Мўъжиза туфайли ўлимдан қутулиб қолган сиёсатчи энди президентлик учун курашмоқчи
Ливиянинг собиқ раҳбари марҳум Муаммар Қаззофийнинг ўғли Сайфул Ислом Қаззофий ўн йиллик танаффусдан кейин илк бор интервью берди. АҚШнинг «The New York Times» газетаси ўлимга ҳукм қилинган ва мўъжиза туфайли қатлдан омон қолган Сайфул Ислом Қаззофийни топиб суҳбат уюштиришга муваффақ бўлди.
Суҳбат давомида у отаси Муаммар Қаззофийнинг тахтдан ағдарилиши ва қатл этилишига олиб келган Араб баҳори ва исёнларни кескин қоралаган, кейинги ўн йилда Ливияда бошбошдоқлик авж олгани, халқ қашшоқликка юз тутганини таъкидлаган.
«На пул, на тинчлик-осойишталик бор. Ёқилғи қуйиш шохобчасига бориб дизель топа олмайсиз. Биз Италияга нефть ва газ экспорт қиламиз, ярим мамлакатни электр энергияси билан таъминлаймиз, аммо ватанимизда чироқ йўқ. Бу шунчаки мағлубият эмас, балки тор-мор бўлишдир!» – деган у.
Қаззофийга кўра, 2011 йилда Ливияда бошланган исёндан кўзланган мақсад марказий ҳукуматни йўқ қилиш ва мамлакатни парчалаб ташлаш бўлган. У вазиятни ўнглаб, бўлиниб кетган мамлакатни бирлаштириш режалари билан ҳам ўртоқлашган.
Европада таҳсил олган, хусусан, Лондондаги иқтисодий ва сиёсий фанлар институтида жамиятни демократлаштириш мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган Сайфул Ислом Қаззофий фуқаролар уруши бошлангунга қадар, истиқболда либерал ислоҳотчи бўлиши башорат қилинган эди. Аммо 10 йил аввал мамлакатда қўзғолонлар бошлангач, у илк кунларданоқ Ғарбда диктатор ёрлиғи ёпиштирилган отаси Муаммар Қаззофийнинг ёнида бўлди. Ливияни 1969 йилдан бошқариб келган Муаммар Қаззофий 2011 йилнинг 20 октябрида исёнчилар қўлида ўлим топди. Унинг бир неча фарзанди ҳам қатл этилди. Мамлакатда сиёсий иқлим ўзгариб кетди. Бу орада Сайфул Ислом ҳибсга олинди. Ливия суди уни ўлим жазосига ҳукм қилди.
Кичик Қаззофий мўъжиза туфайли ўлим жазосидан қутулиб қолди. Сайфул Исломни олиб кетаётган соқчилар гуруҳига йўлда исёнчилар ҳужум уюштиради ва уни гаровга олади. Исёнчилар гуруҳи вақти келганда сиёсий мақсадда фойдаланиш учун Қаззофийнинг ўғлини кўз қорачиғидек асрайди. Маълум фурсат ўтиб, Сайфул Исломни гаровга олган гуруҳ унинг иттифоқчисига айланади.
Деярли 10 йилдан буён фуқаролар уруши давом этаётган Ливия пароканда бўлиб кетган. Шу боис президентлик сайловини ўтказиш ҳам мушкул кечмоқда. Қайд этиш керакки, 2021 йил июнь ойида Британиянинг «The Times» нашри Сайфул Ислом жорий йил 24 декабрда ўтиши кутилаётган президентлик сайловида қатнашмоқчи экани ҳақида ёзди.
Кузатувчиларга кўра, марҳум Қаззофийнинг тарафдорлари ва умуман унинг бошқарув даврини қўмсаётган аҳоли Сайфул Исломни сайловда қўллаб-қувватлаши мумкин. Ҳатто уни Россия дастаклаши мумкинлиги ҳақида ҳам фаразлар мавжуд. Хусусан, 2018 йил декарбь ойида у Россия президенти Владимир Путинга Ливия раҳбари бўлишда сиёсий кўмак сўраб мактуб йўллагани хабар қилинган эди.
Аммо муаммо шундаки, 2011 йили Халқаро жиноий суд томонидан Сайфул Ислом Қаззофийни ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарилган. У ҳарбий жиноятларда айбланаётган шахс сифатида халқаро қидирувга ҳам берилган. Боз устига, 2015 йилда Ливия суди чиқарган ўлим ҳукми ҳам ҳали бекор қилинмаган.
Президентлик сайловида қатнашиш учун аввало ҳуқуқий чекловларни бекор қилиш керак бўлади. Бу эса хамирдан қил суғургандек осон кечмаслиги аниқ.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter