҳеч қанақа имтиёзлар йўқ. Кореядаги ҳамкорларимиз «Агар бола халқаро олимпиадаларда биринчи ўринни олиб келган ва билими зўр бўлса, демак, имтиҳон саволларини ярим соатда ишлаб чиқа олади, бу борада унда муаммо йўқ-ку?», деган саволни қўйишади. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, олимпиадалар, яна бошқа танлов ва ҳарбий хизматдан берилган тавсияномалар боланинг портфольеси учун яхши, яъни келажакда яхши иш жойларда ишлаш имкониятини оширади. Бироқ бизда кириш имтиҳонлари ҳамма учун бир хил.

ИНҲА талабалари.

– ИНҲА университети ўз талабалари ва битирувчиларига нималарни ваъда қилади? Масалан, сифатли билим, тайёр мутахассислик, даромадли иш, хорижда ўқишни давом эттириш деганларидек?..

– Бугунги глобал жараёнларга қараб шуни айтиш мумкинки, ҳозир ҳар қандай компания ва ташкилотга ишга киришда қаерда ўқиганингдан кўра, қўлингдан нима иш келиши, қанчалик интеллектуал салоҳиятга эгалигинг муҳимроқ. Оддий бир мисол, қайсидир иш берувчи ишлаб чиқариш жараёнини автоматлаштириши керак бўлиб қолди, бир ёш йигит ёки қизимиз буни аъло даражада уддаласа, ўша корхона хўжайини ундан қаерда ўқиганини сўраган тақдирда ҳам, аввало, вазифани қай даражада мукаммал уддалаганига эътибор қаратади, тўғрими? Бу билан диплом кераксиз демоқчи эмасман. Университет назарий билим билан амалий кўникмани биргаликда олиб борсагина, талаба ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб етишади. Айнан шуни инобатга олиб, талабаларимиз 2-3-босқичданоқ келажакда ўз йўлларини топиш ҳаракатини бошлаб юборишади. Ушбу масала ечими сифатида катта-катта компаниялар билан ҳамкорлик ишларини йўлга қўйганмиз ва бунга жиддий эътибор қаратамиз. Айтайлик, турли банклар, ишлаб чиқариш корхоналари, IT-Парклар – буларнинг ҳаммаси болаларимизга билим билан бирга амалий кўникма ҳам беради.

Албатта, бу йўлда профессорларимиз берган чуқур билим ҳам ўта аҳамиятли. Улар талабаларни гуруҳли лойиҳаларда фаол иштирок этишга ундайди, йўл кўрсатади, ўргатади. Шунинг натижаси ўлароқ талабалар орасида кимдир мобиль илова яратади, кимдир дастурлаш, яна бири логистика бўйича янги лойиҳаларга қўл уради. Хуллас, катта тажрибага эга тайёр мутахассис бўлиб етишиб чиқади.

Шу билан бирга халқаро стандартлар билан ўлчанадиган диплом олади. Қолаверса, ўзига ишонч бўлгач юқори даромадли ишлар таклиф этилганида танлаш имкониятини қўлга киритади. Тилни аъло даражада билгани учун хорижда ўз соҳаси бўйича магистратура, аспирантурада ўқиб келиши мумкин.

– Университет олдида турган асосий муаммолардан бири нима?

– Университетимизда таҳсил олаётган талабаларимизнинг қарийб 50 фоизи ҳудудлардан эканини инобатга оладиган бўлсак, бошқа қатор университетларда бўлгани каби биз учун ҳам ўз ечимини кутаётган долзарб масалалардан бири – бу ҳудудлардан келган талабаларимизга тураржой яратиб бериш.

Бугунги кунда университет томонидан Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарлигида бу йўналишда тизимли ишлар олиб бориляпти.  

Имкониятдан фойдаланиб, бу борада бизнинг яқиндан ҳамкор олийгоҳлар, хусусан, Тошкент ахборот технологиялари, Кимё-технологиялари университетлари, яна Солиқ қўмитасининг малака ошириш марказларига ўз миннатдорлигимизни билдирмоқчиман. 2019-2020 ўқув йилида юқорида қайд этилган олий таълим муассасалари имкониятларидан фойдаланиб, ётоқхонага энг муҳтож талабаларимизни жой билан таъминладик. Тахминан 100 га яқин талабаларимиз ўша ётоқхоналардаги барча шароитлардан тўлақонли фойдаланган ҳолда яшашади.

– Сизнингча, онлайн таълим талабаларнинг билим олиш даражасига таъсир қилдими? Буни ўрганиш устида қандайдир кузатувлар олиб бориляптими?

– Бугунги пандемия шароити туфайли ўқув йилининг иккинчи ярми тўлиқ онлайн тартибда олиб борилди. Тан олиш керак, бошида ўзига яраша қийинчилик ва тушунмовчиликлар учради, лекин кейин ҳаммаси изига тушиб кетди. Масалан, мобиль компаниялар билан боғланиб, талабаларга тегишли материалларни юклаб олишни бепул қилиб бердик. Хуллас, оператив тарзда тез ва сифатли боғланиш имкониятларини топдик. Натижада барча талабаларимиз 100 фоиз онлайн билимга қамраб олинди ва имтиҳонларни топширишди.

Албатта, масофадан билим бериш билан талабалар кўзига қараб ўқитишнинг фарқи бор. Аммо шу ўринда мустақил ишлаш ҳам жуда муҳимлигини унутмаслигимиз керак. Мисол учун, талаба таълим даргоҳига келибми ёки онлайн билим оладими, агар ўз устида мустақил ишламаса, нечта профессор дарс бермасин яхши натижага эришолмайди. Шундан келиб чиқиб, мустақил ишлашга ҳам эътиборни кучайтирдик. Бундан ташқари, ҳар бир гуруҳга супервайзерлар, яъни масъул ходимлар бириктирилди. Улар ўз гуруҳидаги ҳар бир талаба билан доимий мулоқотда бўлишади. Масалан, талабаларнинг қандай билим олаётгани, уларнинг шароитини сўраб-суриштириш, университет базасидан профессорлар қўйган маълумотларни олдими-йўқми ўрганиб боришади.

Яна яқинда университет раҳбарияти, яъни ректоримиз топшириғи билан махсус сўровнома тайёрладик. У орқали талабаларнинг онлайн билим олишдан қанчалик қониқаётгани, қандай қийинчиликлар келиб чиқаётгани, нима қилсак, уларга яна ҳам яхшироқ ёрдам берган бўламиз – шуларни билиб олмоқчимиз. Чунки дунёдаги, қолаверса, мамлакатимиздаги ҳолат ҳали давом этгудек бўлса, биз ҳар қандай шароитга тайёр туришимиз керак. Шуларнинг ҳаммасини инобатга олган ҳолда сифатли билим бериш йўлларини ишлаб чиқамиз.

– Замонавий талабага мотивациядан ташқари нима керак? Яна жамиятда ўз ўрнини топиб, юртимиз равнақи йўлида хизмати катта бўлаётган талабаларингиз борми?

–  Биринчидан, ИНҲА университетида ўқишнинг ўзи талаба учун энг катта мотивация, назаримда. Чунки инновацион шароит, атрофингдаги ўқишга-ўрганишга чанқоқ ёшлар муҳити ҳар қандай одам дунёқарашини тубдан ўзгартиради. Бу кучли таълим муҳитига кимнингдир ёрдамига суяниш, бир-бирини мазах қилиш, камситиш каби жиҳатлар мутлақо бегона. Яна талаба олдида деярли тўсиқлар йўқ. У раҳбариятга бевосита ёки билвосита мурожаат қилиши ёки профессорларга муаммоларини бемалол айтиши мумкин. Бу ўз навбатида талабаларнинг эркин фикрлашига олиб келади. Ушбу жараёнлар, айниқса, университетни тугатгандан кейин яққол сезилади. Битирувчиларимиз борган жойларида тез мулоқотга киришиб, ўзларига нисбатан ҳурматни, эришган ютуқларига берилган юқори баҳони кўришади.

Энди нафақат битирувчиларимиз, балки ҳозирда ўқиётган талабаларимиз ичида ҳам катта-катта лойиҳаларни амалга ошириб, ҳамманинг эътиборига тушаётганлари бор. Яқинда «Ақлли ниқоб»ни яратган боламиз айни пайтда 4-босқич талабаси. У электрон чиплар ёрдамида ўпкадан чиқаётган газ миқдори, ҳарорат ва йўталиш хусусиятларидан келиб чиқиб, беморларнинг эрта босқичларда коронавирусга чалинган-чалинмаганини олдиндан айтиб берувчи мосламани яратди. Бунга ўхшаш лойиҳалар жуда кўп. Шунингдек, айрим талабаларимиз глобал лойиҳалар устида, масалан, Google компанияларига бориб ишлашяпти. Бу ҳам катта мотивация, яъни дунёдаги ривожланган давлатларнинг етакчи университетларида бериладиган билимни Ўзбекистонда ҳам олиш мумкинлигини англаб етган ёшлар шу ерга келиб ўқишади.

– Келгусидаги режалар қандай? Масалан, қандайдир катта лойиҳаларга қўл уриляптими?

– Асосий режаларимиздан бири компьютер ва дастурлаш инжиниринг бўйича магистратура йўналишини очиш. Бу борада ҳамкорларимиз билан келишувга эришганмиз ва тегишли ишлар олиб боряпмиз. Шунингдек, мамлакатимиздаги ишлаб чиқариш, иқтисодиёт талабларидан келиб чиқиб, янги йўналишларни очиш ҳаракатидамиз. Масалан, бизнесни бошқариш, электрон иқтисодиёт деганларидек. Бундан ташқари, ўтган йилдан университетда илмий мактаб яратиш ишларини бошладик. Агар магистратура йўналиши очилса, илмий иш қилишга катта имкониятлар бўлади, қолаверса, чет элдан келган профессорларимиз салоҳиятидан ҳам фойдаланамиз.

Хулоса ўрнида шуни айтишим мумкинки, бугун мустақил Ўзбекистонимизда хориждаги катта салоҳиятга эга қатор олийгоҳлар Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетига ўхшаб ўз филиалларини очмоқда. Демак, бундай имкониятлардан ёшларимиз унумли фойдаланиши керак. Четга чиқмай, ўз юртимизда, ота-она бағрида ўтириб ҳам, жаҳондаги йирик компаниялар талабига жавоб берадиган мутахассис бўлиб етишиш мумкин. Албатта бунинг учун одам доимий ўз устида ишлаши зарур.

Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган таълим тизимидаги ислоҳотлар, айниқса, халқаро университетларнинг очилиши яқин келажакда ўз мевасини беришига ҳамда катта-катта натижалар кўрсатишига ишонаман.  

Шоҳида Исроилова суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг