Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Монополия қўмитаси расмийси «шакар ажиотажи»га изоҳ берди

Монополия қўмитаси расмийси «шакар ажиотажи»га изоҳ берди

Фото: АОКА

Охирги кунларда ижтимоий тармоқларда шакар нархи билан боғлиқ турли видеолар тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Улуғбек Давлатов шакар нархига оид саволга жавоб қайтарди.

Қўмита вакилининг таъкидлашича, жаҳонда кузатилаётган геосиёсий вазият сабаб логистика хизматлари нархлари ошиши шакар нархига ҳам таъсир қилмоқда.

«Ҳақиқатан бугунги кунда шакар маҳсулотига бўлган талаб кучайиб, ҳар хил ажиотаж ҳолатлар келиб чиқяпти, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиняпти.

Ҳозирги пайтда кунига 2 минг тонна шакар биржа савдоларига қўйилмоқда. 1-9 июнь кунлари 14 минг тонна шакар биржага қўйилган бўлса, ҳаммаси юз фоиз сотилди. Биржага 8 минг 900 сўмдан чиқарилган бўлса, нархлар 13 минг сўмгача кўтарилди.

Мамлакатимизда шакар ишлаб чиқарувчи иккита завод мавжуд бўлиб, монополист корхоналар реестрига киритилган. Улар белгилайдиган нархлар қўмита томонидан назорат қилиб борилади. Бошланғич нархлар ва унга таъсир этувчи омиллар ҳам доимий равишда ўрганилади.

Бугунги кунда жаҳонда бўлаётган геосиёсий вазият сабаб логистика хизматлари нархлари кескин ошиб кетди. Ўзбекистонга шакар хом ашёси Бразилиядан олиб келинади. Кема ва темир йўл хизматлари, бошқа давлатлардаги харажатлар кескин кўтарилиши натижасида бизда шакар нархлари 8-10 фоизга юқорилади. Йил бошида биржага 8 минг 200 сўмдан қўйилган бўлса, ҳозирда 8 минг 900 сўмдан чиқариляпти», — дейди у.

Унинг қайд этишича, аҳолининг шакарга бўлган эҳтиёжини қондириш ва нархни барқарорлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилган.

«Ҳозирги кунда шакар нархларининг сунъий ошириш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бу бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда чора-тадбирлар ўтказиляпти», — қўшимча қилган Улуғбек Давлатов.

Аввалроқ бозорларда шакар нархи ошгани хабар қилинганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг