Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мўғулистонда янги президент сайланди

Мўғулистонда янги президент сайланди

Ухнаагийн Хурэлсух.

Ухнаагийн Хурэлсух уч ярим миллион аҳоли яшайдиган Мўғулистоннинг навбатдаги президенти этиб сайланди.

Жорий йилнинг 9 июнида бўлиб ўтган президентлик сайловларида мамлакат раҳбарлиги учун 3 та номзод, яъни Мўғулистон халқ партиясидан Ухнаагийн Хурэлсух, Демократик партиядан С.Эрдэнэ, Миллий меҳнат партиясидан Д.Энхбат кураш олиб боришди.

Бош сайлов комиссияси маълумотларига кўра, овозларни ҳисоблаш ишлари кеча ўз якунига етган. Сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган аҳолининг 59,2 фоизи иштирок этган ва у ҳақиқий деб топилган.

Мўғулистон халқ партияси раиси У.Хурэлсух 67,6 фоиз  овоз тўплаб ғалаба қозонди.

Бу галги сайловларда кузатувчи сифатида халқаро ва хорижий ташкилотларнинг 43 нафар вакиллари, 40 дан ортиқ журналистлар иштирок этишди.

Янги президентнинг инаугурация маросими қачон ўтиши номаълум. Аммо у шу ойнинг иккинчи декадасига режалаштирилмоқда.

Ўз фаолиятини ҳарбий қисмда сиёсий йўриқчи сифатида бошлаган Ухнаагийн Хурэлсух кейинчалик партияда ёшлар бўйича раис ўринбосари, парламент (Буюк Давлат Хўрали) депутати, Мўғулистон фавқулодда вазиятлар вазири, партия бош котиби бўлиб ишлаган. 2014-2017 йилларда Бош вазир ўринбосари, 2017-2021 йилларда эса Бош вазир сифатида катта шуҳрат қозонди. Икки нафар фарзанди бор.

Сайланган президент шу йил 14 июнь куни 53 ёшга тўлади.

У партия етакчиси сифатида ишлаган кезлари коммунизм қуришдан воз кечиб, демократик социализм яратиш ғоясини илгари сурган. Кейинчалик Ҳукуматни бошқарган пайтида асосий анъанавий ҳамкорлари ҳисобланган Хитой, Россия ва Корея билан яқин алоқаларни сақлаб қолган ҳолда, 2019 йилда АҚШ билан стратегик шериклик муносабатларини ўрнатди.

Ялпи ички маҳсулотни 14 миллиард долларга, олтин-валюта захираларини 5 миллиард долларга кўтара олди. Унинг Ҳукумати 2050 йилга қадар бўлган узоқ муддатли Дастур қабул қилди.

У сайловолди кампанияси чоғида ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш, суд эркинлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини қарор топтириш ва бозор муносабатларига ўтиш режасини эълон қилган эди. Бошқача айтганда, Мўғулистонни катта ўзгаришлар кутаётганига аҳоли ишонмоқда.

Таржима қилганда «жез болта» маъносини берувчи янги президент амали ўз исмига нечоғли мослигини энди давр кўрсатади.

Дилдора Шомуротова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг